Адолат, эзгулик ва ҳаёт тараннуми
Адолат, эзгулик ва ҳаёт тараннуми Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи" олган сурат.
  • 09 Февраль 2018

Адолат, эзгулик ва ҳаёт тараннуми

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида, таълим муассасаларида, ҳарбий қисмларда улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар, маъанавий-маърифий кечалар, адабий-бадиий анжуманлар бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирларда истиқлол туфайли азалий қадриятларимиз тикланганлиги, диёримизда камол топган аллома ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини ўрганишга кенг йўл очилгани, бу эса ёшлар тарбиясида улкан аҳамият касб этаётгани таъкидланмоқда. 

Дарҳақиқат, бугун Алишер  Навоий шахсияти, асарларига бўлган эҳтиром тубдан юксалди. Юртимизда унинг номи билан аталувчи вилоят, ўнлаб маданий-маърифий муассасалар, ташкилотлар бор. Мустақиллигимизнинг дастлабки йили “Алишер Навоий йили” деб аталиши, пойтахтимизда қад ростлаган бобокалонимиз номидаги муҳташам боғ ана шу чуқур эҳтиром ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир, албатта. 

9 февраль куни Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 577 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этган анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов ва бошқалар бугун буюк аждодларимизнинг умрбоқий илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этдилар.  

Ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

—    Бугун буюк бобокалонимиз Алишер Навоий асарлари севиб ўқилаётгани, айниқса, ёшларимиз чин ихлос билан шоир ғазалларини ёд олаётгани қувонарлидир, — дейди тадбир иштирокчиси, Ўзбекистон миллий университети доценти А. Алимбеков.  — Зеро, унинг асарлари бутун башариятга дахлдор. Биз шундай улуғ инсоннинг ижодидан баҳраманд бўлаётганимиз учун беҳад миннатдормиз, бундан фахрланамиз. 

Тадбирда Алишер Навоий даҳосига бағишланган шеърлар ўқилди.

Иштирокчилар Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Улуғ бобомиз таваллуд топган кун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида ҳам илмий анжуман ўтказилди. Мазкур институт директори, филология фанлари дкотори, профессор Н. Маҳмудов, Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти, профессор Б. Абдуҳалимов, навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққулов ва бошқалар маънавий-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Алишер Навоийнинг бой меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. 

Анжуманда ўндан ортиқ олим ва адабиётшунослар, тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этди.   

Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида ҳам Алишер Навоий таваллудига бағишланган мушоира ҳам бўлиб ўтди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn