Шавкат Мирзиёев навбатга ёзилиш учун электрон тизим жорий қилинган оилавий поликлиникага борди
  • 17 Ноябрь 2017

Шавкат Мирзиёев навбатга ёзилиш учун электрон тизим жорий қилинган оилавий поликлиникага борди

Давлат раҳбари Сергели тумани 6-А мавзесида барпо этилган 61-оилавий поликлиника фаолияти билан танишди.

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Уч қаватли, 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиникада ультратовуш ташхиси, рақамли рентген, электрокардиограф, физиотерапия, клиник ва биокимё лаборатория бўлимлари, кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилган. Терапевт, педиатр, жарроҳ, отоларинголог, окулист, невролог, иммунолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. 

Оилавий поликлиникадаги асосий янгиликлардан бири – бу беморлар навбатга ёзилиши учун электрон тизим жорий қилинганидир. Яъни бемор шифокор қабулига поликлиникага келмасдан туриб, интернет ёки телефон орқали рўйхатхонада ўрнатилган тизим ёрдамида навбатга киритилади. Бу ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфлашнинг олдини олади. 

Президент ушбу тизимни 61-оилавий поликлиника мисолида намунавий қилиб пойтахтимиздаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларига жорий этиш юзасидан топшириқлар берди. Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, аввало, оилавий поликлиникаларга чуқур кириб бориши, ушбу масканлар аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш бўйича фаолият юритиши, қайси касалликлар камайгани, қайсилари эрта аниқланиб даволанаётгани бўйича мунтазам ахборот берилиши лозимлиги қайд этилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn