XS.UZ
Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш — асосий вазифамиздир Фракцияларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижроси муҳокама этилди Хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар — тараққиёт гарови Ҳаракатлар стратегияси – халқаро нашрларда Орзулар рўёбга чиққан кун Қадимий ёзма манбалар — бебаҳо бойлик Йигирма уч миллиард сўмлик шартномалар Қонуний талаб ва амалий ечим Фарзанд — оила қувончи Битирувчилар учун муносиб таклиф Боқий меросимиз намойиши Дунёнинг энг кучли полвонлари Президент соврини учун беллашади Чинакам чиниқиш ва маҳорат мактаби, парвоз майдончаси Ўзбекистон Президенти Туркия Бош вазири ўринбосарини қабул қилди «Баркамол авлод» спорт ўйинлари қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2006 йил Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида Йилдирим Туғрул Туркеш: мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишидан манфаатдормиз Ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги Конституциявий суд фаолияти янада такомиллаштирилади Давлат бюджети ижроси депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда Улкан орзулар остонасида «Ўзбекистон фуқароси бўлиш — улкан шараф» Ўзбек миллий матолари дунё мода саноатидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда Адабиётга эътибор —  маънавиятга, келажакка эътибор Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирини қабул қилди Ташқи ишлар вазирлигида учрашув Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида
  • 24 Январь 2017

Тизимли ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Қорақалпоғистоннинг бой табиий захиралари, саноат корхоналари, фидойи ва меҳнаткаш халқи мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси, ўнлаб қўшма корхоналар иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи Қорақалпоғистон ҳаётида янги истиқболлар очди. Давлатимиз раҳбари 20 январь куни соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, таълим, қишлоқ хўжалиги соҳалари муассасаларида бўлиб, уларда яратилган шароитлар билан танишди. Одамлар билан мулоқотда бўлди. Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига ташрифининг иккинчи куни Нукус шаҳрида қуриладиган полимер маҳсулотлари заводи участкасига ташриф буюрди. Ушбу заводда йилига 8 минг тонна полиэтилен қувур, қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Замонавий технология билан жиҳозланадиган корхонада юздан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур корхона билан ёнма-ён барпо этиладиган, энергия тармоғи маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод лойиҳаси билан ҳам танишди. Бу ерда Япония, Швейцария, Италия каби мамлакатларда тайёрланган технологиялар асосида замонавий трансформаторлар, фотоэлектростанция деталлари, автоматик электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

Аҳоли эҳтиёжи учун турли товарлар ишлаб чиқариш, бизнес субъектларининг барқарор ишлаши ва ҳаёт сифатини таъминлашда кимё саноати ҳамда энергетика тармоғи алоҳида ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда ушбу соҳаларни изчил ривожлантириш, янги корхоналар ташкил этиш орқали импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур икки завод бу борадаги ишларнинг амалий самараларидандир. Уларда тайёрланадиган маҳсулотлар иқтисодиётнинг кўплаб жабҳаларида қўлланилиши, импорт ўрнини тўлдириб, экспортга йўналтирилиши билан улкан аҳамият касб этади. 

Корхоналарни мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик айёмига фойдаланишга топшириш зарурлиги, бу халқимизга муносиб байрам туҳфаси бўлиши алоҳида таъкидланди. 

Президентимиз мазкур заводлар қурилиши бошланиши билан танишди. Пудратчи ва қурувчилар билан суҳбатлашди, ушбу масъулиятли ишда уларга муваффақиятлар тилади. 

Давлатимиз раҳбари замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида реконструкция қилинган Нукус темир йўл вокзалини бориб кўрди. Бино пештоқлари миллий нақшлар билан безатилган. Кутиш зали, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси ва бошқа хоналарда йўловчилар учун кенг қулайликлар яратилган.

Президентимиз бу ерда хизмат турларини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш зарурлигини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби қурилиш участкасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони И. Юсупов қорақалпоқ ва ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган. Унинг асарлари Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, юртга фидойилик ғоялари билан йўғрилган. Шу жиҳатдан атоқли шоир ижоди ёшлар тарбиясида маънавий манба бўлиб хизмат қилади. 

Президентимиз китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни китобга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодасидир. 

Давлатимиз раҳбари мактаб лойиҳасини такомиллаштириш, хусусан, бино олдида майдон барпо этиш ва бу ерда Ибройим Юсупов ҳайкалини ўрнатиш бўйича тавсиялар берди. Мактаб базасида кичик босмахона ташкил этиб, турли адабиётларни таржима қилиб, чоп этиш лозимлиги таъкидланди. Бу бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни нашр қилиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшади. 

Президентимиз Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида ҳам бўлди. Бу ерда кўп тармоқли болалар клиникаси, ўйин майдончаси, меҳмонхона бунёд этилмоқда. Институтда ҳақиқий илмий муҳит яратиш, хориж тажрибасини ўрганиш, халқаро клиникалар билан ҳамкорликни ривожлантириш, оналар ва болалар саломатлигини самарали муҳофаза қилиш бўйича тавсиялар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида давлат органлари халққа хизмат қиладиган, барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарлар аҳоли олдида ҳисобот берадиган тизим жорий этилишини таъкидлади. Бугунги кунда жойларда ушбу тизимнинг муҳим бўғини бўлган Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Бу ерда фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этилган. Она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси ва бошқа хоналарда зарур шароитлар, ногиронлар учун алоҳида қулайликлар яратилган. 

Ҳар бир мурожаатни адолатли кўриб чиқиш ва ҳал этиш, раҳбарларнинг мурожаатлар билан ишлашини таҳлил қилиб бориш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудуди каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 2009 — 2016 йилларда ҳудуднинг 134 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 3 минг 650 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳрида 34 та кўп қаватли уй, замонавий амфитеатр, Ёшлар маркази, И. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг янги бинолари, турли спорт мажмуалари бунёд этилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Президентимиз Нукуснинг Ерназар Олакўз кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди. Режага кўра, ушбу марказий кўча кенгайтирилиб, транспорт ҳаракати учун янада қулайлик яратилади. Йўл бўйида кўп қаватли уйлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. 

Давлатимиз раҳбари Имом Эшон Муҳаммад масжидида нуронийлар билан суҳбатлашди. Унда халқимиз турмуш даражасини янада ошириш, кексаларни эъзозлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш ҳақида сўз борди. Нуронийлар Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида илк ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлагани давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳурмат-эътиборидан далолат эканини, ташриф натижалари бу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Анвар БОБОЕВ,

Анвар САМАДОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.

Сарвар ЎРМОНОВ 

олган сурат.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган