XS.UZ
“Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг Адлия вазирлари ҳамда Олий суд раислари мажлиси ўтказилади Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар» йўналиши бўйича автомобиль қатновининг қачондан бошланиши маълум ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди UZ домени Осиё-Тинч океани минтақасида юқори даражали миллий доменлар ассоциацияси аъзосига айланди Самарқанддаги Бибихоним масжидига илғор инновацион технологияларга асосланган мониторинг тизими ўрнатилади Ўзбекистон Ҳиндистоннинг уран заҳирасини яратишда асосий ҳамкори бўлади Ўзбекистон Эронга 25,5 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб беради Жавоҳир Синдаров ФИДЕ унвонига сазовор бўлди Жорий йилнинг ўтган даврида шифокорлар учун 658 та хизмат уйи ташкил этилди Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан розилиги, эл-юртимиз тараққиётига хизмат қилсин «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида» мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига Тинчлик ва халқлараро дўстликни мустаҳкамлаш йўлида МДҲ: Кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим механизми Таълим олиш ҳуқуқи ва ота-она мажбуриятлари Иқтисодий ва инвестициявий имкониятлар тақдимоти Инсон қадр-қиммати улуғланган юрт Мурожаатлар — сенаторлар назоратида Сифат — жаҳон бозоридаги бош мезон
  • 08 Март 2017

«Олам ичра гар ёруғлик бўлса фош...»

Асрлардан-асрларга, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган умрбоқий урф-одатларимиз, қадриятларимиз бисёр. Қадамининг хокипойи жаннатга монанд дея таъриф берилган меҳридарё оналару дунёга нафаси ила кўркамлик бахш этадиган аёл зотини эъзозлаш ана шундай азалий қадриятларимиз сирасидандир.

Муборак ҳадислардан тортиб, инсон қалбининг нафис туйғулари ифодаси бўлган халқ оғзаки ижоди намуналари, айниқса, мумтоз адабиётимизда бу эътироф гўзал тарзда акс этган. Меҳр ва қуёш сўзлари ёнма-ён юради. Улар аслида маънодош. Зеро, қуёш бутун оламни ёритса, меҳр ҳар бири бир дунё бўлган кўнгилларни нурафшон этади, гуллатиб яшнатади. Аёл қалбини ҳам қуёшга менгзайдилар. У бор гўша файзли, тароватли. Бошқача айтганда, аёл чинакам мўъжиза соҳибаси. Бу мўъжиза сеҳридан илҳом олмаган, таъсирланмаган ижодкорнинг ўзи йўқ.

Муҳтарама аёлнинг ҳусни латофатию одоб ҳаёсини, вафою  садоқатини шеъру достонларида Лайли ва Ширин тимсоллари орқали ифода этган буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳам меҳрибон аёлни қуёшга монанд таърифлаганлари  бежиз эмас.

Яхши хотунлар сафои зуҳддин,

Олам ичра гар ёруғлик бўлса фош.

Йўқ ажаб, чунким араб алфозида,

Истилоҳ ичра муаннасдир қуёш.

“Онали уй — офтобли уй” деган ҳикматда ҳам бир олам маъно мужассам. Зеро, ҳаёт аталмиш мўъжизанинг ибтидоси ҳам она туфайли. Бир парча эт, мурғаккина жон у берган оқ сут, меҳр туфайли вояга етади. Одамийликнинг илк кўникмалари гўдак қалбида у бешикни қучоқлаб айтган алла оҳанглари орқали илдиз отади. Шу боис Навоий бобомиз фарзанд учун онадан азизроқ ва муқаддасроқ зот йўқ эканини қуйидагича таърифлаганлар:

Ано ўрнин ато тутмас ўғилга,

Ки мумкиндир ўғил бўлмоқ атосиз...

Мутафаккир шоир қаламига мансуб “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан шундай сатрларни ўқиймиз: “Яхши хотин — оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса — кўнгил ёзиғи, хушмуомала бўлса — жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради. Киши бу каби жуфти ҳалол билан қовушса, агарда бундай бахтга эришса, ғам-кулфатда сирдошга, ошкор ва пинҳоний дард-аламда ҳамнафас ва маҳрамга эга бўлади. Турмушда бошингга ҳар қандай жафо тушса, ҳамдардинг у; тескари айланувчи фалакдан бошингга бир бало келса, кўмакдошинг — у. Кўнглингга ғам юзланса, у ҳам ғамнок; баданингга хасталик ва заифлик етишса, унинг ҳам жони ҳалак.

...Кимга шундай хотин учраса  бошига бахт қушининг қўнгани шудир”. 

Юз туман нопок эрдин яхшироқ,

Пок хотунлар аёғининг изи,

дейилган сатрлар ҳам иффатли ва ҳаёли аёл зотига билдирилган юксак эҳтиром ифодасидир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари таърифлаганларидек, садоқатда собит, жонфидо аёл билан ҳамхонаю ҳамнафасликнинг ҳар бир куни — байрам.

Юзи наврўзию васли ийдини,

Бобур, ғанимат тут,

Ки, мундин яхши бўлмас,

Бўлса юз наврўзи байрамлар.

Яхши ва ёмон кунларда ҳам бирдек ғамхўр, жонҳалак ҳамда елкадош бўла олган аҳли аёли ҳар бир киши учун шоир Бобур бошидан ўтказгани ва қалб амри ила назмида таърифлагани сингари жисм аро жон бирла тенгдир.

Жонимда менинг ҳаёти жоним сенсен,

Жисмимда менинг руҳи равоним сенсен.

Бобурни сенингдек ўзга йўқ ёри азизи,

Алқиссаки, умри жовидони сенсен.

Машҳур шоир, тарихнавис ва таржимон Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) девонидан жой олган:

Юзинг авжи сабоҳатда

маҳи анварға ўхшойдур,

Сўзинг хони малоҳатда

тузу шакарга ўхшойдур.

Мусаффо куйинг ичра

жилва қилғоч чеҳраи олинг,

Эрам боғида очилғон

гули аҳмарға ўхшойдур.

каби сатрлари ҳам севимли ёр таърифу таснифига бағишланган.

Юксак бадиий тарзда аёл мадҳ этилган бундай мисраларни мумтоз адабиётимиз вакилларининг ҳар бири ижодида кўплаб кузатиш мумкин. Хонадонлар фариштаси саналган меҳрибон ва мунис аёлларни ардоқлаш, қадрини баланд тутиш жамиятимизда бугун ҳам нафақат сўзда, балки амалий ишларда долзарб юмушга айлангани эътиборга молик. Айниқса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида ҳаётга татбиқ этилаётган тадбирлар мазмун-моҳиятию мақсадлари замирида онахону опа-сингилларимизни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш диққат-эътиборда. Зеро, она сиймоси — аёл ҳамиша, ҳар ерда мўътабар ва муқаддас. 

Отабек ИСМОИЛОВ, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+