XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида Шири Шириев: Наврўз халқларни тинчлик ва дўстликка чорлайдиган халқаро байрамдир Марказий сайлов комиссиясида учрашув Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш — давр талаби Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилмоқда Янгиланиш фаслининг файзу баракаси Акт мутахассислари учун чинакам рағбат Маънавий баркамоллик мезони Баҳорий таомлар — қувват манбаи Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди 2017 йил 18 март шанба дам олиш кунини 2017 йил 20 март душанба кунига кўчириш тўғрисида Владимир ТЮРДЕНЕВ: Наврўз — инсониятнинг асраб-авайлаб келинаётган маънавий бойлиги
  • 23 Декабрь 2016

Ҳамиша ёдимизда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини халқимиз алоҳида мамнуният билан кутиб олди. Зеро, жонажон Ватанимизнинг оташин куйчиси, миллатимизнинг жонкуяр фарзанди сифатида довруқ қозонган атоқли шоиримиз адабиётсевар юртдошларимиз учун азалдан суюкли бўлиб келган.

Ўқувчилик чоғимизда, дарсликларда қайта-қайта учрайвергани туфайлими, айримларнинг исми хотирамизга қаттиқ ўрнашиб қолган бўлса-да, уларнинг ўқитувчиларимиз мажбурий тарзда ёдлатган шеърлари ёки иншо қилиб ёздирган насрий асарлари, кўнглимизда илиқлик уйғота олмаганидан бўлса керак, кўп ўтмай эсимиздан чиқиб кетарди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир кабиларнинг айрим одамлар томонидан асраб келинаётган китоблари катта ёшдаги  кишилар орасида пинҳона қўлма-қўл ўқилаётганини сезиб қолсак, одамларга шу қадар ардоқли бўлиб кетган бу адибларнинг асарлари нега дарсликларимизда йўқ, деб таажжубланардик. Уларнинг китобларини нашр этиш, ўқиш ва ўқитиш бутунлай тақиқлаб қўйилганини сал улғайиброқ билдик.

Ёш Эркин Воҳидовнинг ижод майдонига илк бора қадам қўйиши, оммавий қатағонлар қаҳратони ўтиб бўлгандек туюлса-да, унинг ачитқи изғиринлари батамом тўхтамаган пайтларга тўғри келди. Бу — ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари эди.

Ўша кунлар ҳақида гап очилса, Эркин ака Ёзувчилар уюшмаси йиғилишида бўлган бир воқеани кулиб-кулиб эсга оларди. “Шўролар жамияти”да амалга оширилаётган айрим ҳаракатларни мақтаб ёзиш ўрнига қадим замонлардаги Лайли ва Мажнунлардан нари силжолмаётган айрим “севгибоз адиблар”нинг фаолияти йиғинда қаттиқ қораланибди, мабодо, шу бачкана мавзуда ёзиш жуда зарур бўлса, лоақал, реал ҳаётни қўшиб акс эттиришга тиришмоқ лозимлиги таъкидланибди. Сўнг, бир шоирнинг шеърида ошиқ йигит ўз севгилисининг исмини бўрда тракторига ёзиб қўйганини истаб-истамай ёқлашиб, ҳарқалай, бунисига чидаш мумкин, чунки унда қишлоқларимизга кириб келаётган тараққиёт трактор мисолида ўз ифодасини топган, жамоавий меҳнат жараёнида туғилган янгича муҳаббат баён этилган, дея сал ён берган бўлишибди.

Аксарият қисмини ишқий ғазаллар ташкил этувчи, Эркин Воҳидовга мислсиз довруқ келтирган “Ёшлик девони” китоби айнан ўша даврларда босилиб чиққанди. Бу тўплам шу қадар машҳур бўлиб кетган эдики, дўконларда ўтмай ётган баъзи бир -китоблардан уч-тўрттасини унга қўшиб сотиш одат тусини ола бошлади. Бу шеърлар дарсликларга кирмаган эса-да, неча-нечасини ёддан айтиб юрадиган бўлдик.

“Ёшлик девони” шоирга шуҳратгина эмас, кўп ғалвалар ҳам келтирди. Бир ғазалда қизилгулнинг бағри қон ғунчасига қараб, “Кел, бирга дардлашайлик, уй-уйда йиғлагунча” дейилган сатрнинг ўзи айримларнинг тихирлигини қўзитиб, оммадан яширин тарзда фақат уй-уйда йиғлашга мажбур қилаётган бўлса, у қанақа сирли дард экан, деган писандаларни ўрмалата бошлаган бир пайтда, миллатимиз ғурурини осмон қадар кўтариб, аллақачон энг ардоқли қўшиқлардан бирига айланган “Ўзбегим” қасидаси қандай ур-сурларга сабаб бўлганини ўзингиз тасаввур этаверинг. Агар Абдулла Қаҳҳордек довруқли адиб ўз ҳикояларидан бирига Эркин Воҳидов шеъридан тўрт сатр юлқи олиб, унинг истеъдоди ҳурмат-эҳтиромга лойиқлигини атайлаб намойиш этмаганида, матбуот ва нашриётларнинг ёш шоирга беркитиб қўйилган эшиклари яна узоқ вақт очилмай туриши аниқ эди.

Шеърларнинг ғоявий жиҳатларини қўйиб турайлик, ўша замонда ҳатто “ғазал” деган гапнинг ўзи мафкурабоз кимсаларнинг ғашини келтирар, буни Навоий, Бобур, Огаҳий, Нодира, Фурқат даврларини қўмсаш, дея талқин этишарди. Ўз ичимиздаги адабий танқидчилардан баъзилари эса, бу айбловга бошқачароқ томондан ёндашиб, ғазалнинг имкониятлари чекланган, у шеъриятимизда курашчанликни сусайтиради, деган баҳонани рўкач қилишарди.

Аслида, айнан шу курашчанлик Эркин Воҳидов ижодининг ўзаги, шоир ҳаётининг асосий мазмуни эди. Ўз даврида катта шов-шувга сабаб бўлган, ҳануз қадрини сақлаб келаётган биргина “Руҳлар исёни” достонининг ўзи бу фикримизга яққол далил бўла олади. Дунё яралганидан бери курраи заминда доим пурвиқор ўринга эга бўлган, ўта бой тарихи ҳамда илму фан жабҳасидаги не-не даҳо аждодлари билан донг таратиб келган кўҳна Ҳиндистон халқи мустамлакачилик сиёсати боис, ўзининг асрий қадриятларидан, маънавиятидан, бобомерос удумларидан, ҳатто, “Рамаяна” тимсолидаги қудратли тилидан жудо бўлиб бораётгани эл-юртга фидойи фарзанд, жасур шоир Назрул Исломнинг фожиали қисмати орқали беҳад кўламли, -таъсирчан тарзда очиб берилган достон эди бу. Асарнинг биз учун асл қиммати шунда эдики, агар Назрул Ислом ўрнига, масалан, Чўлпоннинг, Ҳиндистон ўрнига ўз диёримизнинг номи қўйиб ўқилса, барчаси қарамликдаги ўзбекнинг бошидан кечаётган кўргиликларга шундоққина мос тушарди-қоларди. Буни устимизда истибдод қамчисини ўйнатиб турганлар фаҳмламаслиги мумкин эмасди. Қарабсизки, яна ўша ғала-ғовурлар.

Шуниси ҳайратланарли эдики, Эркин Воҳидов қай бир жанрга қўл урмасин, барчасида бирдек юқори чўққига чиқа олди. Айниқса, шеърий ҳажв ва таржимонликда ўзига хос мактаб яратди. 

Чапани Матмуса ҳангомаларига оид шеърлар, ҳали сиёҳи қуримасиданоқ, газета-журналлар орасида талаш бўлиб кетар, улар асосида теленовеллалар яратилар, ушбу туркумдаги назмий латифалар киритилган китоб дўконда узоқ турмасди. Матмусанинг ғайритабиий қилиқларига боғлиқ воқеалар қизил салтанат сиёсатига, жамиятда урчиётган ёлғонларга, ҳавойи чақириқларга, сохта ташаббускорликларга ошкора пародия эканлиги яққол кўриниб тургани учун муаллифнинг жасорати ўқувчиларни лол қолдирарди.

Шеърлари Эркин Воҳидов томонидан ўйноқидан ўйноқи, жозибалидан жозибали, ғирт шарқона тарзда ўгирилгани боис, рус шоири Сергей Есенинни ўзбекнинг елкага тўн ташлаб ўтириб ижод қилувчи қаламкашларидан бири сифатида тасаввур этардик гоҳо. Таржимондан фақат сўз заргари бўлишнигина эмас, балки юксак даражадаги билим ва савияни-да талаб этувчи -“Фауст”дек ҳажман йирик, мазмунан мураккаб шеърий трагедия устозимизнинг бир неча йиллик машаққатли меҳнатлари эвазига адабиётимизнинг нодир мулкларидан бирига айланди. “Менинг Доғистоним” асари таржимаси ўзбек китобхонлари қалбида авар бахшиси Расул Ҳамзатовнинг мағрур ҳайкалини тиклаган бўлса, ажабмас.

Ўзбек драматургияси ривожида ҳам Эркин Воҳидовнинг салмоқли хизматлари бор. Унинг “Олтин девор” комедияси Миллий театримиз саҳнасида ўн беш йил қаҳқаҳалар гулдироғини янгратиб турди, “Истамбул фожиаси” драмаси эса, ўта ўткир ижтимоий характерга эгалиги билан кенг довруқ таратди.

Эркин аканинг шўро тузуми иллатларини беаёв фош этиб, халқимизнинг жиддий ташвишларига сабабчи бўлмиш долзарб муаммоларни дангал кўтариб чиққан ўнлаб публицистик мақолаларини, истилочилар хўрловидан зўрға қутулган она тилимиз тақдирига жонкуярлик руҳи билан суғорилмиш “Сўз латофати” рисоласини алоҳида бир олам дейиш мумкин. 

Мана, букун боғларимга

қайтиб келди булбуллар,

Ҳур Ватанга ҳур қўшиқлар

айтиб келди булбуллар.

 

Чаманларда шўх сайрасин,

завққа тўлсин булбуллар,

Қайтмас бўлиб Ватанимга

келган бўлсин булбуллар.

Эркин Воҳидов юртимиз озодлигини ана шундай ўсмирона жўшқинлик, ана шундай покиза умидлар билан қаршилади. Ўз навбатида, мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейингина шоир ҳам чинакам қадрини топди, асарлари муносиб баҳосини олди. Номи ардоқланиб, адибларимиз ичра биринчилар қаторида Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, юксак-юксак нишонларга сазовор бўлди, кўп жилдлик китоблари нашр қилина бошлади, эски замон зайли ила панада сарғайиб ётишга маҳкум этилган ёки бир жойи силлиқланиб, бир жойи умуман қайчиланиб босилган шеърлари ниҳоят бор басти билан ёруғликка чиқди,  ўхшашсиз кўркини тўлиғича кўрсатди. Эмин-эркин турмушимиз, истиқболдаги саодатимизни шарафловчи бири-биридан кўтаринки, бири-биридан ажойиб янги шеърлари баланд-баланд оҳангларда жаранглай бошлади. Ижоддан ташқари давлат ва жамоат ишларида ҳам тинимсиз фаоллик кўрсатиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, юртимиз ободлигини, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга имкон қадар кўпроқ улуш қўшиш учун умрининг охирига қадар астойдил тер тўкиб келгани эса, давлатимизнинг эҳтиром ва ғамхўрликларига нисбатан шоир томонидан берилган муносиб жавоб, чексиз ташаккурлар -белгиси эди, албатта.

Устозимизнинг Ватанга бағишланган бир ғазалида шундай сўзлар битилган:

Бугун бор, эрта йўқ жисмим,

Валек руҳим учун мангу

Сенинг мангулигинг даркор,

Сенингдирман, сенингдирман.

Ўзлигини, мустақиллигини ориятга менгзатгучи донишманд халқимизнинг меҳрига йўғрилган шу табаррук тупроқ мангу барқарор экан, элпарвар шоиримизнинг хотираси ҳам ҳамиша ёдимизда!

 

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган