• 13 Май 2016

Мумтоз санъатимиз довруғи

Германиянинг Шветцинген шаҳрида (Баден-Вюртемберг федерал ери) Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва маданиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир мамлакатимизнинг Франкфуртдаги Бош консуллиги томонидан Шветцинген шаҳар маъмурияти ҳамда маҳаллий мусиқа мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда ўзбек халқининг кўҳна мероси ва ўзига хос маданияти билан боғлиқ батафсил маълумотлар тақдимотидан сўнг иштирокчилар эътиборига ўзбек ҳамда немис санъат усталари концерт дастури ҳавола қилинди. Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Сайёра ўофурова ижросидаги мумтоз мусиқалар, жумладан, Людвиг ван Бетховен асарлари, ўзбек бастакорларидан А. Набиевнинг “Тановар”, С. Юдаковнинг “Фарғона рақси” сингари композициялари тадбир бўлиб ўтган “Palais Hirsch Schwetzingen” қасрида зўр олқишлар билан кутиб олинди.

Шунингдек, тақдимот доирасида Шветцинген мусиқа мактабининг концертлар залида ушбу таълим муассасасининг ўқувчилари учун маҳорат дарси ҳам уюштирилди. Халқимизнинг тарихий мероси ва маданиятига бағишланган мазкур тақдимот маросими маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Шветцинген мусиқа мактаби раҳбари Т. Ворм-Савосская “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига тадбирдан орттирган таассуротларини сўзлаб берар экан, қуйидагиларни таъкидлади.

— Ўзбекистон ҳозирги пайтда таълим соҳаси, жумладан, мумтоз мусиқа санъати ривожи даражасининг юқорилиги билан ҳам ажралиб туради, — деди у. — Дунёда бундай мамлакатлар кўп эмас. Бугун шаҳримизда бўлиб ўтган концерт ҳамда маҳорат дарси юзасидан мутахассислар билдирган ижобий фикр-мулоҳазалар, ўзбек санъаткорларининг жаҳон саҳналарида юқори ўринларни эгаллаб келаётгани бунинг тасдиғидир. Мамлакатингиз миллий мусиқа таълими тизими ҳамда ўз мусиқачиларининг ижрочилик маҳорати билан фахрланса, арзийди.

Концерт қатнашчиси Олафф Ханс маданий анжуман ҳақида ўз ҳаяжонларини яшира олмади.

— Ўзбекистонлик мусиқачиларнинг иқтидори ва маҳоратидан баҳрамандлик, қолаверса, юртингиз бағрида жойлашган гўзал тарихий шаҳарлар тақдимоти қалбимда -ажойиб ўлкангизни ўз кўзим билан кўриш истагини пайдо қилди, — деди у. — Бетховен асарлари немис заминида яратилган бўлса-да, уларнинг юксак даражадаги ижроси ўзбек санъат усталарига тегишли эканлигига бугун амин бўлдим.

«Жаҳон» АА.

Франкфурт

 

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « «Қадрият, эътибор ва эъзоз» Ҳаёт чашмаси »