Диний  бағрикенглик — халқимизга хос фазилат
Диний  бағрикенглик — халқимизга хос фазилат Фото: gwangjunewsgic.com
  • 13 Февраль 2018

Диний  бағрикенглик — халқимизга хос фазилат

Ҳар тонг газета ўқиб, телевизор кўриб, кенг хабарлар оқимидан юртимиздаги ўзгариш ва янгиликлардан воқиф бўламиз. Айни пайтда дунёга ҳам назар соламиз. Ватанимиздаги ислоҳотлар, хушхабарлар дилимизни ёритса, жаҳон айвонида — айрим минтақаларда юз бераётган уруш-жанжаллар, террорчилик хуружлари, қўпорувчилик, қонли тўқнашувлар, диний экстремизм ва бошқа низолар ҳамда уларнинг оқибатлари кишини чуқур ўйга толдиради.

Бундай хунрезликлар, нотинчликлар нега ҳеч барҳам топмаяпти? Кескинлик ўчоқлари камайиш ўрнига нега кўпайиб бормоқда? 

Албатта, бу каби нотинчлик ва беқарорликлар хавфидан ҳеч қайси давлат ҳимоя қилинмаган. Шу боис ҳар бир мамлакат ўз сиёсатида тинчлик-осойишталикни сақлаш, хавфсизликни таъминлашга жиддий эътибор қаратади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шундай таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шартлигини алоҳида таъкидлади. Бу борада, аввало, шу йўналишда шаклланган тизим самарадорлигини янада ошириш, айниқса, диний масалалар билан бевосита шуғулланадиган ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш зарурлигини қайд этди. Хусусан, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари — барча-барчамиз биргаликда иш олиб боришимиз лозимлигини билдирди. Дарҳақиқат, ишни шу тарзда ташкил қилсак, ҳар биримиз бу масалага бефарқ бўлмасдан, ўз боламизни, ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрайдиган бўлсак, бундай бало-қазолар ҳаётимиздан йироқ бўлиши, шубҳасиз. 

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, диний экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича ишларни янада такомиллаштириш давр талабига айланмоқда. Айни пайтда ахборот ресурслари орқали тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибида алоҳида бўлинмалар ташкил этиш зарурати юзага келаётир.

Бағрикенглик  ўзгалар  динига  ва  маданиятига ҳурмат билан қараш, уларни  англаш, демакдир. Биламизки, жаҳолатга қарши маърифат билан курашган одам ютади. Шу боис ҳам жуда кўп миллат ва элат вакиллари яшайдиган мамлакатимизда диний бағрикенглик тамойиллари сўзда эмас, амалда таъминланган, миллатлараро тотувлик мустаҳкам қарор топган. Ватанимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари бир осмон остида, бир заминда тинч-тотув, аҳил-иноқ, баҳамжиҳат яшамоқда. Бунёдкор ғояларни рўёбга чиқариш йўлида фидокорона меҳнат қилаяпти.

Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ана шу фазилатлар Мурожаатномада ҳам ўз аксини топган. Президентимиз қайд этганидек, “жамиятимизда диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашни биз бундан буён ҳам энг долзарб ва эзгу вазифамиз деб биламиз. Шу мақсадда мамлакатимиздаги диний ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилади”. Чиндан ҳам, халқимиз азал-азалдан бошқа динларга, миллатларга самимийлик, дўстона ҳурмат билан қараб келган. Ҳадиси шарифларда, муқаддас китобларда бу борада жуда кўп ҳикматлар баён қилинган. Биз ана шу ҳикматлар замиридаги моҳиятни аҳоли, айниқса, ёшларимизга етказа олсак, мағзини чақишни ўргатсак, ҳеч ким тўғри йўлдан адашмайди. Миллатлараро дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланади. 

Андижон вилоятида ҳам турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил ва ҳамфикр бўлиб яшамоқда. Ўтган йили вилоятимиз марказидаги Рус православ қабристони обод қилинди. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори вилоятимизга ташрифи чоғида ушбу қабристонда олиб борилган эзгу ишлар билан танишар экан, Ўзбекистонда ўзга миллат ва дин вакилларининг мангу қўним топган маконлари ҳам юксак қадрланиб, эътиборда эканини кўриб қувонди. Бағрикенг ўзбек халқига қайта-қайта миннатдорлик изҳор қилди. Бундан ташқари, вилоятимизда фаолият олиб бораётган мусулмонлар, христианлар, католиклар, яҳудийлар, корейс протестантлари, арман апостол черкови вакиллари, умуман, барча дин вакилларига ўз эътиқоди эркинлигидан фойдаланиши, ибодатини амалга ошириши учун ҳамма шароит яратиб берилган. 

Зеро, диний бағрикенглик аҳоли ўртасида тинчлик ва тотувликни янада мустаҳкамлайди. Турли дин вакилларининг ўзаро ҳурмат ҳамда ишончини оширади. 

Тожибар ЮЛДАШЕВА, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 

Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Шаҳрихонсой» МФЙ раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn