XS.UZ
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил ривожлантириш – халқимиз фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилидир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Халқпарвар сиёсатдан халқимиз мамнун Қонун ва адолат устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти Ҳудудларда тиббий хизмат сифати янада юксалади Тараққиётнинг янги стратегияси Замонавий ёндашув, холислик ва ҳозиржавоблик Гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди Асрлар қаъридан сабоқ Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби Ўзбекистон —  хушкайфият инсонлар мамлакати Ҳалокатга элтувчи йўл Тадбиркорликни ривожлантириш, имкониятлардан тўла фойдаланиш халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати тубдан яхшиланади Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда Маҳалла — халқчил институт Ҳаракатлар стратегияси: жамоатчилик ва оавнинг иштироки Фуқаролар осойишталиги кафолатларини кучайтириш — замон талаби Муаммоларни ҳал этишнинг самарали омили Барқарорлик пойдевори Ёшлар гиёҳвандликка қарши «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат асносида Шарқнинг ҳақиқий гўзалликларини кашф этасиз» Мўъжизакор ўсимлик Китобга боғланган кўнгил Полвонларимиз муваффақияти Ўн минг йиллик битиклар Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари Истиқлол саодати ва шукрона
  • 15 Июнь 2017

Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат самаралари

Ўзбекистон томонидан халқаро миқёсда илгари сурилган ташаббуслар ҳамда амалий таклифлар доимо экспертлар ва жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўлиб келган. Айниқса, янги даврда олиб борилаётган прагматик ҳамда тинчликпарвар ташқи сиёсат, фаол қўшничилик муносабатлари ва тенг ҳуқуқли мулоқотлар халқаро шерикларимиз ҳамда сиёсатшуносларнинг диққат-эътиборида турибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг cаммитида иштирок этиб, ташкилот фаолиятини янада кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича билдирган таклифлари халқаро доирада жуда катта қизиқиш уйғотди, юксак эътироф этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Юртимиз улкан иқтисодий ва геосиёсий салоҳиятга эга давлат сифатида унинг фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимиз ШҲТга савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим восита сифатида қарайди.

Ўзбекистон мазкур нуфузли ташкилотга уч марта раислик қилиб, унинг фаолияти мазмун-моҳиятини янада бойитишга, халқаро миқёсда нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшди.

Бугун ШҲТ халқаро майдонда мустаҳкам ўринга эга. Айниқса, Ҳиндистон ва Покистон ташкилот аъзолигига қабул қилингани ШҲТ имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва дунёда хавфсизликни, барқарор тараққиётни таъминлашда кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади. Чунки экспертларнинг фикрича, бу икки йирик мамлакатни ўз сафига қабул қилиш асносида ШҲТ терроризм билан кураш соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштиради. Улар томонидан мазкур соҳада тўпланган амалий тажриба тузилмага аъзо бошқа давлатларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари томонидан саммитда илгари сурилган ташаббус ва таклифлар ўзининг ҳаётийлиги, ташкилот фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти “уч ёвуз куч”га, яъни терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши фаол кураш олиб бормоқда. Бугун даврнинг ўзи бу каби таҳдидларга қарши курашишда илғор услуб ҳамда механизмларни ишлаб чиқиш, ташкилотга аъзо давлатларнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини кучайтириш заруратини кун тартибига қўяётир. Шу сабабли ҳам яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг ўн иккинчи мажлисида экспертлар минтақада экстремизм ва радикализмнинг ўсишига сабаб бўлаётган омиллар, уларга қарши курашиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратишган эди. Бу йўлда Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар, айниқса, маърифий ислом, динлараро сабр-тоқатлилик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ғоясини қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар эътиборга моликдир. Бинобарин, Президентимиз қайд этганидек, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб вояга етишида давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро ва маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

Мамлакатимиз раҳбари саммитда, шунингдек, ШҲТ марказлари — халқ дипломатиясининг доимий фаолият юритувчи инс-титутларини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат олиб борилиши белгиланган. Бунда, айниқса, халқ дипломатиясини фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бугун Ўзбекистон хорижий мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларида халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланмоқда. Қўшни мамлакатларга илм-фан, маданият ва ижод аҳли сафарлари уюштирилаётгани, маданият кунлари ташкил қилинаётгани, чегара ҳудудларида фуқароларнинг ўзаро борди-келдилари жадаллашаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Бу амалий ишларнинг ШҲТ доирасида ҳаётга татбиқ этилиши ҳамда институционал механизмга эга бўлиши ташкилотнинг халқчиллигини оширади, илм-фан ва маданиятлар алмашинувини рағбатлантиради.

ШҲТ маконида халқлар фаровонлигига эришиш учун иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аҳамияти жуда катта. Шу сабабли Президентимиз Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини алоҳида қайд этди.

Ташкилот доирасида транспорт-коммуникация лойиҳаларини фаол ҳаётга татбиқ қилиш, айни пайтда мамлакатимизнинг транзит имкониятларини кенгайтириш жуда муҳимдир. Айниқса, Жанубий Осиёдаги икки ўта муҳим мамлакат — Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши транспорт-коммуникация ҳамкорлигини ривожлантириш учун ҳам янги истиқболларни очади. Бу Трансафғон транспорт-коммуникация йўлагини ҳамда “Марказий Осиё — Форс кўрфази” трансминтақавий лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашади. Ушбу артериялар келажакда Жанубий ва Марказий Осиё, Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги асосий боғловчи бўғин бўлиб қолиши муқаррар. Қолаверса, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши мамлакатларимизнинг жаҳон бозорига қисқа йўллар орқали чиқиш имкониятларини кенгайтиришда алоҳида аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон бугун халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўз манфаатларини дадил ҳимоя қилган ҳолда, халқ фаровонлиги ва тараққиёт йўлида фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Буни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлиб ўтган саммити натижалари яна бир карра тасдиқлайди.

Тоҳир БАҲРОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган