• 20 Сентябрь 2017

Ўзбекистон минтақада прагматик сиёсат олиб бормоқда

 

Шу йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи билан борди.

9 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Тошкентда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжуни қабул қилди ҳамда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун уни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

9-10 сентябрь кунлари эса Ўзбекистон раҳбари яна бир қўшни мамлакат — Қозоғистонда бўлиб, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида иштирок этди, Афғонистон, Туркия ҳамда Эрон раҳбарлари билан самарали учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Президентининг бундай тиғиз ташқи сиёсий фаолияти Марказий Осиёдаги минтақавий жараёнларга сифат жиҳатидан бутунлай янгича руҳ бағишламоқда. Шубҳасиз, бу Марказий Осиё минтақасининг барқарор ва жадал суръатларда ривожланиши учун қулай шароитларни яратишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Авваламбор, Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг энг йирик давлати. Мамлакат аҳолиси ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаги 20 миллиондан бугунги кунда 32,5 миллион нафардан ошди ҳамда минтақа нуфусининг қарийб ярмини ташкил қилаяпти. Ўн бир йилдан зиёд вақт давомида мамлакат иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Халқаро молия институтлари 2017/2018 йилларда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,4 фоиздан зиёд ўсишини прогноз қилишаяпти. Таъбир жоиз бўлса, Марказий Осиё аҳолисининг ярми ана шундай юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт билан “таъминланган”.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари 2017 — 2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини умумхалқ муҳокамасидан сўнг қабул қилиш билан жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳасини модернизациялаш, молия, пул-кредит, инвестиция ҳамда савдо-иқтисодий соҳаларни либераллаштиришга қаратилган улкан ислоҳотларни олиб бормоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистон минтақанинг барча давлати, жумладан, Афғонистон билан умумий чегарага эга бўлган ягона давлат саналади. Шунинг учун ҳам халқаро доирада юртимиз Марказий Осиёнинг энг муҳим мамлакати сифатида тан олинади. Минтақадаги хавфсизлик ва барқарорлик кўп жиҳатдан Ўзбекистон олиб бораётган ички ҳамда ташқи сиёсатга боғлиқ.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили сайловолди кампаниясида Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор йўналиш бўлишини эълон қилгани бежиз эмас. Президентимизнинг умумхалқ сайловидан сўнг илк ташрифлари айнан минтақадаги қўшни мамлакатларга — Туркманистон ва Қозоғистонга амалга оширилди. Қирғизистон эса Ўзбекистон раҳбари ташриф буюрган учинчи қўшни давлат бўлди.

Қирғизистон Республикасига ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев икки мамлакат ўртасида барча соҳада алоқаларни янада кенгайтириш масалалари ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Олий даражадаги музокаралар натижалари Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатлари барча йўналишда янги босқичга чиққанини кўрсатди.

“Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ташрифи натижалари сўнгги йигирма йилдан ортиқ давр ичида мислсиз, томонларнинг эътироф этишича, тарихийдир. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ҳамда Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Бундан ташқари, 2017 йилнинг ўтган даврида икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиз ўсиб, 150 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Музокараларда мазкур кўрсаткични яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Икки давлат раҳбарлари “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” темир йўли магистрали лойиҳаси қисқа муддатларда амалга оширилишидан томонлар манфаатдор эканини таъкидлади. Бу минтақада ички товар айланмасининг ўсиши ҳамда Марказий Осиёнинг “Шарқ — ўарб” йўналиши бўйича манфаатли транзит бўғини сифатидаги жозибадорлигини ошириши айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, Тошкент ва Бишкек “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” янги автомобиль йўлагини барпо қилиш учун барча саъй-ҳаракат ишга солинишини маълум қилди. Бу лойиҳа минтақа ҳамда давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни сезиларли даражада кенгайтиришга имкон беради ва уларнинг иқтисодий тараққиётига қўшимча суръат бағишлайди.

Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши, бир томондан, Осиё — Тинч океани минтақаси мамлакатлари, авваламбор, -Хитой, иккинчи томондан, Европа ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларини энг яқин йўллар билан боғлаш бўйича стратегик имкониятларни очади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Хитойнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан 2016 йилда қисқа муддатларда Қамчиқ довонидаги темир йўл тоннели ишга туширилди. Мазкур лойиҳа келажакда халқаро транспорт коммуникациясининг энг муҳим таркибий қисмига, “Буюк Ипак йўли иқтисодий йўналиши” лойиҳаларидан бирининг узвий бўлагига айланиши кўзда тутилган.

Шубҳасиз, бу Марказий Осиёнинг барча мамлакати тараққиётига янги туртки бўлиб, узоқ истиқболда минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг асосий омилига айланади. Эътиборлиси, бундан Марказий Осиё мамлакатларининг Туркия, Эрон сингари ҳамкорлари ҳам манфаатдордир. Улар Марказий Осиёни Хитой ва Осиё — Тинч океани минтақасининг жадал ривожланаётган бозорларига олиб чиқадиган энг қисқа йўл — табиий кўприк сифатида кўришади.

Ботир ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари.