Судьяларга холис баҳо берилади
  • 16 Август 2017

Судьяларга холис баҳо берилади

Президентимиз жорий йил 13 июнда судьялар корпуси билан бўлиб ўтган учрашувда одил судловни рўёбга чиқаришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтди ҳамда мамлакатимиз суд тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқ белгилаб берди.

Ўтган даврда ана шу вазифалар ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил 6 июлда судьяларнинг Ўзбекистон халқига мурожаати қабул қилинди. 

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида мазкур Мурожаат матни ҳамда фуқароларнинг суд фаолиятига доир фикрлари учун махсус қутини ўрнатиш муносабати билан ташкил этилган маросимда шулар хусусида сўз юритилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Судьялар олий кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда кенг жамоатчилик  вакиллари қатнашди. 

Қайд этилганидек, юртимиздаги ҳар бир суд биносига Мурожаат матни ва муҳрланган қутилар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бу юқори самара бериши шубҳасиз. Зеро, бу ерга келиб, унинг матни билан танишган ҳар бир фуқаро адолатли суд қандай бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Суд биносидан чиқаётиб эса судьялар фаолияти, улар ўз зиммасидаги мажбурият ва масъулиятни қандай бажараётгани ҳақида муносабатини ёзма равишда қутида қолдириши мумкин бўлади.

Қутилар ҳар ойда бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирокида очилади ҳамда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари асосида судьялар фаолиятига холис ва адолатли баҳо берилади. 

Анжуманда Мурожаатда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди. Жумладан, Олий суд Раёсати қарорлари билан суд амалиётини такомиллаштириш, суднинг очиқлиги, судьяларнинг касб малакаси ва маънавиятини юксалтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмай келаётган, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган 214 та жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар қуйи судлардан Олий ва вилоят судлари иш юритувига олинди ва кўриб чиқилди. 

Судлар томонидан кейинги икки ойда 745 нафар шахс суд залининг ўзида озод қилинди, 2 минг 369 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, бир минг 490 нафарининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 28 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди ҳамда минг нафардан зиёд шахсга тергов органи томонидан ортиқча қўйилган айблов чиқариб ташланди.

Бундан ташқари, 45 мингдан зиёд иш сайёр судларда  кўриб чиқилди. Судьялар томонидан аҳоли ўртасида 1 минг 230 та очиқ мулоқот ўтказилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида 327 нафар суд раиси фаолияти юзасидан ахборот берди. 

Тадбир иштирокчилари навбатдаги бу янгилик суд ислоҳотларида ўзига хос ўрин тутишини таъкидладилар.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn