Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди
  • 22 Сентябрь 2017

Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди

Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида турли масалаларга оид 200 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Улардан 39 тасига бевосита эфир вақтида жавоб берилди.

Миллий матбуот марказида Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат персоналлаштириш маркази вакиллари иштирокида бўлиб ўтган брифингда мурожаатлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Таъкидланганидек, Президентимиз фармойиши билан доимий фаолият юритувчи Идоралараро ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибига Ташқи ишлар, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси вакиллари киритилди.

Ушбу тузилма консуллик-ҳуқуқий масалалари бўйича мурожаатларни ҳар томонлама ўрганиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш ҳамда муҳофаза этиш бўйича холис ва ўз вақтида қарор қабул қилишга доир ишларни мувофиқлаштириб боради.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари А. Ходжаевнинг билдиришича, янги таҳрирдаги Консуллик устави лойиҳаси Ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилган. Мазкур ҳужжат чет элда қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари томонидан молиявий-моддий ёрдам кўрсатиш, консуллик мансабдор шахсларининг фуқаролар мурожаатларини тегишли тартибда ўз вақтида кўриб чиқиши борасида масъулиятини ошириш мақсадини кўзлайди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан консуллик муассасаларини кенгайтириш, жумладан, Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхона фаолиятини ташкил этиш масаласи ҳал қилинаяпти. Ўзбекистоннинг Екатеринбург, Владивосток ҳамда Қозонда яна учта консуллик муассасасини очишга Россия томонидан расмий розилик олинди. Мамлакатимизнинг Остонадаги элчихонаси биноси қурилиши бошланди.

Ички ишлар вазирлигининг тасдиқланган иш режасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш белгиланган. 2016 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги кунгача Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш бўйича 835 нафар шахснинг аризаси қаноатлантирилди.

Брифингда ахборот берилишича, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг 200 дан ортиқ ҳудудий бўлинмалари, Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси, мамлакатимизнинг чет эллардаги 44 та ваколатхонасида янги намунадаги хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ҳамда бериш юзасидан шарт-шароитлар яратилмоқда.

Эльвина МУСТАФИНА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn