Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир
Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир Сарвар ЎРМОНОВ  олган сурат
  • 18 Ноябрь 2017

Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни пойтахтимизнинг Сергели туманида қуриб битказилган янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахтимиздаги уй-жой муаммосига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада мутлақо янги дастур қабул қилингани, унга кўра 5 йил давомида ҳар бир туманда 

20 тадан, жами 200 дан ортиқ 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли уй-жойлар қурилиши, янги мавзелар барча ижтимоий инфратузилма билан таъминланиши, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши, уйлар атрофи ободонлаштирилишини таъкидлаган эди. 

Ушбу дастурда белгиланган вазифалар ижроси доирасида қисқа муддатда юқори натижаларга эришилди. Пойтахтимизнинг Сергели туманида ана шундай янги массив пайдо бўлди. Жорий йил бошида қурилиши бошланган уй-жойлар давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қуриб битказилди. 

Давлатимиз раҳбари ўтган давр мобайнида қурилиш ишларининг бориши билан бир неча бор танишди, зарур топшириқлар берди. 

Илгари бу каби уйлар йиллар давомида қурилар эди. Бугун қурувчиларимиз бу борада етарли тажриба тўплаб, иншоотларни сифатли ва тез қуриб фойдаланишга топширмоқда. 

13 гектар майдонда 66 кўп қаватли уй-жой қад ростлаган. 1, 2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Массивда 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта таълим мактаби, 61-оилавий поликлиника, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль тураржойлари, велотрасса барпо этилган. Хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилди, янги иш ўринлари яратилди.

Бу уйларни бировларга кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфаатларини ўйлаб бунёд этмоқдамиз, деди Президентимиз. Шундай экан, биноларни замон талабларига мос қилиб қуриш керак. Уйларни сақлаш, улардан тўғри фойдаланиш ҳам бурчимиздир. Бу борада шу ерда яшовчиларнинг масъулиятини ошириш, уларда ўз уйи учун жавобгарлик ҳиссини кучайтириш лозим. 

Президентимиз янги хонадонларда бўлди. Яратилган шароитлар билан танишди, уй соҳиблари билан суҳбатлашди. Уларни янги хонадон билан табриклаб, совғалар тақдим қилди. 

Мунаввар Камолхўжаева Учтепа туманидаги 75-ўрта мактабнинг бошланғич -синфларига дарс беради. Тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғи оламдан ўтган бу фидойи ўқитувчи уй-жойга эҳтиёжи боис жорий йил бошида ариза билан туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Мазкур мавзеда қуриб битказилган арзон уй-жойлардаги хонадонлардан бири унга берилди. Бошланғич тўловини амалга оширган Мунаввар опа бугун уй тўйини нишонламоқда. 

Янги уй соҳиблари давлатимиз раҳбари билан суҳбатда яратилган шароитлардан мамнун эканини изҳор қилди. Бу каби уй-жойлар оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари ва солиқ имтиёзлари асосида берилиши аҳолининг кайфиятини кўтариб, турмуш даражасини оширишда муҳим омил бўлаётганини қайд этди. 

Бу ерга кўчиб келаётганларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам долзарбдир. Келажакда қуриладиган корхона ва ишлаб чиқариш объектлари бу уйларга яқин жойда бўлиши муҳим, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимиз келажакда қуриладиган бу каби уйларни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва топшириқлар берди. 

Сергели тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 50-шаҳар ички ишлар бўлими ҳам шу массивда бунёд этилган. Ички ишлар бўлимининг асосий вазифаси тумандаги “Бунёдкор”, “Меҳригиё”, “Ўзгариш”, “Чоштепа”, “Жўнариқ”, “Нўғайқўрғон” ва Ҳабибий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, аҳоли ўртасида профилактика тадбирларини ўтказишдан иборат. 

Бўлимда навбатчилик қисми, техник қўриқлаш маркази, тезкор вакил, суриштирувчи, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш инспектори, вояга етмаганлар ва ёшлар бўйича инспектор ҳамда маҳалла профилактика инспектори самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилган. 

Ички ишлар бўлими замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Мавзедаги кўп қаватли уйларнинг 100 дан ортиқ кириш йўлаги ва 22 гавжум жойга видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Бу ҳудудни туну кун назорат қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Президентимиз 50-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси қуйи поғонада қандай аксини топаётгани юзасидан мулоқот қилди. 

Бугунги кунда энг катта масала, бу — ички ишлар тизимининг қуйи бўғинини мус-таҳкамлашдан иборат, деди Шавкат Мирзиёев. Биз профилактика инспекторларининг яшаши ва ишлаши учун барча шароитларни яратиб бердик. Энди уларнинг салоҳиятини, маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлигини кучайтириш зарур. Бундан кейин маҳаллалардаги профилактика инспектори лавозимига танлов асосида уч нафар энг профессионал ходимдан биттаси саралаб олинади. Шундай қилсак, улар ўртасида рақобат кучаяди, одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлайдиган чинакам самарали -тизим яратилади. 

Давлатимиз раҳбари замонавий технологиялар билан таъминланган автотранспорт воситасида шубҳали шахсларнинг суратини олиш ва кимлигини аниқлаш бўйича ўрнатилган ускунанинг ишлаш жараёнини кўздан кечирди. Пойтахтимизда замонавий жиҳозланган мана шундай шаҳар ички ишлар бўлимларини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берди. 

Мазкур массивда хусусий уй-жойларга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарув компанияси иш бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ушбу хизмат кўрсатиш маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди. 

Давлатимиз раҳбари янги барпо этилган замонавий сузиш ҳавзасини бориб кўрди. 

Сузиш ҳавзасининг узунлиги 25 метр, эни 11 метр. Кунига 150 — 200 кишини қабул қилади. 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган иншоотда ёшларнинг сузиш техникасини ўрганиши ва маҳоратини ошириши учун барча шароит яратилган. -Тиббиёт ходимлари ва мураббийлар учун хоналар мавжуд. Сувни тозалаш, иситиш тизимлари, хона ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш ускуналари билан жиҳозланган. 

Юртимиз иқлим шароитига, ёз ва қиш фаслига мослаб Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан замонавий сузиш ҳавзаси қуриш керак, уларни барпо этишда сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш лозим, деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз болаларни спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга янада кенг жалб қилиш, сузиш техникасини ўргатадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди. 

Давлатимиз раҳбари 61-оилавий поликлиника фаолияти билан танишди. Уч қаватли, 250 қатновга мўлжалланган тиббиёт масканида ультратовуш ташхиси, рақамли рентген, электрокардиография, физиотерапия, клиник ва биокимё лаборатория бўлимлари, кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилган. Терапевт, педиатр, жарроҳ, отоларинголог, окулист, невролог, иммунолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. 

Оилавий поликлиникадаги асосий янгиликлардан бири, бу — беморларни навбатга ёзиш бўйича электрон тизим жорий қилинганидир. Бемор шифокор қабулига поликлиникага келмасдан туриб, интернет ёки телефон орқали рўйхатхонада ўрнатилган тизим ёрдамида навбатга киритилади. Бу ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфлашнинг олдини олади. 

Президентимиз ушбу тизимни 61-оилавий поликлиника мисолида намунавий қилиб пойтахтимиздаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларига жорий этиш юзасидан -топшириқлар берди. Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, аввало, оилавий поликлиникаларга чуқур кириб бориши, ушбу масканлар аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш бўйича фаолият юритиши, қайси касалликлар камайгани, қайсилари эрта аниқланиб -даволанаётгани бўйича мунтазам ахборот берилиши лозимлиги қайд этилди. 

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари 18-мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишди.

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимининг замонавий механизмларини жорий этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, ходимлар малакасини ошириш, уларни моддий рағбатлантириш, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

300 ўринга мўлжалланган икки қаватли муассасада 

3,7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Мусиқа, чет тиллари тўгараклари, спорт машғулотлари ўтказиладиган хоналар зарур қўлланмалар, кўргазмали қуроллар, замонавий спорт буюмлари билан жиҳозланган. Хоналарни ёритишда энергия тежамкор ускуналардан фойдаланилмоқда. 

Президентимиз мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, асосий эътиборни болаларнинг таълим-тарбиясига, тарбиячиларнинг малакасини оширишга қаратиш кераклигини таъкидлади. 

Замонавий талаблар асосида бунёд этилган 630 ўринли 55-ўрта мактабда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун барча шароит яратилган. Ёруғ хоналар, ўқув-лаборатория ускуналари, спорт зали, стадион, ошхона-буфет ва бошқа қулайликлар болаларнинг сифатли таълим олишида муҳим ўрин тутади. 

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўқитувчилар, ота-оналар, ўқувчи-ёшларнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифларини пухта ўрганиш, уларга таянган ҳолда иш кўришга тизимли ёндашилмоқда. Хусусан, аҳоли кенг қатламининг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда, янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида 10-синфлар ташкил этилди, ўқувчиларнинг интилишига қараб улар мактаб, коллеж, лицейларда таълимни давом эттириши учун кенг шароитлар яратилди. 

Маълумки, пойтахтимизнинг айрим ҳудудларида мактаб ўқувчиларнинг уйларидан узоқда жойлашган. Бу мактабга ўз вақтида бориб келиш, сифатли таълим олишга салбий таъсир кўрсатади. Мазкур массивда барпо этилган мактабда бу ҳолат билан боғлиқ барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ота-оналарнинг таъкидлашича, уйлар деразаси мактаб тарафга қаратилган бўлиб, бу болаларнинг мактабга қатнаши, танаффус пайтида ҳам уларга кўз-қулоқ бўлиб туриш учун қулайдир. 

Президентимиз мактаб билан танишар экан, таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришда бу каби лойиҳалар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. 

Шу ерда давлатимиз раҳбари Сергели тумани фаоллари, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, янги уй соҳиблари билан учрашди. Учрашувда юртимиздаги тинчлик-осойишталик, аҳолига яратилаётган шароитлар, янги иш ўринлари яратиш тўғрисида сўз юритилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Сергели туманида амалга оширилиши режалаштирилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Лойиҳалар жуда кўп ва ранг-баранг. Масалан, “Bek mega textile”, “Dara elite”, “Laura peri fashion”, “Оrchid beauty” масъулияти чекланган жамиятлари тўқимачилик -маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш, “Оriginal textile and print” 

жинси матосидан кийим, аксессуар ва фурнитуралар тайёрлаш, “Еllа” корхонаси аёллар учун пальто ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштирган. 

“Оrient confection” ва “Sladus produce” масъулияти чекланган жамиятлари қандолат маҳсулотлари, “Korton Оsiyo” МЧЖ мева-сабзавотларни қадоқлаш учун гофра қути ва лента ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқчи. “Аminovs company” корхонасининг лойиҳаси маиший техника жиҳозлари, “Сentral asia”ники эса қурилиш михлари, темир симлар ва электродлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган. 

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар ҳам талайгина. Хусусан, “Nazm-nur progress” масъулияти чекланган жамияти замонавий кардиожарроҳлик клиникаси ташкил этиш, “Global medical center” ширкати кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини кенгайтириш, “Kilpyong leaders” МЧЖ кўнгилочар боғ ва бизнес маркази қуришни мақсад қилган. 

Мазкур лойиҳалар натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, замонавий хизматлар йўлга қўйилади, юзлаб иш ўринлари яратилади.

ЎзА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn