XS.UZ
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди Ижод аҳлига юксак эътибор Мусиқий таълимда ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди Болалик олами Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиёт асоси Судьяларга холис баҳо берилади Қаҳрамонлар — орамизда «Ўз билимим билан ўқишга кирдим» Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 50000 сўм бўлган пул белгиларини муомалага чиқариш тўғрисида Одамларни ҳаётдан рози қилиш —  ислоҳотларнинг асосий мезони Бир-бирлари томон ташланган навбатдаги муҳим қадам Ўзбекистон — Жанубий Корея: АКТ соҳасидаги алоқалар ривожланмоқда Қонун лойиҳалари муҳокамасида асосли таклифларга эътибор қаратилмоқда Бухоро — Лебап: Дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи Банкоматлардан нақд пул олиш имконияти яратилди Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл Юртдан-юртга, дилдан-дилга ўтгувчи мўъжиза, бу — санъат Ўзбекистон — чемпионлар Ватани Мактаб ярмаркалари Мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида муҳим қадам Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида Ҳудудларни ривожлантиришда янгича ёндашув Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилади Сиёсий партиялар ғояларини қуйи бўғиндан олмоқда Одил судловга хизмат қилади
  • 19 Июнь 2017

Ўзбекистон халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда

Жорий йил 6 июнда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 35-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн “Ўзбекистон раҳбарияти инсон ҳуқуқлари бўйича ишларни тўғри йўналишда бошқариб бормоқда”, дея алоҳида таъкидлади. Бу эътироф мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида жадал суръатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга берилган яна бир муносиб баҳо бўлди.

Сўз шу ҳақда борганда, авваламбор, Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлганидан буён ўтган даврдаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ривожига тўхталиш ўринлидир.

Чиндан ҳам, мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТ нуфузини ошириш ва салоҳиятини мустаҳкамлашга, унинг Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга, хусусан, иқлим ўзгариши, ядровий қуролсизланиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш каби соҳаларга муҳим ҳисса қўшиб келмоқда. Ўз навбатида, мазкур нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатимизга тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларини халқаро доирада илгари суриш, замонамизнинг қатор энг мураккаб глобал муаммоларини ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиш имконини бераётир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш давлатимиз раҳбарига йўллаган хатида “БМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди, тинчлик ва тараққиёт йўлида ишончли шерик сифатида мамлакатингиз билан ҳамкорликни давом эттиради”, деб қайд этгани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, БМТ юксак мартабали раҳбарларининг сўнгги ойларда юртимизга амалга оширган расмий ташрифлари Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Маълумки, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш шу йил 10 июнда мамлакатимизда бўлди. Шу куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  олий мартабали меҳмон билан учрашди.

БМТ Бош котиби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бўлиб, Орол денгизи акваториясига борди. Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”ни кўрди, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар самаралари билан танишди.

Шундай қилиб, Антониу Гутерришнинг юртимизга илк ташрифи чоғида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, глобал хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилди.

Сал олдин, аниқроғи, май ойининг биринчи ярмида Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи ҳам амалий ҳамкорликда янги имкониятлар очганини эслаб ўтиш жоиз. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Зайд Раад ал-Ҳусайн, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Омбудсман билан самарали учрашувлар ўтказди. Самарқандни зиёрат қилиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасида бўлди. Айни чоғда ҳудуддаги турли диний конфессиялар, қатор миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашди.

Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан ушбу ташриф натижалари қисқа фурсатда амалда намоён бўлди, десак, янглишмаймиз. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 35-сессиясида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистондаги ислоҳотларни юксак эътироф этди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн ўз маърузасида БМТга аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларни қандай бажараётганини танқидий руҳда таҳлил қилган. Унда келтирилишича, БМТга аъзо 193 давлатдан фақат 33 та мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон шартномавий органларга маърузалар тақдим этиш бўйича мажбуриятларини тўлиқ бажарган. 

Дарҳақиқат, мамлакатимиз парламенти ўтган даврда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 6 та халқаро шартномасини ва 4 та факультатив протоколини ратификация қилган. Ўзбекистон ушбу шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг шартномавий органларига ўз вақтида Миллий маърузаларини тақдим этиб келмоқда.  БМТнинг шартномавий органлари Ўзбекистон тақдим этган ана шу маърузаларни кўриб, ўз тавсияларини берганидан сўнг республикамизда ушбу тавсиялар бўйича ўндан ортиқ Миллий фаолият дастури қабул қилинган ва ижроси таъминланган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари маърузасида эътибор қаратилганидек, ҳар қандай давлат инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартнома иштирокчисига айланар экан, бу борадаги халқаро мажбуриятларини, энг аввало, ўз халқи олдидаги мажбурият сифатида зиммасига олиши даркор. Ушбу шартномалар юзасидан маърузалар тақдим этиш мажбурийдир. Шунга қарамай, 74 та мамлакат бундай маърузаларни ўн йил ва ундан ҳам кўп вақтдан буён тақдим этмай келмоқда. 280 та бирламчи маъруза ҳалигача тақдим этилмагани айрим давлатлар ўз сўзида турмагани, зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажармаётганини кўрсатади.

Аҳамиятлиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мазкур чиқишида “Ўзбекистонда, мен ўтган ойда Тошкентга ташриф буюрганимда, энг юксак даражадаги мансабдор шахслар Бошқармамизнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими билан ҳамкорлик қилаётганига амин бўлдим. Улар виждон ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича Махсус маърузачи ва бошқа Махсус процедуралар вакилларини ўз мамлакатига таклиф этишга ваъда бердилар. Ўзбекистон олдида ҳали ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича катта қийинчиликлар турибди, аммо мен мамлакат раҳбарияти уни тўғри йўналишда бошқариб бормоқда, деб ҳисоблайман”, дея урғу берди.

Бундан кўринадики, Зайд Раад ал-Ҳусайннинг юртимизга ташрифи Ўзбекистон раҳбарияти билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида ўзаро тушуниш ва интилишлар муштараклигини тасдиқлади.

Шубҳасиз, бугун миллий тараққиётимизда янги саҳифа очган — Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани пировардида барча жабҳада инсонпарварлик ва адолат тамойиллари устуворлигини сезиларли даражада оширмоқда. Зеро, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн таъбири билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган  Ҳаракатлар стратегияси жуда жиддий ва ёрқин дастур бўлиб, унда БМТ ғоялари, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўз ифодасини топган.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+