XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 03 Март 2017

Асл миллий, энг ардоқли байрам

Илк кўклам кунлари қорлар эриб кетган қир-адирларда, тоғларнинг этагида ажиб бир манзарага кўзингиз тушади: узоқ вақт қиш уйқусида мудраб ётган она-табиатнинг ғаройиб мўъжизаси — бойчечаклар бош чиқариб, чор-атрофга бамисоли садафдек сочилади. Бу манзара фасллар келинчаги баҳорнинг келганидан, Наврўз яқинлашаётганидан дарак беради.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қалбларимизни янада тўлқинлантириб юборди. Ҳақиқатан ҳам, табиат ва жамиятдаги янгиланишни ўзида мужассам этган Наврўз халқимиз дунёқараши, ўзига хос миллий анъаналари ва бадиий тафаккурининг ҳар бир ютуғидан куч олиб, асрлар давомида янада тўлишиб, янгиланиб, баркамоллашиб келган бетакрор шодиёнадир.

Ушбу ҳужжатда Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказиш белгилангани нур устига нур бўлди. Чунки одамлар қалбига чексиз қувонч, меҳр-оқибат, эзгу умидлар бахшида этадиган йилбоши сайиллари ғоятда фараҳбахш ва айни пайтда, бундай муҳташам қадриятларни ижод қилган улуғ халқимизнинг ўзи каби умрбоқийдир. Чунки катта сайилгоҳларда, боғ-роғларда, чорбоғларда, далаларда, лолаларга бурканган қир-адирларда, шаҳарларимиздаги хиёбон ва майдонларда, муқаддас қадамжолар атрофида Наврўз байрами сайиллари ўтказилиши беқиёс руҳий, маърифий, маънавий қувват манбаи вазифасини ўтайди.

Маҳмуд Кошғарийнинг ёзишича, боболаримиз Наврўздан кейинги ойни “улуғ ой” ёки “улуғ ўғлоқ ой” деб атаганлар. Ана шу биргина далилнинг ўзи ҳам йилбоши байрами қадим замонлардан бери энг файзли ва севимли халқ сайли сифатида тантана қилиб келинганини англатади. Бу кўҳна шодиёнанинг бемисл шукуҳи эса кишиларга жуда катта куч бахш этиб, уларни эл-юрт равнақи, фаровонлиги ва ободончилиги йўлидаги эзгу мақсадлар сари йўналтирганлигидан далолат беради.

Аждодларимизнинг қадимги деҳқончилик маданияти, эзгуликни улуғлаш ва яратувчанлик ғоясига асосланган ҳаётбахш анъаналари асосида келиб чиққан Наврўз байрамини халқимизнинг асрий, хусусан, мустақиллик йилларида бу эзгу айёмни кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича тўпланган тажрибалар асосида умумхалқ сайли сифатида нишонланиши йилбоши шодиёнасининг миллий табиатига тўла мос келади. Бинобарин, мазкур байрамнинг анъанавий халқ сайли сифатида кенг тантана қилиниши ушбу фусункор айёмнинг тарихий моҳияти билан ҳам ҳамоҳангдир. Наврўзнинг сайил сифатида ўтказилганлиги ҳақида Абу Бакр ибн Жаъфар Наршахий, Абу Райҳон Беруний каби алломаларнинг асарларида қимматли маълумотлар келтирилган. Ҳатто қадимда илк кўклам фасли ўлкамиз бўйлаб сафар қилган чинлик муаррихлардан бири Вэй Цзе Самарқанддаги Наврўз сайли ҳақида ҳам маълумотлар ёзиб қолдирган. 

Наврўз азал-азалдан меҳр-мурувват, оқибатлилик тантанаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг ташрифидан аввал, шунингдек, йилбоши тантаналари давомида яқин кишиларни табриклаш, эски гина-кудуратларни унутиб, меҳр-оқибат ришталарини маҳкам боғлаш, айниқса, кекса кишиларни, беморларни бориб кўриш халқимиз миллий ўзига хослигининг энг кучли хусусиятларидан бири бўлиб келган. Қон-қонимизга сингиб кетган бу анъанага мувофиқ, йилбоши арафасида саховатпеша юртдошларимиз маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда меҳр-мурувватга муҳтож кишилар, кам таъминланган ёки боқувчисини йўқотган оилалар, ногирон ва беморлар ҳолидан хабар оладилар. 

Анъанага кўра, Наврўз арафасида маҳалла оқсоқоллари, қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари, корхонаю ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари маслаҳатлашиб, ҳар бир жойда байрам тантаналарини тартибли ҳамда уюшқоқлик билан ўтказишга бош-қош бўладиган сайилбошиларни тайинлайдилар. Мамлакатимиз пойтахти Тошкентда, вилоятлар ва туманлар марказларида, шаҳару қишлоқларда, шунингдек, табиат қўйнида, очиқ майдонларда, хиёбон ҳамда сайилгоҳларда ўтказилиши мўлжалланган байрам сайли ва театрлаштирилган томошаларнинг дастурлари ишлаб чиқилади. Бундай дастурларда аждодларимизнинг табиат, жамият ҳамда коинот ҳақидаги илмий-фалсафий қарашлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, халқимизнинг ўзига хос анъаналари, турмуш тарзи бадиий-эстетик шаклларда ўз ифодасини топади. Уй бекалари, умумий овқатланиш шохобчалари, ошхона ва тамаддихоналар ходимлари, пишириқ ҳамда ширинликлар тайёрлашга ихтисослаштирилган корхоналар, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланувчи қандолатчилар байрам дастурхонини турли-туман маҳсулотлар, таомлар билан безатиш учун янада қизғин ишга киришадилар.

Наврўз сайли тантаналари ўзига хос тарзда бошланади. Барча шаҳар, туман марказлари, қишлоқ гузарлари ва маҳаллалар баҳорий кайфият, руҳий янгиланиш, меҳр-оқибат, яратувчанлик ҳамда бунёдкорлик ғояларини ўзида акс эттирган шиорлар, лав-ҳалар, суратлар билан безатилади. Кўпкари, кураш, арғимчоқ учиш, варрак учириш каби халқ ўйинлари билан бирга, фольклор-этнографик жамоалар, лапар, ўлан, алла ижрочилари, ҳунармандларнинг кўрик-танловлари, аскиячиларнинг беллашувлари, маҳалла-кўй ободончилиги, оилалар фаровонлиги, меҳр-оқибатлилик билан боғлиқ тадбирлар ўтказилади.

Наврўз байрами куни ҳар бир жойда ташкил этилган сайилгоҳлар ўша вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ, маҳаллаларнинг ўзига хослигини кўрсатадиган белги ҳамда рамзлар билан безатилган бўлади. Эрта тонгданоқ сайилгоҳлар узра карнай-сурнай наволари, қадимий халқ қўшиқлари, мумтоз ашулалар янграй бошлайди. Наврўз, баҳор, гул, ёшлик, тинчлик, фаровонлик, бунёдкорлик, истиқлол ва нурли истиқболни тараннум этувчи қўшиқлар бутун мамлакатимиз узра баралла янграб, она-диёримизда шукуҳли баҳорий сайил бошланганлигидан далолат беради.

Сайилгоҳда баҳорий туйғуларга эш бўлган қизғин ва қайноқ ҳаёт авж олади. Ҳали кўклам қуёши найза бўйи кўтарилмасданоқ чойхоначилар, ошпазлар, гулчилар, қандолатчилар, новвойлар ўзларига белгиланган жойларда иш бошлаб юборадилар. Қатор-қатор савдо расталарида турли нозу неъматлар савдоси авжига чиқади, катта-катта дошқозонлардаги сумалак ва ҳалим сузилади, ранго-ранг гиламлар тўшалган сўриларда ўтирган нуроний отахонлару меҳридарё момоларга наврўзий таомлар тортилади. Болалар учун миллий ўйинчоқлар савдо-кўргазмаси иш бошлайди. Миллий қандолатчилигимизнинг барча кўриниши Наврўз сайлида намойиш қилинади. Бир томонда аскиячиларнинг беллашувлари давом этаётган бўлса, иккинчи тарафда томошабинлар қизиқчиларнинг ичакузди ҳангомаларини мириқиб тинглайдилар. Сайилгоҳнинг бир неча жойига қурилган баланд дорларда халқ назарига тушган дорбозлар ўз маҳоратларини кўрсатишади. Масхарабозлар сайилга ташриф буюрган юртдошларимиз кўнглига самимий табассум улашадилар.  

Қисқаси, Наврўз байрами сайиллари суғорма деҳқончилик маданиятини яратган қадимги аждодларимизнинг мифологик тасаввурларидан тортиб, ҳозирги даврда ўз ижодий салоҳиятини эркин намоён этаётган юртдошларимизнинг бадиий тафаккуригача бўлган улкан маънавий қадриятлар силсиласини ўзида яхлит ҳолда жамлаган ҳаётбахш шодиёна сифатида тантана қилинади.  Зеро, бу байрам барчамизни она-заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этади.

Маматқул ЖЎРАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+