Тошкент марказий экобоғида “Назм гулшани” мавзуида акция
Тошкент марказий экобоғида “Назм гулшани” мавзуида акция Фото: Динара ЧИРКОВА/ “Халқ сўзи”/
  • 14 Февраль 2018

Тошкент марказий экобоғида “Назм гулшани” мавзуида акция

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент марказий экобоғида Республика болалар кутубхонаси томонидан “Назм гулшани” мавзуида акция уюштирилди.

Унда юртимизда буюк шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси, бетакрор ижоди қадру эъзоз топаётгани қайд этилди. Улуғ аждодимизнинг ижоди умумтаълим мактаблари, коллеж ҳамда лицейлар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, ахборот-ресурс марказларида кенг ўрганилмоқда. Шу билан бирга, шоир мероси бастакор ва хонандалар, созандалар, мусаввирлар учун битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаяпти.

Ўғил-қизлар қалбида адабиётга меҳр уйғотиш, улуғ бобомизни хотирлаш ҳамда унинг асарларини ёшлар орасида оммалаштириш мақсадида ташкил этилган ушбу акцияда ёзувчи ҳамда шоирлар, адабиётшунос олимлар, маданият ва санъат намояндалари, адабиёт ихлосмандлари, иқтидорли ёшлар қатнашди.

Иштирокчиларда қизиқиш уйғотиш мақсадида акцияга креатив ёндашилди: экобоғни сайр қилишга келган юртдошларимизга Заҳириддин Муҳаммад  Бобур ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ саволлар берилди, унинг асарларидан намуналар ўқиб бериш сўралди. Шунингдек, акция қатнашчилари турли қизиқарли шартларни ўз ичига олган интерфаол ўйинларда  билимларини синаб кўрдилар.

— Ушбу тадбир асносида буюк бобомиз асарларининг маъносини янада теран англадим, — дейди Яккасарой туманидаги 231-умумтаълим мактаби ўқувчиси Диёра Қўчқорова. — Шоир: 

“Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши, 

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши. 

Кўнглим бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ, 

Ғурбатда севинмас эмиш, албатта, киши”, 

дея яқинларидан айрилиқда, ўз юртидан ғарибликда юрган кишининг кўнгли шод бўлмаслигини уқтиради. Бундай мисралар қалбимизда нозик туйғуларни уйғотади.  

Тадбир якунида фаол иштирокчиларга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент марказий экобоғи аттракционларидан бепул фойдаланиш имконияти ва “Болалар адабиёти” журнали тақдим этилди.

Д. ЙЎЛДОШЕВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn