XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 18 Март 2017

Маънавий баркамоллик мезони

Наврўз азалий байрамларимиздан биридир. У қадимдан халқ сайли сифатида нишонланган. Айниқса, байрам кунлари дорбоз ва полвонларнинг чиқишлари, халқ ўйинлари, йигит-қизларнинг икки томон бўлиб айтишувлари унга алоҳида файз бағишлаган. Бинобарин, бундай ўйинлар Наврўзнинг ўзи каби ўта қадимий анъаналар сирасига киради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқ ўйинларининг бардавомлигини таъминлаш, уларга янгича мазмун-моҳият касб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, халқ ўйинлари аждодларимизнинг ижтимоий-маънавий ва ахлоқий эҳтиёжлари асосида юзага келган. Негаки, ўйин бўш вақтни мазмунли ўтказиш воситаси бўлиши билан бирга, ёшларни баркамол қилиб тарбиялашнинг самарали усули сифатида шаклланган. Достону ривоятларда кураги ерга тегмаган паҳлавонлар, мард ва жасоратли ватанпарвар ўғлонларнинг болалигини тасвирлашда уларнинг халқ ўйинларида ҳам моҳир бўлганликлари таъкидланади.  Масалан, Алпомиш мерганлик, найза отиш,  кураш сингари мусобақаларда  етакчи бўлган. “Алпомиш” достони халқ ўйинларини ўрганиш ва тадқиқ қилишда  муҳим манбадир. Негаки, унда кураш, от устида пойга, улоқ, найза санчиш, камонда ўқ отиш, қиличбозлик, мерганлик каби ўйинлар негизида жасурлик, орият учун кураш, матонат, маънавий ҳамда жисмоний комиллик билан боғлиқ фазилатларни тарбиялаш бўйича халқ тажрибаси ўз ифодасини топган.

Алишер Навоий ҳам ўзининг “Хамса”, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва бошқа қатор асарларида халқ ўйинларига алоҳида таъриф-тавсиф берганлигини кузатиш мумкин. Мисол учун, Фарҳодга таъриф берилганда, унинг нишонга аниқ теккизиш, яъни тийрандозлик, найзабозлик, қалқонбозлик каби машқ турларида ҳаммани ҳайратга солиши таъкидланган. Навоий ундаги шиддаткорлик, кучлилик, аниқ мўлжалга олиш, ҳарбий қурол-аслаҳаларни ишлатишдаги тадбиркорлик ва эпчиллик хусусиятларини ажойиб тарзда ифодалаган. У шу тариқа жисмоний машқ турларини тарғиб этиш билан бирга, шуғулланувчиларнинг ахлоқий тарбиясига ҳам катта эътибор қаратган. 

Шунингдек, бобокалонимиз шатранж, тийрандозлик, чавандозлик, найзабозлик, чавгон, қовоқ, кураш, қиличбозлик каби қадимий халқ ўйинларини ўзининг лирик ва эпик асарларида юксак маҳорат билан тасвирлаган. Ушбу илмий мерос халқимиз тарихида ўйинларга катта аҳамият берилганлигини кўрсатади: 

 

Сенга иш жавлон қилиб 

майдонга чавгон ўйнамоқ,

Манга оллингда бошимни 

гўй этиб жон ўйнамоқ.

 

Наврўз кунларида юртимизнинг барча гўшасида ўйинлар орқали вақтичоғлик қилганлар. Толлар куртак чиқарганда — “Толбаргак”, дала гуллари очилганда — “Гул ўйини”, табиат билан инсон руҳияти уйғонганда ўзига хос қўшиқли, рақсли, тез ҳаракатли “Ёмғир ёғалоқ”, “Оқ теракми — кўк терак” каби ўйинлар барчага завқу шавқ бағишлаган. 

Кунлар исий бошлагач, болаларнинг кўча ўйинлари ҳам кўпайган. Ўйин хусусиятларига қараб бошланаётган йилнинг қандай келиши катталар томонидан тахмин қилинган. Яъни болалар тупроқ тўплаб йўлаклар солса, бу йил фаровон бўлишидан нишона. Қизлар кўк майсалардан гулчамбарлар ясашса, хайру барака, мўл ҳосилдан дарак. Болалар ариқлар қазиб сув оқизишса, тинчлик ва тотувликдан, варрак баландга парвоз қилса, ёзнинг мўътадил келишидан нишона, деб талқин этганлар. 

Шаҳар билан қишлоқ ўйинлари орасида ҳам маълум фарқлар бўлган. Агар қишлоқ ўйинларининг кўпчилиги кенг далаларда ўтказилса, шаҳарларда кичикроқ майдончаларда ўтган. Масалан, тошкентлик қизлар орасида “Чиғариқ” (жойида айланган ҳолда копток ўйнаш), “Чортак” (ерда чизиб қўйилган тўртбурчак чизиқлар орасида сакраш), “Арқон ўйин” (арқондан сакраб ўтиш), “Тош ўйин” (майда тошчалар) каби ўйинлар ўрин эгаллаган. Қолаверса, қизлар ўйин учун навбат билан бир-бирининг ҳовлисига тўпланишган. Бу анъанавий шакл — “Халфана” қизларнинг бўш вақтларини ўтказишда ўзига хос уюшма ҳисобланган.

Ҳар бир жой,  ҳатто сардоба, карвонсарой, чойхона, меҳмонхона каби жойларнинг ҳам ўз ўйинлари бўлган. Карвон кетаётган йўлда оёғини ёзиш мақсадида арқондан сакраш ўйинлари билан шуғулланганлар. Ўсмирлар ва ёшлар орасида эса ҳаракатли ўйинлар — “Бекинмачоқ”, “Оқ теракми — кўк терак”, “Чиллак”, “Ёнғоқ ўйини”, “Тош ўйини”, “Суяк ўйини”, “Дўппи кетди”, “Подачи” кабилар ўйналган. 

Халқ ўйинларининг Наврўз кунлари авж олганлиги инсоннинг ҳаётбахш умидларига қанот бағишлаб, эзгулик ҳамда нурафшон кунларга чорлайди. Номи юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ, бу йил Наврўз халқ сайиллари сифатида ўтади. Демак, ҳар бир шаҳар, қишлоқ ва овулда, маданият масканларида халқ ўйинларига кенг ўрин берилади. Не-не синовлар, тақиқлардан омон-эсон ўтиб келган анъаналаримиз янада қадр топади.  

Саодат ЙЎЛДОШЕВА, 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган 

ёшлар мураббийси, профессор.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган