Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
  • 22 Сентябрь 2017

Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига оид бир қатор долзарб қонун лойиҳалари депутатлар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қизғин баҳс-мунозараларда муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, энг аввало, хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда унинг муҳофазасини кучайтириш, шунингдек, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш ва фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя этишни таъминлашга хизмат қилади.

Бинобарин, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк унинг қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилиши лозимлиги тўғрисида киритилаётган норма инсон манфаатларини кафолатлашга тўла мос келади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар, экспертлар, тегишли вазирлик ҳамда идоралар, “Ёшлар қаноти” фаоллари ва журналистлар қатнашди.

Йиғилишда фракция ташаббуси билан киритилган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди. Унда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари устидан назорат жамоатчилик томонидан олиб борилиши акс этмоқда.

Таъкидланганидек, жамиятда демократик ислоҳотлар босқичма-босқич ривожланиб боргани сайин фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳам ортмоқда. Бу эса жамоатчилик назорати борасида махсус қонун қабул қилишни талаб этади. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда мазкур қонунни қабул қилиш бўйича кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилаётгани бунинг амалий ифодасидир.

Қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширувчи 4 та субъект санаб ўтилмоқда. Булар, авваламбор, Ўзбекис-тон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларидир. Шунингдек, унда жамоатчилик назорати натижаларини расмийлаштириш тартиби, жамоатчилик назорати субъектларининг ва давлат органларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари очиб берилаяпти. Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу ҳужжат давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати каби конституциявий норманинг амалдаги рўёбини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди.

Оила — ҳар бир инсон учун муқаддас қўрғон, фарзандларимиз баркамол вояга етадиган маскан. Уни кўз қорачиғидек асраш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бугунги куннинг ҳаётий заруратидир.

Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур лойиҳада кўзда тутилган қоидалар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда жамоатчиликнинг ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади. Айни чоғда оилавий низоларни бартараф этиш орқали уларнинг сақлаб қолинишига замин яратади.

Шунингдек, депутатлар томонидан оилавий низоларнинг оқибатларини бартараф қилишда, аввало, уларнинг олдини олишга эътибор қаратиш, бунинг учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда ушбу лойиҳада кўзда тутилаётган нормаларнинг оила мустақиллиги ҳамда муқаддаслигига оид тушунчаларни ёшлар онгига етказишдаги аҳамияти инобатга олинди. Айни чоғда ишчи гуруҳга уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида юқорида қайд этилган қонун лойиҳалари билан бир қаторда, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Лойиҳага кўра, бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжатни қабул қилишга қандай зарурат бор эди? Депутатлар муҳокама жараёнида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Адлия вазирлигига алиментларни вақтида тўламаслик ва алимент тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича келиб тушган кўплаб мурожаатлар бунга асосий сабаб бўлгани таъкидланди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Жиноят кодексининг 122 ҳамда 123-моддалари янги таҳрирда баён этилмоқда. Унда жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган алимент тўлашдан бўйин товлаш муддати уч ойдан икки ойга қисқартирилаяпти, санкциядан жарима жазо тури олиб ташланмоқда ва алимент тўлаши шарт бўлган шахс қарздорликни бартараф қилган тақдирда, жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилаётир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалар билан тўлдирилаяпти. Вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг алимент олишга бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Меҳнат кодексига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик сўндирилишини кафолатлайди. Шу билан бирга, ҳар бир бола учун энг кам алимент миқдори оширилишини таъминлайди, бу эса уларнинг моддий аҳволи ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Фракциялар йиғилишларида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциялар позицияси шакллантирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn