«Бори элға яхшилик қилғилки...»
  • 14 Февраль 2018

«Бори элға яхшилик қилғилки...»

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти, фаолияти, ижоди хусусида гап кетар экан, баъзан шоҳ Бобур ва шоир Бобурни икки қутб сифатида талқин қиламиз. Аслида бир вужудда икки сиймо яшамайди. Шунинг учун буюк давлат барпо қилган Бобур ҳамда етук асарлар муаллифи Бобурни бирорта ўринда бир-биридан айро тасаввур қилиш мумкин эмас.

Мисол тариқасида “Бобурнома”да ўқиймиз: “(Абдуллатиф) бу ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди”. Ушбу жумла, юқорида қайд қилинганидек, Бобур шахсиятининг нозик қирраларидан бирини ўзида акс эттиради.

Шу жумланинг ўзи Бобур, гарчи бутун фаолиятини давлат тизгинини тутиб туришга бағишлаган бўлса ҳам, тожу тахт муайян бир шахс манфаатлари эмас, балки элу юрт қайғуси, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиши лозимлиги, ҳукмдорлик эса халққа, элга, тасарруф имкониятларидан келиб чиқиб, бутун инсониятга яхшилик қилиш, эзгулик улашиш, келажак авлод олдида ёруғ юзли бўлишга восита эканини теран тафаккур билан англаганини кўрсатиб  турибди. Жумладаги “ўтар дунё” тушунчаси Бобур дунёқараши, ҳаёти давомида амал қилган муҳим ақидалардан бири эканини шоир лирикасида ҳам мушоҳада қиламиз:

Бори элға яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилик.

Байтда қўлланилган “дунё” маъносидаги “даҳр” сўзи аслида “вақт”, “лаҳза” маъносини англатишини назарда тутсак, шоҳ ва шоир сиймоси, сийрати кўз олдимизда яққолроқ намоён бўлади. 

Жумладаги эътиборли жиҳатлардан бири, одатда, “ота” тушунчаси “падар”, “падари бузруквор”, “бузругвор” каби эвфемик бирликлар билан бериладиган асарда Бобур бағоят самимиятдан “ота” сўзини ишлатади. Натижада ўқувчи кўз ўнгида Улуғбек, биринчи навбатда, ота қиёфасида гавдаланади. Бу эса мазкур жумладаги руҳият, самимиятнинг беш юз йилдан бери оҳорини тўкмай етиб келишига сабаб бўлган. Шунингдек, Бобур асар давомида бер неча ўринда “отам”, “онам”, “менинг онам” каби сўз ва бирикмаларни ишлатиши “Бобурнома” умрибоқийлигининг бош омилларидан бири самимиятдир, деган хулосага асос бўлади. 

Гапда уюшиқ бўлакларнинг қайси ўринда келиши грамматик жиҳатдан аҳамиятсиз бўлса ҳам, психологик томондан, инсон руҳиятига таъсири жиҳатидан муҳим. Бунда аввало, нутқ эгасининг руҳий ҳолати, тингловчига муносабати, бирор воқеликнинг қайсидир нуқтасига эътибор қаратаётгани акс этади. Юқоридаги жумладан Бобур нигоҳида Улуғбек, инсон сифатида, қирқ йил давомида давлатни бошқарган ҳукмдор сифатида, “илмий осмоний” (Алишер Навоий) алломаси сифатида, энг аввало, донишманд эканини англаб оламиз. Бобур айтганидек, “ўтар дунё”, ундаги муваққат ҳашамат бундай донишмандни қатл қилишга арзимайди. Бундан ташқари, ул зот қари, кекса. Жумла оҳангидан Абдуллатиф учун тожу тахтни қонуний, маврусий йўл билан олиш имконияти ҳам бор бўлиб, авлодлар олдида юзи қаро бўлганидан афсусланиш ҳиссини ҳам сезамиз. Биз сўз юритаётган жумла Бобурнинг сиёсий фаолиятига ҳам ойдинлик киритиб, унинг бу майдонга эрта чиқишига фақат ва фақат отаси Умаршайх Мирзонинг бевақт вафоти боис бўлган, деган мулоҳазамизга асос бўлади. Демак, Бобур учун тахт ўз ҳаётий тамойиллари ва эзгулик йўлидаги ниятларини амалга ошириш воситаси, холос.     

Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб” тазкирасида Бобурнинг қуйидаги байтини “бу байт кўп судманд (фойдали) ва ваъзда айтиш учун дилписанддир” деган таъкид билан келтиради:

Неким, тақдир бўлса ул бўлур, таҳқиқ билгайсен,

Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда. 

Бобурнинг шу ўринда Низомийнинг машҳур байтини келтириши, Улуғбек ва Абдуллатиф вафоти таърихларини “тавре воқеъ бўлубтур” дея ҳайрат билан қайд этиши ўқувчини беэътибор қолдирмайди, хусусан, ўзидаги ички бир ҳаяжон, қандайдир бир самимий ҳисларни ўқувчига ҳам сингдира олади. Очиғи, бу жумлани бугун ўқисак, деярли беш юз етмиш йил олдинги воқеа кўз ўнгимизда содир бўлгандек таъсирланамиз. Бобур самимиятга йўғрилган она тилимиз имкониятлари билан беш асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, ўқувчи руҳиятини ўзига тобе қилиш, бобурона айтганда, мусаххар қилишга эришиб келмоқда.            

Таъкидламоқчимизки, “Бобурнома”нинг нафақат лексикаси, унинг грамматик хусусиятлари тилшуносликнинг бугунги тараққиёти доирасида, яъни Бобур шахси билан боғлиқ ҳолатда талқин қилинса, унинг бутун ҳаёт йўли, ижодий фаолияти, жаҳон тамаддунидаги ўрни, авлодлар олдидаги хизмати яна ҳам яққолроқ намоён бўлиб бораверади. 

Абдулла ЎРОЗБОЕВ,

филология фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn