XS.UZ
Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф Самимий қутлов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида Аграр соҳа ривожида муҳим босқич Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси
  • 03 Сентябрь 2017

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги сўзи

Азиз ватандошлар!

Ҳурматли Татьяна Акбаровна!

Муҳтарам Самарқанд аҳли!

Бугун — 2 сентябрь, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти­, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафот этганига бир йил тўлди.

Шу муносабат билан кенг жамоатчилик, жумладан, жонажон Самар­қанд аҳли вакиллари билан Ислом акани ёд этиб, у кишининг ёрқин ­хотирасини абадийлаштириш учун бугунги тадбирда йиғилиб турибмиз.

Барчамиз яхши биламиз, йил давомида бутун халқимиз, шунингдек, кўплаб хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва чет эллик фуқаролар Биринчи Президентимизнинг ўчмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдилар.

Хабарларингиз бор, куни кеча, Мустақиллик байрами арафасида, азим пойтахтимиз — Тошкент шаҳрида, Ислом Абдуғаниевич узоқ йиллар фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳи олдида у кишининг ­ҳайкали очилди.

Бугун эса Биринчи Президентимиз туғилиб ўсган, камолга етган ва мангу ором топган Самарқанд шаҳрида Ислом аканинг сиймоси акс этган ҳайкални очаётганимиз эл-юртимизнинг ушбу улуғ инсонга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг яна бир амалий ифодасидир.

Ислом Абдуғаниевичнинг улуғвор қиёфаси ёрқин намоён бўлган ушбу ёдгорликда у киши ўзининг донишманд нигоҳи ва меҳр тўла кўзлари билан барчамизга боқиб турибди.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич бамисоли ўзи учун беҳад қадрли бўлган шу диёр аҳлини, азиз юртдошларини Мустақиллик ва Ҳайит байрами билан табриклаб, барчамизга самимий тилаклар билдираётгандек.

Ишончим комил, Ислом ­Абдуғаниевичнинг ҳайкали қад кўтарган мана шу табаррук маскан халқимиз учун, юртимизга келадиган минг-минглаб азиз меҳмонлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланади.

“Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак” деган даъватга бир умр амал қилиб яшаган бу улуғ инсоннинг хотираси, айни пайтда Ҳазрати Хизр мажмуасида барпо этилаётган табаррук зиёратгоҳлари барчамизни эзгу ва хайрли ишларга чорлаб ­туради.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Ислом Абдуғаниевичнинг тарих ва келажак олдидаги буюк хизматларини таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Нега деганда, бугунги Самарқанд, бугунги Ўзбекистоннинг гўзал ва обод қиёфаси, халқимиз эришаётган барча-барча ютуқлар у кишининг ана шундай тарихий хизматларини бамисоли кўзгудек яққол намойиш этиб турибди.

Биринчи Президентимиз ўтган аср­нинг 90-йилларида кескин муаммолар, миллатлараро можаролар гирдобига тушиб қолган юртимизни ўзининг юксак раҳбарлик салоҳияти, жасорат ва матонати билан ­мудҳиш фожиалардан омон сақлаб қолди, Ватанимизни катта тарақ­қиёт йўлига олиб чиқди. Бу йўлда ­ўзининг куч-ғайрати, ақл-заковати, билим ва тажрибасини аямади.

Бу, ҳеч шубҳасиз, том маънода қаҳрамонлик ва фидойилик намунаси бўлиб, тарихимизда мангу муҳрланиб қолади.

Биз барчамиз, бутун халқимиз ҳақли равишда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом ака билан фахрланамиз, у киши бошлаган ишларни мутлақо янгича миқёс ва ­талаблар асосида давом эттиришни ўзимиз учун юксак бурч ва масъулият деб биламиз.

Ҳурматли дўстлар!

Биринчи Президентимиз бутун Ўзбекистонимиз каби, унинг бебаҳо гавҳари бўлган Самарқанд заминини ҳам фарзандлик меҳри билан чин дилдан севар эдилар.

Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бирига, ҳақиқатан ҳам Ер юзининг сайқалига айлантириш Ислом аканинг юксак орзуси эди.

У киши шу йўлда қисқа муддатда улкан ишларни амалга оширганларини сиз, муҳтарам Самарқанд аҳли яхши биласиз, албатта.

Ислом ака дунё миқёсида “Римнинг тенгдоши” деб тан олинган Самарқанддек буюк шаҳарнинг шаъну шавкатига, ўзига туз-насиба берган бу замин аҳлига, унинг ишончига ­доимо муносиб бўлиб яшади.

Биз эл-юртга садоқат, чинакам ватанпарварликнинг олий намунасини ҳурматли Йўлбошчимизнинг ўз она-шаҳрига чексиз муҳаббатида, бунинг амалий намоёни бўлган катта-катта ишларида кўрамиз.

Жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонимизни, мустақиллигимизни, тинч ва обод ҳаётимизни севиш ва қадрлашни, ўз юртимизга меҳр-муҳаббатни биз улуғ Юртбошимиздан ўрганганмиз.

Биринчи Президентимиз мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳрини тубдан обод қилиш, унинг тарихий ва замонавий қиёфасини уйғунлаштиришга қаратилган улкан ишларга бевосита раҳбарлик қилди.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Ҳазрати Хизр масжидини таъмирлаш, обод қилиш, янги уй-жойлар, майдон ва хиёбонлар, ижтимоий ва маданий объектлар қуриш ишларида Ислом аканинг беқиёс ҳиссаси борлигини, ишонаман, Самарқанд аҳли ҳеч қачон унутмайди.

Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуслари билан 2007 йили Самар­қанд шаҳрининг 2750 йиллик қутлуғ ­санаси ЮНЕСКО иштирокида кенг нишонлангани тарихимизда ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Куни кеча мана шу муаззам Регистон майдонида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўз ишини катта муваффақият билан якунлади.

Дунёнинг турли қитъа ва минтақаларидаги 60 га яқин мамлакатдан келиб, ушбу анжуманда иштирок ­этган атоқли сиёсат ва маданият ­арбоблари, машҳур санъат намояндалари бундан йигирма йил олдин бу фестивалга асос солган Биринчи Президентимиз хотирасига чуқур ҳурмат билдириб, у кишининг ­хизматларини миннатдорлик билан таъкидлаганлари, ҳеч шубҳасиз, барчамизга ғурур ва ифтихор ­бағишлайди.

Қадрли ватандошлар!

Роппа-роса бир йил аввал бошимизга оғир қайғу ва мусибат тушган ташвишли кунларда дунё аҳли биз билан ҳамдард бўлиб, Биринчи Президентимизнинг хотирасига ­юксак эҳтиром кўрсатгани ғоят ­мушкул дамларда бизга катта ­мадад берди.

Насиб этса, келгуси йил январь ойида Ислом Абдуғаниевич таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаймиз.

Ана шу қутлуғ сана муносабати билан Самарқанд шаҳрида, Биринчи Президентимиз абадий ором ­топган масканда у кишининг шон-шуҳратига муносиб тарзда бунёд этилаётган улуғвор ва муҳташам мақбара мажмуаси ҳам очилади. Шунингдек, Қарши шаҳрида ҳам муҳташам ҳайкал барпо этилади.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич “Бу ҳаёт, бу умр Амударё сувидек тез ва шиддат билан ўтиб кетади, лекин инсоннинг эзгу ишлари, эзгу хотираси боқий яшайди” деган чуқур маъноли сўзларни такрор ва такрор айтар эдилар.

Бугун Ислом аканинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган хайрли ишларини эслар эканмиз, бу фикрлар аввало у кишининг ўзларига тўла дахлдор эканини таъкидламоқчиман.

Миллий мустақиллигимизнинг асосчиси муҳтарам Ислом ­Абдуғаниевичнинг сўнмас хотирасига қўйилган энг буюк ҳайкал — бу мустақил ва суверен, эркин ва озод Ўзбекистон давлатидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бугун, мана шу муборак Ҳайит ­айёмида барчамиз Оллоҳ таолодан азиз Ислом акамиз, меҳрибон устозимизнинг охиратларини обод этишни сўраймиз.

Мен аминман — биз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни янада обод ва фаровон қилиш учун қанчалик фидойилик ва қанчалик садоқат кўрсатиб меҳнат қилсак, у кишининг руҳлари шунчалик шод бўлади.

Бугун азим Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимизнинг улуғвор ҳайкалини очаётган эканмиз, бир фикрни таъкидлаб айтмоқчиман: биз — ҳаммамиз, эгаллаб турган вазифамиз, касбимиздан қатъи назар, ўзимиз фаолият кўрсатаётган соҳада Ватанимизга, халқимизга, Биринчи Президентимизга доимо муносиб бўлишимиз керак.

Бу борада сиз, азиз Самарқанд аҳли доимо ибрат ва намуна бўласиз, деб ишонаман.

Мана шу эзгу мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, куч ва ғайрат, оилавий бахт тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

 

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган