• 04 Октябрь 2017

"New York Post" газетаси Ўзбекистон Президентининг учрашувлари ҳақида мақола чоп этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун жорий йил 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашди.

Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард ва Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан музокаралар самарали бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи якунлари жаҳон оммавий ахборот воситалари, жумладан, Америка Қўшма Штатлари матбуоти диққат марказида бўлиб турибди. Хусусан, "New York Post" газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг учрашувлари ҳақида мақола чоп этилди. Қуйида ушбу материал матни келтирилмоқда:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида 2017 йил 19 сентябрь куни Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) фармойиш берувчи директори Кристин Лагард билан учрашди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда Ўзбекистон ва ХВЖ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш масалаларини муҳокама қилди.

Кристин Лагард 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган иқтисодий ва таркибий ислоҳотлар муваффақиятли кечаётганини қайд этди. Ўзбекистон учун муҳим тарихий аҳамиятга эга ушбу ислоҳотлар қатъият билан, чуқур ўйланган ҳолда, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ва халқ манфаатлари ҳисобга олиниб, босқичма-босқич амалга оширилаётганини таъкидлади.

ХВЖ раҳбари Жамғарма техник ёрдам ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар тақдим этиш орқали Ўзбекистон молиявий тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ХВЖни ўзининг муҳим молиявий-иқтисодий шериги деб ҳисоблаши ва ўзаро инвестициявий алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Учрашув якунида Кристин Лагард ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун Ўзбекистон билан тегишли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида мавжуд барча имкониятларни ишга солишини билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Американинг дунёга машҳур General Motors, Boeing, General Electric, CNH Industrial, Honeywell каби қатор корпорациялари, бошқа фирма ва компаниялари муваффақиятли фаолият юритаётганига мисоллар келтирди.

«Биз АҚШнинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда, аввало, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик қувватлар яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда янада кенг иштирок этишидан манфаатдормиз. Инвестициялар ҳақида сўз юритганда, биз, биринчи навбатда, молиявий ресурслар жалб қилишга эмас, балки ташқи бозорда харидоргир бўладиган рақобатбардош товар ва брендлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган илғор технологияларни, бошқарувнинг замонавий ва корпоратив усулларини жорий этишга интилмоқдамиз», деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Кэролин Лэмм Президент Шавкат Мирзиёевга Америка – Ўзбекистон савдо палатаси фаолиятига давлат томонидан қаратилаётган эътибор ва кўмак учун миннатдорлик билдирди. Икки томонлама тадбирлар, жумладан, палата учрашувлари ва бизнес форумларини мунтазам ташкил этиш ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришга янги суръат беришини таъкидлади".