Азизлари эъзозланган юрт
  • 13 Февраль 2018

Азизлари эъзозланган юрт

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. 

Инсон мавжудотлар орасида энг азизи ва мукаррамидир. Зеро, Аллоҳ таоло ва таборак одам боласини жамики бунёд этилганлардан кўра улуғ поғонага кўтариб, унга ақлу забон, онг ва тафаккур берди.

Бу билан инсоннинг, инсонийликнинг даражасини баланд қилди. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам инсон ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан бениҳоя қадрлидир. Негаки, бундай янгиланишу ўзгаришлар ҳар биримизни эзгуликка, яхшиликка ундаётгани, одамлар қалбида меҳр-оқибат, ўзаро самимият уйғотаётгани туфайли янада ибратлидир.

Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маънавий-маърифий йўналишдаги ташаббуслари, улуғ алломалар меросини ўрганиш, тадқиқ этиш борасидаги эътиборлари ҳамда муқаддас ислом динимизнинг асл моҳиятини тарғиб қилишга доир азму шижоати барчамизга бемисл қувонч ато этаётир. Кейинги бир йилда илгари хаёлимизга ҳам келмаган ишлар бажарилди. Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Калом, Ҳадис, Тасаввуф, Ақида, Фиқҳ илми бўйича 5 та илмий мактаб фаолиятининг йўлга қўйилиши, Имом Бухорий, Имом Термизий номидаги марказлар бунёд этилиши, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси иш бошлаши — булар ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги улкан бурилишлар.

Кузатаяпмиз, кўраяпмиз, Юртбошимиз қаерга борсалар, табаррук манзиллар, азиз-авлиёларимиз макон топган қадамжоларни зиёрат қилиб, бундай масканларни авайлаб асраш, янада обод этиш ҳақида кўрсатма ва топшириқлар бераяптилар. Бундан фахрланасан, хурсанд бўласан, киши. 

Қувонмай бўладими, ахир қарийб унут бўлаётган қадриятларимиз тикланаяпти, бутун умрини илму маърифат, дину диёнат йўлига бахшида этган бобокалонларимиз, устозларимиз хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Хусусан, давлатимиз раҳбари ўтган ҳафтада пойтахтимизда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида Чилонзор туманидаги  масжидда ҳам бўлиб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номларини юксак ҳурмат билан тилга олдилар. Марҳумнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўлқинланиб фикр билдирдилар. Дарҳақиқат, таъкидланганидек, устозимиз 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. “Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади, — дедилар Президентимиз. — У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она-Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетдилар, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш — барчамизнинг бурчимиздир”.

“Мен у киши билан кўп суҳбатлашганман, — дедилар Юртбошимиз ва Ҳазратимизнинг кўп китоб ўқимаган одамнинг маънавияти паст бўлишини таъкидлаганларини эсладилар. “Шу масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини берамиз, бу ерда у кишининг музейларини қиламиз, у кишига тегишли ҳамма нарса шу ерда туради”, деганлари эса ҳақиқий олижаноблик бўлди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган. 

Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди, деди Президентимиз. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, Ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали Ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20 — 30 киши Ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа ҳисобланган.

У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши Миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлганди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган.

Халқаро миқёсда катта ҳурмат-эҳтиром, обрў-эътибор қозонган Ҳазратимизнинг меросини ўрганиш, у кишидек қатъиятли ва чин эътиқод соҳиби бўлиш инсонни комилликка етаклайди. Шу боис давлатимиз раҳбарининг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хотирасини абадийлаштиришга оид фикрлари нафақат юртдошларимиз, балки чет элда яшовчи, қалби эзгуликка ошно кишилар томонидан улкан мамнуният, зўр қувонч билан кутиб олинди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бўлаётган тинимсиз қўнғироқлар, қўшни мамлакатлардан келаётган миннатдорлик мактублари, сайтлар, ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган фикрлар ул зотга бўлган улкан меҳр-муҳаббат, ихлос туфайлидир. 

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз умрини маърифатга бахшида этдилар. У кишининг диний ва дунёвий билимлари, ахлоқлари ҳавас қиларли даражада мукаммал эди. Кўпдан-кўп панду насиҳатлари, амру маъруфларини эшитиб, такрор сўз айтмасликларидан, ҳар доим гўзал мисоллар орқали қалбни тўлқинлантирадиган ҳолатда мулоҳаза юритишларидан ҳайратланардик. Мана шундай улуғ инсонларни тарбиялаган халқимиз борлигидан ғурурланишимиз керак. 

Бинобарин, шу кунларда қандай маросимда бўлиб, ким билан учрашмайлик, юртдошларимиз Президентимизнинг бундай ташаббусидан ниҳоятда мамнун эканликларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Отахону онахонлар, нуронийлар Шавкат Мирзиёевни  дуо қилиб, ҳамиша соғ-саломат бўлиб юришларини Аллоҳдан сўрамоқдалар. Уларнинг фикр-мулоҳазаларига, дил сўзларига қулоқ тутиб, кўнгил яйрайди. 

Шайх Саъдий айтадилар: “Бир гулни эъзозласанг, улкан боғ яратишдек савоб оласан”. Ниятимиз, мана шундай савобли амаллар кўпаяверсин, жонажон Ўзбекистонимиз ҳар томонлама тараққий топаверсин.

Анвар ТУРСУНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn