XS.UZ
Ўзбекистон Президенти «Газпром» компанияси бошқаруви раисини қабул қилди Алексей Миллер: ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз изчил давом этади Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот Тиббий хизмат сифатини оширишнинг таъсирчан омили Рус тили маркази очилди Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим мезони Корея Республикаси делегацияси учрашувлари Одамларнинг қонуний мурожаатларини ҳал этиш — устувор вазифа Халқимизнинг розилиги – барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаидир 2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолати кучайтирилмоқда Депутатлар ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон ва Польша Президентлари бир-бирларини қутладилар Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг амалий ифодаси Замонавий кўприклар халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади Ёш мутахассисларга муносиб иш жойлари Кооперацион алоқалар кенгаймоқда Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг юксак самаралари Дипломатлар шахматда беллашди Ишлаб чиқариш кластери инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичидир Мавқеини мустаҳкамламоқда Сердаромад ва истиқболли соҳа Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида Автомобилни бошқармаслик учун имтиёз Япония киноси кунлари бошланди Қизилқумлик ёшларга туҳфа
  • 21 Февраль 2015

Буюк алломалар илмий мероси: Миллий мафкура ва экологик маданият

Шу муқаддас заминимизда яшаган улуғ аждодларимиз бундан кўп асрлар илгари ҳозирги замонавий илм-фанга пойдевор қўйиб, уни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшишган. Хусусан, улар математика, астрономия, геодезия, география, тарих, арифметика, фармакология, тиббиёт, фалсафа ва тилшунослик соҳаларидаги қомусий ишлари, ихтиролари билан жаҳон цивилизацияси равнақида ўчмас из қолдирганлар.

Fарбда “Нур Шарқдан таралади” деган иборанинг пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас.
Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, ал-Ҳаким ат-Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби бобокалонларимиздан қолган илмий-маънавий мерос Шарқ уйғониш даврининг дурдоналари мақомида дунё аҳли томонидан ҳақли равишда тан олинган. Айниқса, Марказий Осиё ўрта асрлар илмий-маданий марказларидан бири сифатида бошқа минтақалардаги Ренессанс жараёнига ижобий таъсир кўрсатгани жаҳон илм-фанида ўз тасдиғини топган.
2014 йилнинг май ойида Самарқандда дунёнинг элликка яқин мамлакатидан келган олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар вакиллари, экспертлар иштирокида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида ўтказилган халқаро конференция ва давлатимиз раҳбарининг унинг очилиш маросимидаги маърузаси улуғ аждодларимизнинг ана шундай бой маънавий мероси аҳамиятини яна бир карра чуқур англаш имконини берди.
Табиат ҳодисаларига оид такомиллашиб, тадрижий ривожланиб борган тушунча ва таълимотлар, инсоннинг табиат билан боғлиқлиги тўғрисидаги маълумотлар илк маротаба “Авесто” ҳамда Шарқ Ренессанси даврида ижод қилган мутафаккирлар асарларида ўз ифодасини топган. Ўз навбатида, Амир Темур, Алишер Навоий сингари давлат арбоблари томонидан ободонлаштириш, боғ-роғлар барпо этиш, суғориш тизимларини ривожлантириш каби эзгу юмушлар доимо қўллаб-қувватлаб келинган. Бинобарин, табиатга эҳтиром, унинг сиру синоатларини англаб етишга интилиш илмий асарларда яққол ифодасини топиб, жаҳон илм-фанига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилди. Бу, албатта, бизга катта ифтихор ва ғурур бағишлайди.
Улардан бири инсоният интеллектуал тарихида чуқур из қолдирган илмий мактаб — Хоразм Маъмун академиясида самарали фаолият олиб борган Абу Райҳон Беруний ҳисобланади. Манбаларда айтилишича, улуғ қомусий аллома 150 дан зиёд асар ёзган. Улардан фақат 31 таси бизгача етиб келган.
Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганидек, “Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этди, Ер радиусини ҳисоблаб чиқди, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди, Колумб саёҳатидан 500 йил олдин Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурди, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқди, геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам XI аср дунё табиий фанлар тарихчилари томонидан “Беруний асри” деб аталиши бежиз эмас”.
Дарҳақиқат, табиат неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларни қадрлаш ва ҳар томонлама ўрганиш миллий маънавиятимизга чуқур сингган, халқимизга хос эзгу фазилат ҳисобланади. Абу Райҳон Берунийнинг “Сайдана” асарида 1118 турдаги доривор, шу жумладан, 750 та ўсимлик ҳамда 101 ҳайвонга батафсил таъриф берилади. У ўз ишида араб, юнон, ҳинд, форс, сўғд ва бошқа тилларга оид 4500 та ўсимлик номи, ҳайвон, минерал ва улардан олинадиган маҳсулотлар ҳақида маълумот тўплаб, ўша давр доришунослик атамаларини тартибга солишга ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Унинг илмий даҳолиги шундаки, тадқиқотлари, тажрибаларида табиатдаги барча ҳодисалар муайян табиий қонуният асосида юз беради, ташқи кучнинг таъсири уни издан чиқариши мумкин, деган хулосага келади. Берунийнинг “Агар инсонлар табиатга нисбатан зўравонлик қилиб, унинг қонунларини қўполлик билан бузсалар, бир кун келиб, табиат уларнинг бошига шундай кулфатларни солиши мумкинки, буни ҳеч қандай куч қайтара олмас” деган сўзи бугунги глобал экологик муаммоларнинг бундан минг йил олдин башорат қилинганини кўрсатади.
Бу борада Абу Наср Форобийнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Унинг “Ҳиндистон дорилари ва доривор ўсимликлари”, “Инсон аъзолари ҳақида рисола”, “Ҳайвон аъзолари ҳақида сўз” каби асарлари алоҳида аҳамиятга эга. У Европа олимларидан бир неча аср аввал физиология фанига илмий асос солганлигининг ўзиёқ жаҳон илм-фани тараққиёти бешигини кимлар тебратганини исботлаб турибди.
Хоразмий эса ўзининг “Китоб сурат ул-арз” номли асарида 637 та ноёб табиий жой, 209 та тоғнинг географик тафсилотини берган, денгизлар, дарёлар ва океанлар ҳавзаси шаклини, улардаги оролларнинг жойлашуви ҳақида муҳим маълумотларни баён этган.
Амир Темур ҳам табиатга катта меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлган. У мамлакатда, биринчи галда, ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратган. “Темур тузуклари”да айтилишича, Соҳибқирон қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштирганларни рағбатлантирган. Шунингдек, мазкур асарда қаровсиз ерларни обод қилиш, уларни ҳосилдор ерларга айлантириш ҳақидаги кўрсатмаларнинг қайд этилгани ҳам диққатга сазовордир.
Асарда ёзилишича: “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса (яъни давлат ерларини бошқарувчи маҳкама) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю, обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин. Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига кўприклар солсинлар, йўл устида, ҳар бир манзилгоҳда работлар қурсинлар”.
Кези келганда шуни айтиш лозимки, Турон замини дунё миқёсида суғориладиган деҳқончиликнинг илк Ватани сифатида эътироф этилган. Шу боис ўлкамизда қадимдан суғорма деҳқончилик ривожланган, ирригация ва мелиорация соҳасида бой тажриба тўпланган. Хоразм, Бақтрия, Сўғдиёна, Парфия, Кушон, Сомонийлар, Қорахонийлар, Темурийлар ва бошқа давлатларнинг пайдо бўлишида, сиёсий, иқтисодий, маданий ривожланишида суғориш ишлари алоҳида ўрин тутган. Давлат бошқарувида сувдан оқилона фойдаланишга катта аҳамият берилгани, миробларга давлат арбоби сифатида муносабатда бўлингани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.
Кўриниб турибдики, атроф-муҳитга эътибор ҳар бир даврда долзарб аҳамият касб этган. Шу маънода, замонавий экология бундан қарийб 150 йил аввал немис олими Эрнест Геккель таърифлаб берган “Экология” тушунчасидан тубдан фарқ қилади. Унинг фикрича, ҳар қандай организмнинг тадрижий ривожланишига фақат вужуд ичида кечадиган соф биологик, биофизик, биокимёвий ва бошқа жараёнлар таъсир этибгина қолмай, унинг тараққиётига ташқи муҳит ҳам фаол таъсир қилади. Ваҳолонки, бугун экология ўз ичига 70 та фундаментал фанни қамраб олган кўп қиррали фандир. Экология инсон билан уни ўраб турган атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро муносабатни, таъсирни ўрганувчи, таҳлил қилувчи ва истиқболини белгилаб берувчи илмий, амалий йўналишлар мажмуи ҳисобланади.
Экология фанига оид тадқиқотлар кўп йўналишлар бўйича олиб борилган бўлса-да, бироқ халқимизнинг экологик маданияти, миллий экологик анъаналари ҳанузгача чуқур ўрганилмай келинмоқда. Зеро, бизда азалдан ҳамиша табиат ва инсон уйғунлигига эришишни таъминлашга интилиб, келгуси авлод учун она-заминимизни асраб-авайлаб, у билан боғлиқ асрий қадриятлардан иборат маданий меросга таяниб келинган. Шу сабабли миллий маънавиятимиз салоҳиятини акс эттирувчи ва ажралмас бир қисми бўлмиш табиат, унинг саховатини улуғлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқимиздаги миллий маданият, билимлар, анъаналар, тажрибалар, меросларни бир тизимга келтириб, таҳлил қилиб, улардан мустақил мамлакатимиз олдида турган долзарб экологик муаммоларни ҳал этишда фойдаланишимиз зарур. Бу келажак авлодга озод ва обод Ватан, мусаффо табиат, ноёб табиий бойликларни аслидек мерос қилиб қолдириш билан боғлиқ эзгу ишда дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда экологик муаммолар инсоният олдида турган энг асосий масалалардан биридир. Уларни ҳал этиш ва экологик хавфни бартараф қилишнинг долзарблиги Президентимиз томонидан “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида батафсил ёритиб берилган.
Шу маънода, миллий маънавиятимизнинг серқирра ва теран илдизларига таянган ҳолда, мафкуравий тарбия йўналишларини ишлаб чиқишда экологик мафкура, таълим ва тарбия тизимини яратиш алоҳида ўрин тутиши лозим. Бу борадаги саъй-ҳаракатларга фаолият кўламини тобора кенгайтириб бораётган Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳақиқий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилади. Чунки Экоҳаракатнинг мақсад ҳамда вазифалари халқимизнинг асрлар оша синовда тобланган эзгу қадриятлари билан ҳамоҳангдир. Мамлакатимизда мазкур устувор йўналишларни амалга оширишда давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг иштирок этиши кафолатланибгина қолмай, уларнинг ташаббуслари ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”.

Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган