XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 16 Март 2017

Қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 28 февралдаги  “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимиз томонидан катта мамнуният ҳамда зўр кайфият билан қарши олинди. Зеро, ушбу -ҳужжатда таъкидланганидек, шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири беқиёс.

Замонлар, даврлар ўтади. Аммо инсон қалби, табиати кескин ўзгаришлар ҳукмига бўйсунмайди. Ундаги Ватан, оила, муҳаббат туйғулари аждодлар руҳига, қадриятларига садоқатини йўқотмайди. Шу маънода, фасл алмашинуви билан боғлиқ Наврўз байрамининг нишонланишидаги кўнгил ёзишлар, дийдор азизлиги, зиёрат фазилатлари бебаҳо қадриятлигича қолаверади. Халқ сайиллари жамиятимиздаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик ифодаси сифатида қалбларда шукроналик туйғусини жўш урдираверади.  

Қадимдан Наврўз айёми инсоннинг инсон сифатида шаклланишини нишонлаш байрами даражасида баҳоланган. Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Фирдавсий “Шоҳнома”, Умар Хайём “Наврўзнома”, Алишер Навоий “Тарихи мулуки ажам” асарида ишончли маълумотлар асосида Наврўз тарихи ҳақида баён қилган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий”, Навоий достонларида, Бобурнинг “Бобурнома”сида, Огаҳий маснавийларида, XX аср ўзбек шеъриятида баҳор фазилатлари, табиатнинг уйғониши, тоғ бағрида чечакларнинг очилиши, чимдим-чимдим майсалар, ялпизларнинг бўй чўзиши руҳий мамнуният билан мадҳ этилган.

Алишер Навоий “Тарихи мулуки ажам” рисоласида Жамшиднинг салтанатга ўтирганидан сўнг ажойиб ихтиролар қилганини ёзади. У одам ўз кўзи билан кўрмаса тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада ҳашаматли қаср қурдирган. Иморат битганидан сўнг катта зиёфат берди  ва “...ул куннинг отин Наврўз қўйди”. 

Наврўз нишонланадиган ҳудуд кўлами жуда кўп юрт ва элларни қамраган. Шунинг учун ҳар бир мамлакат аҳолиси, ҳар бир халқ байрам қонун-қоидаларининг шаклланишида ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилган. Натижада йиллар, асрлар ўтиши билан муайян урф-одатлар, удумлар вужудга келган. Масалан, ўзини ҳурмат қилган инсон бундай улуғ кунда гина-кудуратни унутган, жанжал қилишга ботинмаган. 

Бир оиладаги келин ҳамда қайнона билан боғлиқ келишмовчиликлар Наврўз куни келиннинг қайнонасига салом бериши билан ҳал бўлган. Умуман, катта ёшдаги кексалар ёшларнинг саломини ўзига хос кечирим сўраш деб қабул қилишган ва бағрикенглик билан хайрихоҳлик билдиришган.

Давлатимиз раҳбарининг номи юқорида зикр этилган қарорида “Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш” белгиланганлиги ҳам азалий қадриятларимизга ҳамоҳангдир. Зеро, баҳор фаслини очиқ чеҳра билан кутиб олишда йил бўйи қилинадиган меҳнатнинг самарасига умид -билдириш назарда тутилган. Байрам баҳона ҳордиқ чиқарилган. Имконият даражасида айём дастурхонлари безатилган. Хайрли тадбирлар амалга оширилган. Сумалак, ҳалим, кўксомса, чучвара каби кўклам таомлари тайёрланган.  

Муҳаммад Ризо Огаҳий “Айёми тоза йил”, “Навбаҳор айёми” ғазалларида, бир қатор маснавийларида Наврўзнинг Хоразмда нишонланиши ҳақида замонавий репортаж олиб бораётгандек бўлади. Шоир бу айёмда сайилга чиқиш, қайиққа ўтириб дарёда сайр қилиш, дили ўксик одамлардан хабар олиш, яқин кишиларни совғалар билан сийлаш одатларини бирма-бир санайди. Шунингдек, “Кураш”, “Пойга”, “Шикор” маснавийларидаги тасвирлар, “Тўйнома”даги томошалар ҳам, тахминимизча, бевосита Наврўз айёми билан боғланади. 

Алишер Навоий Фарҳоднинг кўклам қасрида меҳмон бўлишидан аввал баҳор фасли гўзалликларини мадҳ этади:

Тилар чун ғунча шаккар 

ханда қилмоқ,

Топар ул кулгудин гул-гул очилмоқ.

Чекар боғ ичра булбул онча афғон,

Ки афғони қилур гул баргини қон.  

Мумтоз шеъриятимиздаги Наврўзни, баҳорни куйлаш анъанасидан илҳомланиб кейинчалик  Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф сингари шоирларимиз бу мавзуда ўнлаб гўзал назм намуналарини яратдилар. 

Чўлпон ёзади: 

Кўнгиллар ҳам ҳаволардай 

кўклам ҳиди берсайди,

Дилларга ҳам ҳаволардек 

кўклам руҳи кирсайди!..

Айни пайтда сўз санъаткорлари кўклам жозибасини ички мамнуният билан ифодалаганлар.

Эркин Воҳидов:

Қуёш этагига оқ булут боғлаб,

Ўрик шохларида қовурди бодроқ.

 

Муҳаммад Юсуф: 

Кўкинг билан кийинтирай 

даламни,

Оёқяланг суюнтирай боламни. 

Ўзинг олгин кўксимдаги аламни,

Кўкламойим, кўкингдан 

бер бир чимдим.

Биз асрлар давомида беназир Наврўз билан ҳамнафас яшаб келдик. Аммо мустабид тузум шундай ажойиб байрамни сиёсат қурбонига айлантирди: Наврўз расман тақиқланди. Фақат истиқлол даврига келибгина мазкур айём яна ўз ўрнини, қадрини топди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонига мувофиқ, Наврўз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлана бошланди, 21 март дам олиш куни, деб эълон қилинди. ЮНЕСКО томонидан Наврўз Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиб, 

“21 март — Халқаро Наврўз куни”  деб белгиланди. “Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди”, деганлари шу бўлса керак. Бугун Ўзбекистонда катта қувонч билан нишонланаётган қадрдон Наврўзимизни бутун дунёда билишади. Юртимиздаги тинчликка, Наврўзга, бунёдкорликка кўз тегмасин. Мумтоз шоиримиз Огаҳий  айтганидек:

Эй ёр, сенга тангри 

таборак бўлсин,

Наврўз ила тоза йил  

муборак бўлсин.

Омонулла МАДАЕВ.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган