Бухоро — Лебап: Дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
  • 15 Август 2017

Бухоро — Лебап: Дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи

Жорий йилнинг 6-7 март кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиши дўстона -муносабатларнинг янгича мазмун билан бойишига хизмат қилди.

Хусусан, мустақиллик йилларида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда ўрнатилган ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш имконини берди. Қардош туркман халқи вакилларидан иборат Лебап вилояти делегациясининг Бухоро вилоятига ташрифи ҳам бунинг тасдиғидир.

Делегация аъзолари Туркманистон билан чегарадош Олот туманида тантанали тарзда -кутиб олинди. Меҳмонларнинг дастлабки манзили Жондор туманидаги “Яккатут дон” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Улар вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш объектларидан саналган мазкур корхонада нон маҳсулотлари тайёрлашнинг замонавий технологиялари билан танишди.

Қардош халқ делегацияси учун вилоят ҳокимлигида учрашув ташкил этилди. Унда Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев ҳамда Лебап вилояти ҳокими 

Ч. Чарлиев сўз олиб, турли жабҳаларда амалга оширилиши кўзда тутилаётган ҳамкорлик алоқалари ҳар икки давлат тараққиётига хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу муассаса “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган -тамойилнинг амалдаги ифодаси сифатида қисқа муддат ичида эл-юрт ишончини қозониб улгургани алоҳида эътироф этилди.

Бухоро — азиз-авлиёлари, буюк алломалари билан дунё эътирофи, эҳтиромига сазовор бўлган муқаддас замин. Қардош миллат вакиллари Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ҳам бўлдилар. Муборак манзилда азиз-авлиёлар руҳига Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг меҳмонлар Когон, Бухоро, Вобкент, Ромитан туманларидаги фермер хўжаликлари, шунингдек, “Бухоро” халқаро аэропорти, “Кнауф гипс Бухара”, “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

— Бир дарёдан сув ичиб келаётган халқмиз, — дейди делегация аъзоси, тадбиркор Саламат Ҳусаинова. — Қардошлик, дўстлик алоқаларимиз илдизи минг йилларга бориб тақалади. Биз  яхши қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланаётганидан жуда хурсандмиз. Қадимий Бухорога қилган сафаримиз биз учун унутилмас воқеа бўлди. Юртингиз ишбилармонлари билан  самимий суҳбатлашдик. Улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадидамиз.

Меҳмонлар, шунингдек, кўҳна Бухоронинг қадимий обидаларини томоша қилдилар. Улар учун Нодир Девонбеги мадрасаси ҳовлисида байрам дастури намойиш этилди. Ҳар икки халққа тушунарли тилларда янграган куй-қўшиқлар, миллий либослар кўргазмаси тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn