Эйжи МАНО: «Бобурнома» — жаҳон адабиётининг беқиёс мулки
  • 14 Февраль 2018

Эйжи МАНО: «Бобурнома» — жаҳон адабиётининг беқиёс мулки

 

Шундай асарлар бўладики, қайта-қайта ўқигинг келади. Ҳар гал такрор мутолаада эса ундан янгича, илгари унчалик англамаган маъноларни тушуниб етасиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари мен учун ана шу жиҳати билан аҳамиятлидир. У билан танишар эканман, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон географиясининг ўша давр учун тенгсиз таърифини, ана шу пайтда яшаб ўтган кишиларнинг батафсил тавсифини англайман. 

Бобур ўз сатрларида образларни моҳирона ифодалашга эришган. Масалан, Умар Шайх Мирзонинг ташқи кўриниши ва одатлари юзасидан мисраларга эътибор беринг: “У паст бўйли, пахмоқ соқолли, лўппи юзли, тўла киши эди. Тўнни бисёр тор кияр эди, андоғким, боғ боғлатурда қорнини ичига тортиб боғлатур эди, боғ боғлағондин сўнг ўзини қўя берса, бисёр бўлур эдиким, боғлари узулур эди. У киймоқда ва емоқда бетакаллуф эди. Дасторни дасторпеч чирмар эди. Бу таъриф ила биз Бобур отасининг кўриниши ва одатлари ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилишимиз мумкин.

Бобур Султон Аҳмад Мирзо, Султон Маҳмуд Мирзо, Бойсунғур Мирзо ҳамда Султон Ҳусайн Мирзонинг кўриниши ва урф-одатларини ҳам тасвирлайди. Уларнинг барчаси темурийлар сулоласи вакиллари ва Бобурнинг қариндошлари. Бу таърифлар жуда ёрқин ва жуда қизиқарли.

“Султон Аҳмад Мирзо баланд бўйли, кучли, қунқор соқолли ва қизил юзли одам эди”.

“Султон Маҳмуд Мирзо паст бўйли, бақувват, бурма соқолли, суҳансизроқ киши эди”.

“Бойсунғур Мирзо улуғ кўзли, қўба юзли, ўрта бўйли, туркман чеҳралик ва малоҳатли йигит эди”.

“Султон Ҳусайн Мирзо қийиқ кўзли, шеркелбат киши эди. Белидан пасти ингичка эди... Мафосил хасталиги туфайли намоз ўқий олмас, рўза ҳам тутмасди”.

Уларнинг ташқи қиёфаси ҳақидаги таърифлари аниқ ва ёрқин, биз уларнинг кўринишини осонгина тасаввур қилишимиз мумкин. Қизиғи шундаки, гарчи Султон Аҳмад Мирзо ва Султон Маҳмуд Мирзо туғишган ака-ука бўлса-да, биринчиси баланд бўйли, кейингиси эса паст бўйли эди. Бироқ уларнинг иккиси ҳам бақувват эди.

Бобур Умар Шайх Мирзонинг хулқ-атворини қуйидагича тасвирлайди: “У ҳанафий мазҳаблик ва покиза эътиқодлик киши эди, беш вақт намозни тарк қилмас эди. Умрий қазоларини тамом қилиб эди, аксар тиловат қилур эди. Ҳазрат Ҳожа Убайдуллога иродати бор эди, суҳбатлариға бисёр мушарраф бўлуб эди. Ҳазрат Ҳожа ҳам фарзанд деб эдилар. Равон саводи бор эди”. “Ҳамсатайн” ва маснавий китобларни ва тарихларни ўқуб эди. Аксар “Шоҳнома” ўқур эди. Таъби назми бор эди, вале шеърға парво қилмас эди”.

Юқоридагилар билан Бобур отасининг ҳақиқатпарварлигини баён этади ва отасининг гўзал хулқига мисол келтиради. “Бисёр саховати бор эрди. Хулқи дағи саховатича бор эрди, хушхулқ ва ҳарроф ва фасиҳ ва ширин забон киши эрди, шу жўва мардона киши эрди. Ўқни ўрта чоғлиқ отар эди, бисёр зарб мушти бор эди, анинг муштидан йигит йиқилмоғон йўтур. Мулкгирлик дағдағаси жиҳатидин ҳейли ярашлар урушқа ва дўстлуқлар, душманлиққа муб аддал бўлур эди. Бурунлар кўп ичар эди, сўнгралар ҳафтада бир-иккита қатла суҳбат тутар эди, хушсуҳбат киши эди. Тақриб била ҳўб абёт ўқур эди”.

“Бобурнома”даги персонажларга Бобурнинг тавсифи ёрқин ва ранг-баранг. Унинг ўзи тавсифлари тамойилини қуйидагича изоҳлайди: “Мен бор ҳақиқатни ёздим... Мен нима содир бўлганини борича ёздим. Менинг ҳикоямда ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини ёзишни ва ҳар бир ҳодисани айнан қандай содир бўлганини тушуришни вазифасини қўйдим. Мен ўз қариндошларим орасида кўрган ҳар қандай яхшилик ва ёмонликни белгилаб қўйганимдан сўнг, ўз ватандошларим ва мусофирларимнинг барча фазилатларини ва камчиликларини аниқладим”.

Бобур ўз даврининг ҳукмдорлари ҳамда шаҳзодаларига тенг мақомга эга бўлганлиги сабабли, улар ҳақида ҳамма нарсани билган ва кўрган нарсаларини айнан қоғозга туширган. Қаҳрамонларни тавсифлаш орқали вақт фазаларини аниқлаштириш бу асар тарихий ёзувида беқиёс ҳамда ўзига хос усул бўлган. Биз уни ўз давридан илгарилаб кетган, деб айта оламиз.

Бобур қаҳрамонларининг ажойиб тавсифлари туфайли биз яқин келажакда темурийлар сулоласининг инқирозга юз тутишини шубҳасиз тахмин қила олишимиз мумкин.

Бобур ва “Бобурнома” ҳақида айтилмаган фикрлар ҳали жуда кўп. Боиси, асар ҳам, унинг муаллифи ҳам ҳар бир замонда жаҳон адабиётининг беқиёс мулки ҳисобланади. 

Эйжи МАНО,

Япониянинг Рюкоку университети профессори, бобуршунос олим.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn