XS.UZ
Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси Ватан тақдирига дахлдорлик Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади Тарбия оиладан бошланади Харидоргир маҳсулотлар сири нимада? Бурчга содиқлик қасамёди Ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди
  • 15 Август 2017

Бир-бирлари томон ташланган навбатдаги муҳим қадам

Илгари хабар берилганидек, 11 август куни Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши” мавзуидаги халқаро конференцияда минтақавий аҳамиятга молик энг муҳим масалалар юзасидан Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларнинг замонавий минтақавий сиёсати, нуқтаи назар ҳамда ёндашувларининг турли қирралари батафсил муҳокама этилди.

Анжуманнинг халқаро ташкилотлар вакиллари ва Марказий Осиё бўйича олимлар ҳамда экспертлардан иборат айрим иштирокчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирлари билан суҳбат чоғида ушбу муҳим тадбирнинг якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар. Қуйида мазкур суҳбатларнинг бир қисми ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинади.

 

Петко ДРАГАНОВ, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари:

— Кейинги вақтларда Марказий Осиёда интеграция жараёнининг жадаллашуви тамойили кузатилмоқда. Қўшни мамлакатлар билан муносабатлар мустаҳкамланишини устувор йўналиш сифатида эълон қилган Ўзбекистон бунга асосий турткини берди. Бугун ана шу сиёсатнинг ижобий натижаларини кўриб турибмиз.

Шуни қайд этиш жоизки, яқинда бизнинг муассасамиз Марказий Осиё давлатларига Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини таклиф қилди. Етакчи мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатлар замонавий халқаро ҳуқуқнинг муваффақиятларини ўзида акс эттирган. Шунингдек, уларда сув ресурсларидан фойдаланишдаги муаммолар ижобий ҳал қилинган ҳудудлар мисол сифатида келтирилган.

Бунда биз мазкур минтақанинг ўзига хослигини ҳамда оқимнинг юқори ва қуйи қисмларида жойлашган мамлакатлар манфаатларини максимал даражада ҳисобга олишга интилдик.

Албатта, бу жудаям нозик масала, бироқ биз келажакка ишонч билан қараймиз. Бундай муаммолар дунёнинг ҳеч бир жойида осонликча ҳал бўлмаган. Чунки барча субъектлар манфаатларининг келишуви узоқ давом этадиган ва мураккаб жараёндир. Шу билан бирга, биз ишлаб чиққан конвенция тайёр андоза эмаслигини ҳам таъкидлашни истардим. Биз фақат ўзимизнинг ғоя ва тавсияларимизни таклиф қилдик ҳамда ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва шарҳларини билдиришлари учун лойиҳани Марказий -Осиёнинг барча давлатига юбордик. Шуниси қувонарлики, бизнинг ташаббусимизга биринчи бўлиб Ўзбекистон ўз муносабатини билдирди. Унинг нуқтаи назари ижобийдир. Ҳозирги пайтда бошқа мамлакатларнинг ҳам муносабат билдиришларини кутаяпмиз. Агар биз сув масаласи сиёсийлаштирилмаслигига эриша олсак, масалани ҳал этиш йўли топилади. Бу эса, табиийки, Марказий Осиё халқларининг фаровонлигига хизмат қилади.

Минтақада кечаётган жараёнлар назарда тутилганда, конференция жуда долзарб ҳамда ўз вақтида ташкил этилган тадбир эканлиги ойдинлашади. Мазкур анжуман жорий йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича ўтказиладиган халқаро конференцияга тайёргарлик жараёнида -дастлабки босқич бўлиб қолади. Марказий Осиё доирасида турли даража ҳамда шакллардаги учрашувларнинг кўпайиши бизни қувонтиради, албатта. Зеро, бу давлатлар жаҳон майдонида умумий манфаатларини биргаликда ҳимоя қилишлари учун минтақа ўз “субъективлигини” топмоғи зарур.

 

Ҳелена ФРЕЙЗЕР, БМТ резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи:

— Ишончим комилки, яхши қўшничилик муносабатларисиз ҳамда мустаҳкам алоқаларсиз Марказий Осиё мамлакатларининг гуллаб-яшнаши мумкин эмас.

Қўшни давлатлар ўртасида мустаҳкам муносабат ва дўстона хайрихоҳликнинг йўқлиги ёки етишмаслиги тараққиётга, барқарор ривожланишга тўсқинлик қилиши тарихдан яхши маълум.

Марказий Осиё мамлакатлари маданий ҳамда савдо-иқтисодий ришталарнинг минг йиллик тарихига эга, унинг халқларини эса умумий қадриятлар бирлаштириб туради. Ушбу конференция қатор масалалар бўйича ўзаро фикр ва қарашларни алмашиш учун яхши минбар бўлиб, бу мамлакатлар вакилларининг бир-бирлари томон яна бир қадам ташлашларида яхши имконият ҳисобланади, деб ўйлайман.

Ўзбекистон БМТнинг Амударё ва Сирдарё бўйича конвенцияси қабул қилиниши тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаганини қайд этаман. Халқаро ҳамжамият номидан айтишим мумкинки, республика табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун фаол қадамларни ташлаётгани бизни ғоят қувонтиради. Минтақа учун сув масаласи долзарб, бу бойликдан оқилона фойдаланиш эса барча давлатлар манфаатларига мос келади. Ўйлайманки, мазкур битим лойиҳаси бўйича олдинда турган музокаралар катта муваффақият қозонади.

Яна шуни ҳам айтишни истардимки, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича жорий йил ноябрь ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг -бешинчи йўналиши рўёбининг мантиқий давоми бўлади. Бундай юксак даражадаги -тадбирнинг ташкил этилиши Ўзбекистон сўздагина эмас, балки амалда ҳам мазкур -дастуриламал ҳужжатдаги ушбу йўналишни амалга ошириш йўлида қатъий қадамлар ташлашга тайёр эканлигини намоён этаётганининг яхши мисоли ва тасдиғи бўлиб қолади, деб ҳисоблайман.

 

Ирина ЧЕРНЫХ, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти бош илмий ходими:

— Ўзбекистонда кечаётган жараённи бизнинг мамлакатимизда улкан қизиқиш ҳамда катта умидлар билан кузатиб боришади. Хусусан, Қозоғистон сиёсий намояндалари ва бизнес ҳамжамияти қўшни давлатдаги ўзгаришларга катта ишонч билан қарамоқда. Республика борган сари очиқ мамлакатга айланаяпти, жиддий тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётир, бошқа давлатлардан ишбилармонларни қабул қилмоқда.

Минтақавий сиёсатда Тошкентнинг фаоллиги ўсиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё интеграцияси масаласи долзарблашиб бораяпти. Минтақа мамлакатлари, шунингдек, хориж давлатлари иштирокидаги кўпгина интеграция лойиҳаларини эслаймиз. Афсуски, уларнинг аксарияти жиддий мазмун билан тўлдирилмаган эди. Бундан ташқари, ташаббуслар эълон қилинганидан сўнг амалий қадамлар ташланмади. Натижада Орол денгизини қутқариш ва Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни барпо қилиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни ҳисобга олмаганда, интеграция ташаббуслари ва дастурларининг барчаси пучга чиқди.

Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги тамойиллар боис бугун шундай палла келдики, бизлар Марказий Осиёда интеграция жараёнини аниқ-равшан мазмун билан бойитишимиз мумкин. Бундан ташқари, комил ишонч билан айтаманки, биз халқаро -муносабатларнинг субъекти бўлишимиз вақти келди: ахир тарихнинг катта қисми давомида чет мамлакатлар Марказий Осиёга фақат таъсир кўрсатиш ҳамда рақобат объекти сифатида қараб келишди. Ҳозир минтақа давлатлари ўз муаммоларини маслаҳатлашувлар асосида ўзлари ҳал эта олишлари мумкинлигини тушуниш вақти етиб келди.

 

Худоберди ХОЛИҚНАЗАР, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори:

— Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг нутқида Марказий Осиё келажаги юзасидан Ўзбекистоннинг қарашлари ҳамда қўшнилар билан муносабатларни мустаҳкамлаш истиқболларига доир қимматли маълумотлар тилга олинди. Тошкент ташаббуси билан бошланган минтақа давлатларининг яқинлашуви жараёни тарихий аҳамиятга моликдир. Узоқ йиллар давомида биринчи марта Марказий Осиёнинг барча давлати узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш, интеграцияни жадаллаштириш, юзага келган муаммоларни биргаликда ҳал этиш зарур эканлиги юзасидан якдил фикрдадирлар. Биз қанча кўп ҳамкорлик қилсак, қанча кўп мулоқот ўтказсак, сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий мураккабликларни шунчалик осонлик -билан бартараф этишимиз мумкин бўлади. Бундан ташқари, узоқ йиллар мобайнида биринчи маротаба Марказий Осиё экспертлари давлат органлари кўмагида минтақавий ҳамкорлик муаммоларини конструктив муҳитда муҳокама қилишмоқда.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёга нисбатан муносабатидаги янги йўналиши амалий ва дадил қадам ҳисобланади. Буни Тожикистон мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин: фақатгина ярим йил ичида қанча воқеа ва ўзгаришлар бўлди! Узоқ йиллар мобайнида мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон санъат усталари концерти, “Made in Uzbekistan” маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Тожик халқи бу воқеаларни катта кўтаринкилик билан қарши олди. Бизнинг қўшни давлат саноат ишлаб чиқариши, юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлашда нақадар улкан имкониятларга эга эканлигидан бизнесменларимиз ҳайратга тушдилар. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларнинг бу тарзда ўсиб бориши халқларимизга ўзаро манфаат топишлари учун имконият яратади. Ишончим комилки, бундай ажойиб ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилади.

 

Жумакадир АКЕНЕЕВ, Қирғизистон миллий университети профессори:

— Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош бўлибгина қолмасдан, улкан сиёсий, иқтисодий ҳамда интеллектуал капиталга ҳам эгадир. Мамлакат минтақадаги барча жараёнга улкан таъсир кўрсатади. Республика ўзининг саноат салоҳиятини сақлаб қолиш ва сезиларли ривожлантиришга, юқори сифатли катта номенклатурадаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эришди.

Ўтган йиллар давомида Марказий Осиёда интеграциялашувни йўлга қўйиш юзасидан бир неча маротаба қадам ташланди. Бироқ мустақил ривожланишнинг оддий бўлмаган даври мобайнида ҳар бир мамлакат, энг аввало, ўз муаммолари ва манфаатларини ўйлади, натижада самарали давлатлараро тизимни шакллантиришга муваффақ бўлинмади. Тошкентнинг фаол дипломатияси туфайли минтақа даражасидаги ҳамкорлик кучли қўшимча турткига эга бўлди. Давлатларимиз ташқаридан қандайдир “воситачиларни” жалб этмасдан туриб ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилмоғи лозим. Сиёсий ирода ҳамда аниқ-равшан мақсадлар мавжуд экан, биз ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосланган шерикликни йўлга қўйишга қодирмиз. Шу муносабат билан мен 11 августда бўлиб ўтган Тошкент конференцияси Марказий Осиё интеграцияси шаклланишида янги босқичнинг ибтидоси сифатида тарихда қолишига умид қиламан.

«Жаҳон» АА.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+