• 20 Сентябрь 2017

Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи самарали учрашув ва тадбирларга бой бўлмоқда.

НЬЮ-ЙОРК, 19 сентябрь.

ЎзА махсус мухбири Анвар САМАДОВ хабар қилади.

Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Нутқда билдирилган ғоя ва ташаббуслар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашуви бўлиб ўтди.

Президентимиз Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётгани учун Олий комиссарга миннатдорлик билдирди.

Олий комиссар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли янгиланишлар учун мустаҳкам асос бўлаётганини қайд этди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн мамлакатимиз ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) ўртасидаги амалий ва очиқ мулоқотни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга янги суръат бахш этган 2017 йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунларини юксак баҳолади. Июнь ойида парламент Бошқарма билан ҳамкорлик бўйича 90 дан ортиқ тадбирдан иборат ҳаракатлар режасини қабул қилди. ИҲОКБнинг Бишкекдаги минтақавий офиси билан фаол ҳамкорлик ривожланмоқда. Сентябрь ойи бошида ушбу офис раҳбари Ўзбекистонда бўлди. Сентябрь ойи охирида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташриф билан келиши режалаштирилган.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Шавкат Мирзиёевга 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб муаммолари бўйича халқаро анжуманда иштирок этишга таклиф қилгани учун миннатдорлик изҳор этди ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Жамғарма мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Жорий йил май ойида Ўзбекистон делегацияси Халқаро валюта жамғармасида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича учрашув ўтказди. Июль ва сентябрь ойларида Жамғарма экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, вазирлик ва идораларда иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикр алмашди.

Жамғарма фармойиш берувчи директори 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодий ва таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётгани билан давлатимиз раҳбарини қутлади.

Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора--тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, валюта муомаласида бозор механизмлари жорий этилгани соҳадаги маъмурий тўсиқларни бартараф этди, бизнес вакиллари учун тенг шароитлар яратди.

Кристин Лагард Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор эканини таъкидлади.

Учрашувда валюта ислоҳоти жараёнида давлат органлари ва тижорат банкларини қўллаб-қувватлаш, савдодаги тарифларни камайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди. Давлат бюджетини профицит билан бажариш, солиқ маъмурчилиги ва давлат статистикаси соҳасини тубдан яхшилаш, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, ташқи савдо сиёсатини эркинлаштириш каби навбатдаги вазифаларга эътибор қаратилди.

Ўзбекистон билан Халқаро валюта жамғармаси ҳамкорлигини кенгайтириш, мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали Ўзбекистон молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Учрашувда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, «Женерал Электрик» компанияси президенти Рон Полетт, «Ханивелл» компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам, «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси вице-президенти Стивен Надерни, «Дир энд Компани» компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ишбилармонларни самимий қутлаб, Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, Америка — Ўзбекистон савдо палатаси қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишнинг муҳим механизмига айланганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Кэролин Лэмм билан суҳбатда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинганини қайд этди. Мазкур ҳужжат давлат бошқарувининг янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди.

Рон Полетт билан мулоқотда Ўзбекистон билан «Женерал Электрик» компанияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, 2018 — 2025 йилларда Ўзбекистон газ транспорти тизимини техник янгилаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини амалга ошириш таклиф қилинди. Мамлакатимизда гидроэлектр станциялари қуриш, замонавий тиббий ускуналар ва ёритиш мосламалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Стивен Надерни билан суҳбатда «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўрим-йиғим, мелиорация ва йўл қурилишида қўлланиладиган, газда ишлайдиган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари эътибор марказида бўлди.

«Ханивелл» компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам билан суҳбатда ўзаро ҳамкорликда нефть-кимё ва энергетика соҳаларида юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, авиация ускуналарини етказиб бериш борасида фикр алмашилди.

Жеймс Филд билан мулоқот чоғида «Дир энд Компани» компанияси билан алоқаларни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатимизда мева-сабзавотчилик ва узумчиликда қўлланиладиган трактор ва махсус техника воситалари ишлаб чиқариш, уларнинг эҳтиёт қисмларини тайёрлашни маҳаллийлаштириш, соҳага ихтисослаштирилган тренинг маркази ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — АҚШ бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришишда катта воқеа бўлишини таъкидлади.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Ўзбекистон Республикасининг туҳфаси — Регистон майдонининг макети топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари Жен Бигл, Бош Ассамблея сессиясига келган дипломатлар, БМТ ахборот маркази ходимлари қатнашди.

Инсоният цивилизацияси бешикларидан бири бўлган мамлакатимизда илм-фан, маданият, савдо, меъморлик, ҳунармандлик азалдан ривожланган. Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган Самарқандда турли ўлкалардан келган инсонлар аҳил-иноқ яшаган. Регистон эса ана шундай қадимий ва умумбашарий шаҳарнинг бетакрор рамзига айланган. Мажмуа 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Регистон бугунги кунда ҳам дунё сайёҳларини ўзига тортмоқда. Бу ерда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали унинг довруғи ва халқлар дўстлигидаги аҳамиятини янада оширмоқда.

Регистон майдонининг макети юртимизнинг қўлигул уста ҳунармандлари томонидан ясалган бўлиб, қимматбаҳо металл ва гўзал миллий нақшлар билан безатилган.

Ўзбекистоннинг ташриф қоғози бўлмиш ушбу экспонатнинг БМТ штаб-квартирасининг энг гавжум жойларидан бирига, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилганида ўзига хос чуқур рамзий маъно бор, деди давлатимиз раҳбари. 

БМТ Бош котиби ўринбосари Жен Бигл шундай гўзал ва теран мазмунга эга туҳфа учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Маросим БМТ каналлари орқали эфирга узатилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп томонидан уюштирилган расмий қабул маросимида иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи давом этмоқда. 

ЎзА.

Сарвар ЎРМОНОВ олган сурат.