Сиёсий партиялар: Янгича ёндашув ва устувор йўналишлар
  • 09 Август 2017

Сиёсий партиялар: Янгича ёндашув ва устувор йўналишлар

Шу кунларда мамлакатимиз сиёсий партиялари марказий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда.

Уларда давлатимиз раҳбарининг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаcидан келиб чиққан ҳолда, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинаяпти.
Эътиборлиси, ушбу йиғилишлар тегишли партия фаоллари ва депутатлар учун жойлардаги ҳақиқий ҳолат юзасидан очиқ фикр алмашиш ҳамда кун тартибидаги масалаларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини баён этиш майдонига айланмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгашининг пленумида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, марказий кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари қатнашди. Уни партия марказий кенгаши раиси Ҳ. Кетмонов олиб борди.
Таъкидланганидек, фуқаролик жамиятининг муҳим институти — сиёсий партиялар қонун ижодкорлиги такомиллашуви ва қонунчилик талаблари бажарилишида фаоллик кўрсатиши ҳаётий заруратдир. Бинобарин, улар фуқароларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, одамларни ўйлантираётган, қийнаётган муаммо ва  масалаларни ҳал қилиш борасида ҳуқуқ ва ваколатларга эга. Бироқ электорат билдирган ишончни оқлаш, парламент ва депутатлик назорати институтлари самарадорлигини ошириш каби ўта муҳим масалаларда партияларнинг “мудроқ”лиги Президентимиз томонидан танқид қилингани барчани янада ҳушёр бўлишга ундади.
ХДП марказий кенгаши пленумида партия фаолиятида ҳам қатор муаммо ва камчиликлар борлиги айтиб ўтилди. Партия сайловолди дастуридаги ваъдаларни бажариш, партия электорати бўлган пенсионерлар турмуш шароитини яхшилаш ва уларни дори-дармон билан таъминлаш, ногиронларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, Мурувват, Саховат, Меҳрибонлик уйлари фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш борасида эътирофга арзийдиган натижалар қўлга киритилмади.
Мавжуд муаммолар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган амалий чораларни кўриш, долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини мунтазам равишда билдириб бориш муҳим экани қайд этилди. Қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлашга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, муайян қонуннинг ижросини назоратга олиш амалиётини, партиянинг аҳоли билан тизимли мулоқотини йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Пленумда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларига алоҳида вазифалар белгиланди. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳларининг ижрочи котиблари лавозимлари жорий этилди. Ижрочи котиблар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича маҳаллий Кенгашлар ҳамда партия гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган иш режаларининг ижросини мунтазам мониторинг қилиб боради.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши пленуми ҳам танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтди. Унда партия марказий кенгаши раиси С. Отамуратов ва бошқалар Президентимиз томонидан сиёсий партиялар фаолиятига нисбатан билдирилган қимматли фикрлардан зарур хулоса чиқарган ҳолда, партиянинг ғоявий ва мафкуравий дастурларини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга партиянинг позициясини аниқлаштириш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш чораларини кучайтириш лозимлигига урғу бердилар.
Пленумда партия фракцияси ва депутатлик гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш юзасидан янги тизим яратилганлиги маълум қилинди. Унга мувофиқ, марказда фракция, ҳудудларда партия гуруҳлари томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органлари доирасини аниқлаш, уларнинг ҳисоботи ва ахборотини тегишли фракция мажлисларида эшитиб бориш, камчиликларини аниқлаш ҳамда раҳбарларнинг ўз лавозимига нолойиқлиги юзасидан асосли маълумот ва таклифлар киритиш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, халқ билан доимий мулоқотни амалга ошириш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказиш, партия вилоят кенгашлари раҳбарларининг туманларда, марказий кенгаш раҳбарларининг вилоят ва туманларда сайёр қабулларини изчил ташкил қилиш билан боғлиқ режалар ишлаб чиқиш зарур.
Пленумда партиянинг “Ёшлар қаноти” фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Ёшлар қаноти”нинг хорижга чиқиб кетган, диний оқимларга кирган ҳамда уюшмаган ёшлар билан мулоқоти қониқарсиз экани танқид қилиниб, ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш мақсадида ҳудудий партия ташкилотлари тузилмасига ўзгартиришлар киритилиши қайд этилди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари маърузаcидан келиб чиқиб, партияда кадрлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш, ходимлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, партия ҳудудий кенгашлари моддий-техника таъминотини янада яхшилаш борасида вазифалар белгиланди.
Партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш масаласини муҳокама қилиш чоғида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳининг ижрочи котиби лавозимини жорий этиш, депутатларнинг партия ташкилотлари ва ўз сайловчилари билан доимий мулоқотини йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда партия гуруҳи ва ташкилотлари ролини кучайтириш, бу борада жойларда “марказ — вилоят — туман” тартибида ишлайдиган янги тизимни қўллаш зарурлиги таъкидланди.
Пленумлар якунида Президентимиз маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг чора-тадбирлар дастурлари қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn