Боқий қадриятлар кўзгуси
  • 11 Сентябрь 2014

Боқий қадриятлар кўзгуси

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд азалдан хорижий  сайёҳларни ҳам, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюраётган  юртдошларимизни ҳам доимо ўзига чорлаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, халқимизнинг азалий қадрияти — ўзбекона меҳмоннавозлик туфайли кўҳна шаҳарнинг сайёҳлик салоҳияти йил сайин ортиб бормоқда.

Қадимий Самарқандда ҳозирги пайтда кўплаб ёдгорликлар асраб-авайланаётган бўлиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ушбу марварид шаҳарга келадиган меҳмонлар нафақат бу ердаги тарихий ва маданий ёдгорликлар, кўҳна обидалар билан яқиндан танишишни, балки миллий ҳунармандлик устахоналари, чойхона ва миллий таомлар ошхоналари, Самарқанднинг дунёга машҳур нонлари тайёрланадиган новвойхоналарга ҳам ташриф буюришни яхши кўришади. Эндиликда ушбу масканлар сафига Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети қошида очилган илмий-амалий музей-лабораторияси ҳам қўшилди.
Мазкур музей-лаборатория “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган Музейлар ҳафталиги доирасида очилди.
— Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда шаклланган илм-фан мактаблари фаолиятини ривожлантириш, буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ундан халқимизни баҳраманд этиш, аждодларимизнинг инсоният цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини бутун дунёда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир, — дейди Самарқанд давлат университети ректори Улуғбек Тошкенбоев. — Жорий йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам мамлакатимизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқаро экспертлар томонидан яна бир бор эътироф этилгани барчамизга фахр-ифтихор бағишлади. Бинобарин, университетимиз қошида яратилган илмий-амалий музей-лаборатория ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси билан фахрланиш туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд йирик илмий марказга айланиб, бу ерда бир нечта мадрасалар ташкил этилган. Мирзо Улуғбек асос солган астрономия мактабида ушбу соҳага беқиёс ҳисса қўшган алломалар фаолият олиб борган. Шу боис музей-лабораторияда дастлаб мазкур даврга оид маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди. Бу ерда Алишер Навоий адабий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган бўлим ҳам мавжуд.
— Самарқандга бир марта келган инсон бу ерга умрбод мафтун бўлиб қолади, деганлари рост экан, — дейди ўз таассуротларини тўлқинланиб айтиб берган италиялик сайёҳ Марко Донатани. — Саёҳатим давомида кўплаб масканларни айландим. Самарқанд давлат университети қошида очилган илмий-амалий музей-лабораториядаги турли археологик топилмалар, этнография буюмлари, тарихий суратлар, ҳужжатлар менда катта қизиқиш уйғотди.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn