Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди
  • 19 Сентябрь 2017

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 2017 йил17 сентябрь куни Туркманистонда бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда сўнгги пайтларда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳада жадал ривожланаётгани қайд этилди. Бунда икки давлат раҳбарлари ўртасида қарор топган яқин дўстлик, ишонч ва самимият муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Президентларнинг очиқлик ва ишонч руҳида ўтган суҳбатида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, мамлакатларимиз манфаатлари муштараклиги, икки томонда ҳам кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун хоҳиш ва ирода мавжудлиги, давлатларимиз бунинг учун улкан салоҳият ва имкониятларга эга -экани таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбари мусобақада иштирок этаётган Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. 

Туркманистон Президенти ўзбекистонлик спортчиларнинг жаҳон ареналарида эришаётган ютуқларини қайд этар экан, бунга Ўзбекистон раҳбарияти томонидан яратилган шароитлар мустаҳкам замин бўлаётганини таъкидлади. 

Шу куни давлатимиз раҳбари Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди. 

Ушбу нуфузли халқаро спорт анжуманини юксак савияда ўтказиш учун Туркманистон пойтахтида пухта тайёргарлик кўрилган. Олимпия шаҳарчасида иштирокчи давлатлар делегациялари, мураббий ва спортчиларнинг яшаши, мусобақага тайёрланиши, машғулотлар ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган.

Давлатимиз раҳбари Ашхобод Олимпия стадионига ташриф буюрди. 45 минг томошабинга мўлжалланган муҳташам иншоотга кўплаб мамлакатлардан келган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Осиё олимпия кенгаши раҳбарияти, фахрий меҳмонлар, минглаб спорт ишқибозлари жам бўлган.

Ашхобод Олимпия стадионида Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бошланди. 

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Осиё ўйинлари -иштирокчиларига омад тилаб, мусобақани расман очиқ, деб эълон қилди.

Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ барчани ушбу спорт байрами билан қутлади. 

Туркман халқининг миллий қадрият ва анъаналари акс этган театрлаштирилган бадиий дастур намойиш этилди.

Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида 60 дан ортиқ мамлакатдан спортчилар қатнашмоқда. Анъанага мувофиқ, стадионга иштирокчи давлатлар спорт делегациялари кириб келди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган спортчимиз — оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Улуғбек Алимов ва Ўзбекистон делегациясини мухлислар олқишлар билан кутиб олди.

Делегациямиз таркибида 189 спортчи — жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришган тажрибали спортчиларимиз билан бирга, ёш иқтидор эгалари спортнинг 20 тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. 

Мамлакатимиз бу каби йирик халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишга қодир спортчиларни тайёрлаш борасида бой тажриба тўплаган. Жумладан, Биринчи Президентимиз томонидан асос солинган ва мунтазам ўтказиб келинаётган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш баробарида, улар орасидан халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодларни саралаб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Спортчиларимизнинг Ашхободда ўтказилаётган нуфузли мусобақага муносиб тайёргарлик кўришида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори муҳим омил бўлди.

Тантанали маросим якунида Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари машъаласи ёқилди. 

Абу Бакир ЎРОЗОВ,

ЎзА махсус мухбири.

Тошкент — Ашхобод — Тошкент

Ёлқин ШАМСИДДИНОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn