Ўзбекистон — БМТ: барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик
  • 18 Сентябрь 2017

Ўзбекистон — БМТ: барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик

Хабар қилинганидек, 18 — 20 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ишида иштирок этиш учун Нью-Йоркда бўлади.

Ҳар йили ўтказиладиган умумий музокаралар 19 сентябрда бошланади ҳамда 28 сентябрга қадар давом этади. 72-сессия “Диққат марказида инсонлар: барқарор сайёрада ҳамма учун тинчлик ва муносиб ҳаётга интилиш” шиори остида ўтади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистонга умумбашарий тинчлик ҳамда хавфсизликни, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммолари ҳал қилинишини ва атроф-муҳит муҳофазасини қўллаб-қувватлайдиган универсал халқаро тизим сифатида қарайди. Бундан ташқари, БМТга аъзолик мамлакатимизга дунёнинг глобал даражадаги кун тартибида янада фаол қатнашиш, тинчлик, тараққиёт ҳамда ҳамкорлик мақсадларини илгари суриш, замонамизнинг жаҳон ва минтақа аҳамиятига молик қатор мураккаб муаммоларини ҳал этиш имконини беради.

Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсати, унинг баҳс ҳамда қарама-қаршиликлар дипломатия йўли билан ҳал қилинишини кўзлаши БМТ фаолияти билан ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолият Концепциясидаги асосий вазифалардан бирини амалга ошириш, яъни Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳудудига айлантириш юзасидан давлатимиз қабул қилаётган чора-тадбирлар БМТ томонидан юқори баҳоланмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг жорий йил 10 июнь куни мамлакатимизга буюрган ташрифи Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ўзаро муносабатларида муҳим воқеа бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Антониу Гутерриш билан Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш юзасидан томонларнинг самимий интилиши ҳамда ўзаро манфаатдорлигини яққол намоён этди. Шу билан бирга, ташриф чоғида юқори мартабали меҳмон мамлакатимизда кечаётган ўзгаришларнинг бориши, Орол денгизи ва унинг акваториясида экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Антониу Гутерриш Ташкилотнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун каби Оролбўйи ҳудудида бўлиб, бир пайтлар гуллаб-яшнаган минтақа қандай аҳволга тушиши мумкинлигидан ҳайратланди. Мўйноқда одамлар билан учрашар экан, БМТ Бош котиби мавжуд масалалар тезда ҳал қилиниши зарурлигини таъкидлади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, БМТ Амударё ҳамда Сирдарё бўйича иккита конвенция лойиҳаларини тарқатди. Улар минтақа мамлакатлари ўртасида сув соҳасидаги конструктив ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни яратади. Ўзбекистон томони бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва мазкур ҳужжатлар бўйича музокаралар жараёнларида қатнашишга тайёрдир.

Мустақил ривожланишнинг 26 йили давомида Ўзбекистон мамлакат ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олган кенг кўламли ўзгаришларнинг самарадорлиги боис жаҳон майдонида ҳақли равишда обрў-эътибор қозонди. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат -Мирзиёев юритаётган сиёсат Бирлашган Миллатлар Ташкилотида юқори баҳоланмоқда. Ҳозирги шароитда ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш, диний қадриятларни қайта тиклаш, ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш борасида мамлакатимиз орттирган тажрибага замонавий дунёда жуда катта эҳтиёж мавжуд.

Бу фикрни қуйидаги далиллар ҳам тасдиқлайди: Ўзбекистонда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси бўйича Давлат дастурининг амалга оширилиши, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ислом динининг туб моҳияти ҳамда мазмунини сақлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чора-тадбирлар, Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти — маҳалла ҳақидаги маълумотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Бош Ассамблея 71-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг БМТ агентликлари билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашаётгани кузатилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Петко Драганов (икки маротаба), БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн (республикамизнинг ушбу ташкилот билан ўзаро ҳамкорлиги тарихида биринчи марта) Ўзбекистонга келдилар.

Айни пайтда 2015 йилнинг сентябрида БМТ Саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши бўйича умумбашарий миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни Ўзбекистон тўла қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, мамлакатимиз БМТнинг Ўзбекистон тараққиётига кўмаклашиш бўйича доиравий дастури (ЮНДАФ) бандларининг амалиётга жорий қилиниши масаласига жиддий эътибор қаратади. Шуни қайд этиш керакки, ЮНДАФ ва Барқарор ривожланиш мақсадларидаги вазифалар давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.

Антониу Гутерриш ўзининг диёримизга ташрифи якунлари юзасидан Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида республикамиз раҳбариятининг мамлакатни янада ривожлантиришнинг 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида акс этган интилишларига юқори баҳо бергани бежиз эмас. БМТ Бош котиби таъкидлаганидек, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси ва Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш Кун тартибининг муштарак жиҳатлари кўп. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун асос бўлиши мумкин.

Ўзбекистон БМТдаги аъзолигининг чорак асри давомида қатор йирик халқаро ташаббусларни илгари сурди. Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо қилиш, афғон можаросини БМТ шафелигида тинч музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этиш, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларига барҳам бериш ҳамда Оролбўйида экотизим инқирозини бартараф қилиш ташаббуслари бутун дунёда ўз эътирофини топди.

Шу ўринда 2010 йилнинг апрелида БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг мамлакатимизга буюрган ташрифи чоғида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ ва ШҲТ Котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланганини ҳам ёдга олиш ўринли бўлади. Шу тариқа икки бирлашманинг расмий ҳамкорлиги бошланди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан туриб илгари сурган ташаббуслари замонавий дунёнинг бугунги реалликларига тўла жавоб беради. Шу боисдан ҳам улар жаҳонда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси кун тартибига асосий бандлардан бири сифатида киритилгани Ислом Каримов нафақат мамлакатимизда, балки минтақамиз ҳамда жаҳонда тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишига улкан ҳисса қўшганининг тасдиғи бўлди.

Умуман олганда, ишонч билан айтиш мумкинки, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузини ошириш ҳамда унинг салоҳиятини мустаҳкамлашга, Ташкилот Низомида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Самарали ҳамкорликнинг 25 йили давомида орттирилган қимматли тажриба эса БМТнинг энг муҳим ҳужжатларида акс этган юксак мақсадларга эришилишига хизмат қилиши муқаррар.

Д. АТАХАНОВА.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn