«Шарқ тароналари» Жанубий Корея санъаткорлари нигоҳида
  • 09 Июль 2015

«Шарқ тароналари» Жанубий Корея санъаткорлари нигоҳида

Маълумки, айни пайтда Самарқанд шаҳрида анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу нуфузли маданий анжуманнинг хорижлик иштирокчилари ҳам мамлакатимизга келишни интиқлик билан кутишаётир.

Фестивалда ўз иқтидорини намойиш қилиш олдидан Корея Республикаси санъаткорлари Регистон майдони саҳнасидаги чиқишларига фаол тайёргарлик кўришаяпти. Бунинг учун куй-қўшиқларни астойдил машқ қилишдан ташқари, муносиб композиция ва либослар ҳам тайёрланмоқда.
Мазкур анъанавий халқаро анжуман олдидан “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири Сеулда Жанубий Кореянинг санъаткорлари делегацияси аъзолари билан суҳбатда бўлди.

Мун Хюнг Сук,
делегация раҳбари, Фольклор ижодиёти халқаро ташкилотининг Осиё мамлакатлари бўйича бош директори:
— Гўзал Самарқанддаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида 20 йил мобайнида Корея Республикасидан кўплаб ижодий гуруҳлар иштирок этган. Бундай тадбирларда қатнашар экансиз, ўзингиз учун ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятидаги янги саҳифаларни кашф қиласиз, янги дўстлар орттирасиз, тажриба ва ғоялар алмашишга муяссар бўласиз...
“Шарқ тароналари”да яна бир бор иштирок этиш мен учун улкан шарафдир. Биз “Poong Ryu” ижодий мусиқа гуруҳи билан биргаликда ажойиб дастур тайёрлаганмиз. Умид қиламанки, у Самарқандда барчага хуш келади. Ўз навбатида, ушбу халқаро мусиқа фестивали чоғида бошқа иштирокчи мамлакатларнинг мусиқий маданияти билан танишишни орзиқиб кутаяпман.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, бундай нуфузли ва анъанавий халқаро мусиқа анжумани халқлар ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилиши катта эътиборга моликдир.

Ли Чонг Хва,
“Poong Ryu” ижодий жамоаси рақс гуруҳи раҳбари:
— “Шарқ тароналари”дек маҳобатли халқаро маданий анжуманда дунёнинг 54 мамлакати вакиллари қаторида иштирок этишимиздан беҳад мамнунмиз.
Бундай фестиваллар куй-қўшиқ ихлосмандларига дунё халқларининг, шу жумладан, Корея Республикаси жамоаси вакилларининг чиқишлари билан яқиндан танишиш учун ажойиб имконият яратади.
Фурсатдан фойдаланиб, “Шарқ тароналари”нинг барча қатнашчисига омад ёр бўлсин, дейман. Ўзбекистондек кўҳна заминдаги ижодий сафарлари мазмунли ўтишига тилакдошман.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn