«Баркамол авлод» спорт ўйинлари қатнашчиларига
  • 26 Май 2017

«Баркамол авлод» спорт ўйинлари қатнашчиларига

Қадрли ўғил-қизларим!

Аввало, мана шу унутилмас ва ҳаяжонли дақиқаларда сиз, азиз фарзандларимизни, сизларга омад ва зафарлар тилаб турган муҳтарам устоз-мураббийлар, ота-оналарни, барча спорт мухлисларини гўзал ва бетакрор Жиззах шаҳрида “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Сизларга яхши маълум, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар, кенг кўламли дастурлар ягона ва улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, фарзандларимизни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашдан иборат.

Бугун сизлар иштирок этаётган, юртимизда еттинчи бор ўтказилаётган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари шу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёни, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, бу мусобақалар биринчи марта бундан 17 йил олдин айнан мана шу қутлуғ заминда — мард ва олижаноб инсонлар юрти бўлган Жиззах вилоятида ўтказилган эди. 

Ўтган даврда “кичик олимпиада” деган ном билан халқимиз ўртасида катта шуҳрат қозонган бу беллашувлар юзлаб, минглаб навқирон ўғил-қизларимиз учун чинакам чиниқиш ва маҳорат мактаби, парвоз майдончаси бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Ана шу спорт ўйинларида тобланиб, ҳозирги кунда халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган Ҳасанбой Дўсматов, Руслан Нурудинов, Шаҳобиддин Зоиров, Нигина Шарипова, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Барно Мирзаева, Умида Абдуллаева, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, Гулноза Матниёзова, Ихтиёр Наврўзов, Элмурод Тасмурадов, Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров каби машҳур спортчиларимизнинг номларини барчамиз ҳурмат ва ғурур билан тилга оламиз.

Энг муҳими, қанчадан-қанча ёшларимиз шу мусобақалар орқали спорт билан, соғлом турмуш тарзи билан ошно бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинларидан иборат уч босқичли тизимнинг моҳияти ва аҳамияти янада яққол аён бўлади.

Барчангиз хабардорсиз, 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтган, Ер юзининг энг кучли спортчилари қатнашган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 13 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни, Осиё давлатлари орасида тўртинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иккинчи, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллагани, ҳеч шубҳасиз, улкан тарихий воқеадир.

Ишончим комил, сизлар ана шундай марраларни забт этаётган моҳир ва фидойи спортчиларимиз изидан бориб, келгусида бундан ҳам катта натижаларга эришасиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Юртимиздаги 1500 дан зиёд лицей ва коллежлар вакиллари иштирок этадиган бугунги “Баркамол авлод” ўйинлари юксак савияда, ҳалоллик, мардлик ва адолат руҳида ўтишига, жўшқин ва кескин курашларга бой бўлишига, сизларнинг ҳар бирингиз ғалаба учун бор куч ва имкониятингизни сафарбар этишингизга, нафақат жисмоний, айни вақтда халқимизга хос ноёб маънавий фазилатларни ҳам намоён қилишингизга ишонаман.

Кўпни кўрган, ҳаёт синовларида тобланган, не-не улуғ инсонлар, кураги ерга тегмаган паҳлавонлар юрти бўлган Жиззах аҳли, ушбу вилоятдаги тенгдошларингиз билан бўладиган самимий мулоқот ва учрашувлар барчангизнинг хотирангизда ўчмас из қолдиришига аминман.

Фурсатдан фойдаланиб, ёшлик ва нафосат байрами, маҳорат ва камолот кўриги бўлган бу мусобақаларни юқори даражада ўтказиш учун замонавий спорт иншоотлари, инфратузилма объектлари бунёд этган, бу йўлда сидқидилдан хизмат қилган барча фидойи инсонларга, бутун Жиззах аҳлига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Қадрли ўғил-қизларим!

Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва ишонаман, Худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади.

Ана шундай ёруғ келажакни, авваламбор, сиздек азму шижоатли, жўшқин орзу-интилишлар билан ҳаётга кириб келаётган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган навқирон -авлодимиз, бутун Ўзбекистон ёшлари барпо этади.

Шу эзгу йўлда барчангизга энг олий саодатни — халқимиз ва Ватанимизга ҳамиша муносиб фарзанд бўлиш бахтини тилайман.

Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги катта воқеа — “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг очилиши билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Доимо соғ-омон бўлинг, омад ва зафар сизларга ҳамиша ёр бўлсин!

Шавкат МИРЗИЁЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn