• 22 Сентябрь 2017

Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда

Жамиятда кечаётган туб ўзгаришлар даврида одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакат келажагига дахлдорлигини ошириш энг долзарб масала ҳисобланади. Чунки фуқаролар ислоҳотлар жараёнида бевосита қатнашса, бу саъй-ҳаракатлар турмушини янада яхшилашига ишонса, уларда ўз истиқболини кўра олсагина, давлат олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлайди, ижтимоий-иқтисодий янгиланишларда фаол иштирок этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишда фуқароларимиз юксак фаоллик, ўз гражданлик позициясини намойиш этгани боиси ҳам аслида шунда. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамиятни ривожлантиришни стратегик режалаштириш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурҳоновнинг айтишича, Ҳаракатлар стратегиясининг ўзига хос жиҳати шундаки, мамлакатимиз тарихида биринчи марта бундай мақомдаги ҳужжат умумхалқ муҳокамасидан ўтди. Эътиборлиси, жамоатчилик муҳокамаси халқимиз, экспертлар доиралари, халқаро ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлди. Жамоатчилик томонидан билдирилган 1300 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар асосида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг 41 банди тамомила қайтадан кўриб чиқилди ва халқчил ҳужжат сифатида амалиётга татбиқ қилинди.

 

Жамиятни жипслаштирган ўзига хос мафкура

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида алоҳида қайд этилганидек, дастлабки сарҳисоблар давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтларининг Давлат дастурини самарали амалга оширишга қаратилган кучлари, шу жумладан, хорижий мутахассислар ва халқаро экспертларни фаол жалб қилган ҳолда чинакам жипслашганлигини кўрсатди.

Ҳозирги кунда Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини ривожлантиришга қаратилган 700 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бошқача айтганда, бу кунига 2-3 тадан Фармон ва қарор қабул қилинди, деганидир. Албатта, ҳамма соҳада ва барча жойда иш силлиқ кетаётгани учун  эмас, аксинча, кундалик турмушда муаммолар кўплиги ва уларни ҳал қилиш зарурати шундай қизғин жараённи тақозо этмоқда.  

Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида замонавий талаблар ҳамда устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди. 20 та давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилди. Бунда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида иш тутилди.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида эса солиқ тизими ислоҳ қилинди, ҳалол солиқ тўловчилар — хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари берилиши назарда тутилди. 

Ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 13 минг 339 та лойиҳа амалга оширилди. 2,1 трлн. сўм кредит ўзлаштирилди. 10 та эркин иқтисодий зона, 5 та кичик саноат зонаси ташкил қилинди. “Peugeot” ва “Citroёn” бренди билан енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича завод барпо этилмоқда. Халқаро валюта жамғармасининг Альберт Егер раҳбарлигидаги миссияси баёнотида қайд этилишича, Ҳаракатлар стратегиясининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши иқтисодиётнинг иш ўринларини яратиш ҳамда барқарор ўсишни таъминлаш қобилиятини сезиларли даражада юксалтириш имконини беради.

Масалан, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси учун 50 гектар ер майдони  ажратилиб, 25 та лойиҳа бўйича ишлар бошлаб юборилди. Шундан саккизтаси автомобиллар учун бутловчи  қисмлар тайёрлашга қаратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки “GM Uzbekistan” автомобиль заводининг  филиали Ҳазорасп туманида фаолият кўрсатаётган бўлиб, бугунги кунда бу  ерда “Damas”, “Labo” ва “Оrlando” русумида йилига 72 мингта автомобиль ишлаб чиқарилади. Бу, айтиш мумкинки, нафақат туман, балки бутун вилоят иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаяпти. Шунинг учун завод фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

Таъкидлаш керакки, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасидаги янги ишлаб чиқариш қувватлари  учун алоҳида имтиёзлар мавжуд. Ундан оқилона фойдаланаётган тадбиркорлар ҳозирги пайтда енгил саноат, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати ва тиббиёт соҳасига оид истиқболли лойиҳалар устида ҳам жадал иш олиб бормоқдалар. Ушбу саъй-ҳаракатлар тез орада ўз самарасини кўрсатиши, янги саноат ҳудудида қандолат, маиший техника, шифер ва темир-бетон маҳсулотлари каби қўшимча қийматга эга товарлар тайёрлана бошлаши кутилаяпти.

Келгусида “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини кенгайтириш, бунинг учун қўшимча равишда 500 гектаргача ер ажратиш мўлжалланмоқда. Сабаби, яна ўттизга яқин ташаббускорлар мазкур ҳудудда фаолият бошлашга тайёр турибди. Улар маҳаллий хом ашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш орқали ички ҳамда ташқи бозорларда талаб юқори бўлган тикувчилик ва чарм-атторлик маҳсулотлари, оёқ кийимлар, сув тозалагич ҳамда газ ҳисоблагичлар, автомобиллар учун тиркамалар, антифриз, пенопласт, ламинат панеллар, тиббиёт буюмлари, болалар учун сут маҳсулотлари каби минтақа учун янги бўлган товарлар тайёрлашга аҳд қилишгани қувонарлидир.

 

Ҳаммаси инсон манфаатлари учун

Ҳаракатлар стратегиясида йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий йўналиш ва таълим тизимидаги объектларни капитал таъмирлаш, арзонлаштирилган уй-жойлар қурилишига доир дастурларни рўёбга чиқаришга урғу берилган. Бинобарин, одамларимиз табиати шунақа. Улар мамлакатда кечаётган ислоҳотларга, аввало, ўз турмуши яхшиланиши, маҳалласидаги муаммолар ҳал бўлишига қараб баҳо беради. 

Шуни қайд этиш керакки, ижтимоий соҳада фақатгина жорий йилнинг биринчи ярмида 2,7 минг км. автомобиль йўллари қурилди ва таъмирланди, 84 минг 300 та иш ўрни яратилди. 2017 — 2020 йилларда шаҳарларда энергия жиҳатидан самарадор ва арзон кўп квартирали уйларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 50 минг 286 та хонадондан иборат 1 минг 136 та кўп қаватли уйларни, бундан ташқари, қишлоқ жойларда -намунавий лойиҳа асосида 75 минг тураржойларни қуриш мўлжалланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссия аъзоси З. Низомхўжаевнинг қайд этишича, айни йўналишда белгиланган вазифалар ижроси изчил мониторинг қилиб борилаяпти. Комиссия ҳузурида тузилган ишчи гуруҳлар аҳоли бандлиги ҳамда реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни бажариш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, таълим ҳамда фан соҳасини тараққий эттириш бўйича “йўл хариталари” асосида қизғин иш олиб бормоқда. 

 

Соатингизни тўғрилаб олинг

Ҳаракатлар стратегияси яқин истиқболда юртимизни тараққий эттириш модели саналади. Ҳар йили унинг қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида давлат дастурлари қабул қилинади. Шубҳасиз, дастур ижросини сўзсиз таъминлаш, ҳар бир банднинг амалий рўёбига эришиш жуда муҳим. Шу сабабли фармойишда навбатдаги ислоҳотларни сифатли ва олдиндан режалаштириш учун 2017 йил якунлари бўйича эришилган натижаларни чуқур ўрганиш ҳамда пухта таҳлил қилиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 2017 йилнинг август-сентябрь ойлари давомида статистик ва бошқа маълумотлар йиғилиб, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда барча даражадаги давлат органлари фаолиятининг натижалари ўрганилади. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий доира вакиллари ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, давра суҳбатлари, сўровлар, эксперт ҳамда жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда. Шу йўл билан Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижалари тизимли таҳлил қилинади. 

А. Бурҳоновнинг билдиришича, фармойиш талабларидан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегияси оддий одамларга қандай наф бераётгани ўрганилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий ва хорижий экспертлар билан ислоҳотларнинг бориши таҳлил қилинаяпти. Бу ишларга бежиз ҳозирдан киришилмаяпти. Чунки кейинги йил Давлат дастурини ишлаб чиқишда жорий йилги таҳлиллар, хулосалар аҳамияти жуда муҳим. Бошқача айтганда, соат миллари тўғрилаб олинади. Бугунги кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан келгуси йил дастурига таклифлар йиғиш ишлари бошлаб юборилди.

Шуни қайд этиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар ҳам фақат кенг жамоатчилик билан дастлабки муҳокама ўтказилганидан кейин кўриб чиқилади.

Варшава университети Сиёсий фанлар институти профессори, “Сиёсий тадқиқотлар” журнали муҳаррири Я. Залешнийнинг фикрича, Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли ислоҳотлар дастури бўлиб, мазкур ҳужжат Ўзбекистонни ривожлантиришнинг барча қиррасини қамраб олган. Мамлакатда таъминланган сиёсий барқарорлик туб ўзгаришларни амалга оширишдаги -муваффақиятларнинг кафолати ҳисобланади.

Бугун қатъий ишонч билан айтамизки, Ҳаракатлар стратегияси энг устувор мақсад — инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, халқимизнинг орзу-умидларини юзага чиқариш йўлида дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.