Эътибор, ғамхўрлик, эътироф
  • 09 Июль 2015

Эътибор, ғамхўрлик, эътироф

Пойтахтимизда “Ниҳол” мукофоти танловининг республика босқичи бошланди. Мамлакатимизда ёш авлодни юксак фазилатлар соҳиби этиб вояга етказиш, бунда комил инсон тарбиясида муҳим ўрин тутувчи миллий мусиқа санъатини янада равнақ топтириш, унинг ўзига хос мактаб ҳамда йўналишларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2000 йилда таъсис қилинган анъанавий “Ниҳол” мукофоти танлови бу борада алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳар икки йилда ўтказилиши мўлжалланган ушбу нуфузли ижодий кўрикда 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган истеъдод эгалари эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш қилишади. Ўтган йиллар мобайнида мазкур мукофотга 152 нафар йигит-қиз сазовор бўлди. Улар бугунги кунда миллий мусиқа санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.
Жорий йилда мазкур танловнинг ҳудудий босқичларида 13 мингдан ортиқ ёш иқтидор эгаси иштирок этди. Бу эса ўтган йилдагига нисбатан қарийб минг нафар кўпдир. Шунинг ўзиёқ танлов қамрови кенгайиб, нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрсатади.
Ижодий лойиҳанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ўз маҳоратини синовдан ўтказган 940 нафар йигит-қиздан 172 нафари финалда қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
— Эстрада йўналишида бир нечта қўшиқлар тайёрлаб келганмиз, — дейди ёш санъаткор Фарҳод Сулаймонов. — Албатта, “Ниҳол” мукофоти учун ўтказилаётган танловнинг мамлакат босқичига етиб келиш катта масъулият ва иқтидор талаб этади. Ишонамизки, бу ижодий фаолиятимизнинг такрорланмас онларидан бири бўлиб қолади.
Танловнинг дастлабки кунида Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахт вакилларининг мусиқий намуналари намойиш қилинди.
Танлов 11 июль куни якунига етади.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn