XS.UZ
Ҳар бир ҳужжат вақтида ва сифатли ижро этилиши шарт «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нархлар шаклланишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши 2017 — 2021 йилларда  қайта тикланувчи энергетикани  янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада Парламент ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини танқидий кўриб чиқди Қадриятлар тараннум этилган фестиваль Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисини лавозимидан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисини сайлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарларини лавозимидан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарларини сайлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибига ўзгартиш киритиш тўғрисида Улкан таассуротлар, муросасиз беллашувлар, ёрқин натижалар Орият, ғурур ва шижоат баҳси Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш — асосий вазифамиздир Фракцияларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижроси муҳокама этилди Хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар — тараққиёт гарови Ҳаракатлар стратегияси – халқаро нашрларда Орзулар рўёбга чиққан кун Қадимий ёзма манбалар — бебаҳо бойлик Йигирма уч миллиард сўмлик шартномалар Қонуний талаб ва амалий ечим Фарзанд — оила қувончи Битирувчилар учун муносиб таклиф Боқий меросимиз намойиши Дунёнинг энг кучли полвонлари Президент соврини учун беллашади Чинакам чиниқиш ва маҳорат мактаби, парвоз майдончаси Ўзбекистон Президенти Туркия Бош вазири ўринбосарини қабул қилди «Баркамол авлод» спорт ўйинлари қатнашчиларига
  • 29 Декабрь 2016

Халқ шоирига эҳтиром

Халқимиз адабиётни муқаддас ва улуғ даргоҳ, деб билади. Бу юксак муносабат бадиият намояндаларига, уларнинг таъсирчан сўзи, сермазмун асарларига ишонч, ҳурмату эҳтиром азалдан юксак даражага кўтарилганини ўзида ифода этади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимиз ва ижод аҳли томонидан улкан миннатдорлик билан кутиб олинди. Бинобарин, ушбу ҳужжатда давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги аҳамияти алоҳида қайд этилган.

Мазкур қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар уюштирилмоқда. 

28 декабрь куни ўзбек адабиёти, санъати ва илм-фан соҳаси вакиллари, адибнинг мухлислари, ёшлар пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ал-Хоразмий 1-тор кўчаси 7-уйда жам бўлди. Атоқли шоир 1966 — 2016 йилларда яшаб, ижод қилган бу -хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, Бадиий академия раиси ўринбосари Ф. Тошмуҳамедов, адабиётшунос олим И. ўафуров ва бошқалар атоқли шоиримизнинг ижодий мероси ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида, ҳар томонлама етук ҳамда баркамол қилиб тарбиялашда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари ва адибнинг оила аъзолари атоқли шоир қабрини зиёрат қилди. Шоир қабрига гул қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш, ижодкорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги юксак эътибор ифодаси эканини, атоқли шоиримиз ижоди ва унинг адабиётимизда тутган ўрни, ҳамиша ёш -авлодни янгича тафаккур билан яшашга ундашдаги аҳамиятини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари И. Мирзаалиев, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори О. Мусаев ва бошқалар Эркин Воҳидовнинг миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни -камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли фаолияти билан катта ҳисса қўшганини эътироф этишди.

Шоир кўнгил армонлари, ўкинчлари, халқимизнинг оғир ва шонли кечмишини, тарихимизнинг нурли саҳифаларини, истиқлол тантанасини ўз шеърларининг бош мавзусига айлантирган эди. Унинг қувноқ, ҳазил-мутойибага йўғрилган шеърларида ҳам Ҳазрати инсон қадри билиниб турарди. Лекин барибир, некбин руҳ — ҳаёт мадҳи, севги сурури, фахр-ифтихор туйғуси унинг ижодида етакчилик қилди. 

Бевосита шоир шахсий ҳаёти, таржимаи ҳоли — фашизмга қарши уруш қурбони бўлган ўз отаси ҳақидаги “Нидо” достони лирик қаҳрамонининг қалб садоси, андуҳлари, Абдулла Қаҳҳор ёзганидек, миллион-миллион кишиларнинг нидоси, урушга нафрати, урушда ҳалок бўлганлар хотирасига бўлган эҳтироми янглиғ янгради.

Барчага маълумки, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси дарсликлардан жой олган. Миллатимизнинг шаъни-ғурури топталган, халқимизнинг шонли ўтмишига қора бўёқлар чапланган замонларда халқимиз тарихининг бемисл фахрияси сифатида кўпчиликка ёд бўлиб кетганди. 

“Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Куй авжида узилмасин тор”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” каби тўпламларидан жой олган шеърларида, “Руҳлар исёни”, “Истанбул фожиаси” каби асарлардаги ҳар бир сўз, ҳар бир сатрда инсоният қисматидан безовта қалб кечинмалари, замон тақдирига жавобгарлик ҳисси билан ураётган юрак ҳаяжонлари ловуллаб акс этади. “Инсон”, “Сирдарё ўлани”, “Арслон ўйнатувчи” каби достон ва шеърлари миллий шеъриятимизнинг нодир намуналаридан, десак, асло муболаға эмас. 

Шоирнинг истиқлол йилларидаги ижоди миллий қадриятларни тиклаш, ўзликка қайтишдек машаққатли йўлнинг бағоят шарафли эканини тасдиқлайди. 

Эркин Воҳидов ижодий фаолиятини жамоат ишлари билан қўшиб олиб борди. Айниқса, ардоқли шоиримиз мустақиллик йилларида фаол ва жонкуяр давлат арбоби сифатида ҳам танилди. “Одамларга фақат шеъринг эмас, ўзинг ҳам кераклигингни сезиш, бу — катта бахт.  Шунинг учун ҳам жамоат меҳнатидан ҳеч қачон қочган эмасман. Қайноқ ҳаёт ичида яшаб, ишлаб ўрганганман”, деган эди шоир. 

У бутун вужуди, қалб қўри, ғайрат-шижоати билан мустақиллигимизнинг Бош меъмори, Биринчи Президентимиз ёнида туриб, миллий истиқлол ғояларини рўёбга чиқариш йўлида фидокорона хизмат қилди. 

Шу кунларда устоз шоиримизнинг “Сайланма” асарлари, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърларидан иборат туркум китоблар нашрдан чиқарилди. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарининг адабиётга, ижод аҳлига бўлган беқиёс эҳтиромини намоён этади. 

Тадбирда шоирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм тақдим қилинди. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шеър ҳамда ғазаллари асосида яратилган қўшиқлар нафис бадиият анжуманига ўзига хос файз, дилбар шукуҳ, битмас-туганмас завқу шавқ бағишлади. 

Эркин Воҳидовнинг рафиқаси Гулчеҳра Воҳидова атоқли шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги юксак эъзоз-эътибор учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев, -Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов иштирок этди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган