«...Навоийдан бошлар бахшилар созни»
  • 09 Февраль 2018

 «...Навоийдан бошлар бахшилар созни»

Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири, атоқли давлат ҳамда жамоат арбоби Алишер Навоий туркий халқлар маънавияти ва адабиётининг ардоқли сиймосидир. Шарқ халқлари адабиётлари вакилларидан кўпчилиги Навоий ижодидан, унинг юксак поэтик маҳоратидан таъсирланганликларини миннатдорлик билан эътироф этишган.

Атоқли туркман адабиётшунос олими, махтумқулишунос, академик Боймуҳаммад Гарриевнинг ёзишича, “Алишер Навоийнинг табаррук номи, асарлари ва бадиий образлари туркман халқи ўртасида ғоятда оммалашиб кетган. Навоий бизнинг юртда шу даражада ардоқли ва севимли сиймоки, биз унга ўз санъаткоримиз каби меҳрли муносабатда бўламиз. Ўйлайманки, Ўзбекистонда туркман мумтоз шоири Махтумқулига ҳам худди шундай самимий муносабатда бўладилар”.

Дарҳақиқат, асрлар давомида Навоий ва Махтумқули асарлари икки халқда дарслик вазифасини ўтаб келган. Хаттотлар, ихлосмандлар бу икки донишманд шоир асарларини кўчириб, девон ҳамда тўпламлар сифатида халққа етказишган. Турли даврларда навоийхонлик, махтумқулихонлик мушоиралари ташкил этилган. ХХ-XXI асрларда эса икки шоир ижодининг ўзаро ташвиқотлари, асарларининг нашрлари ва ўрганилиши ўзининг юксак тараққиёт даражасига кўтарилди.

Навоий ҳамда Махтумқули ижоди, ўзбек-туркман халқларининг маданий  алоқалари қалам аҳли томонидан ҳам ихлос билан эътироф қилиниб, талқин этиб келинмоқда.

Масалан, Туркманистон халқ шоири Қора Сейитлиев шундай ёзади:

Туркманнинг уйида мажлис очилса,

Навоийдан бошлар бахшилар созни.

Ўзбекнинг уйида маъно сочилса,

Фироғийдан бошлар донолар сўзни.

Махтумқули меросида Навоий ғазаллари ё рубоийлари таъсирида яратилган намуналар кўп. Шулардан бири “Тут” радифли ғазалдир.

Тахту жаҳинг кишвару мулки Искандар бўлди тут,

Хизр умри ҳам бу мулк узра муяссар бўлди тут,

— дейилади Алишер Навоийда. 

Мана, Махтумқулининг талқини:

Сувга, елга ҳукми ўтган Сулаймон,

Боқ, улардан на ном қолди, на нишон.

Ташна қолиб, жойинг бўлса чўлистон,

Дарё ичра ман Искандар бўлдим тут!

Мазкур лирик асарларда инсоний ғурур, қаноат, ор-номус ва мардлик, ахлоқ улуғланади.

Бундай адабий издошликнинг ёрқин мисоллари икки халқ маънавий-маърифий якдиллигининг, устоз-шогирдлик муносабатларининг ўзига хос кўриниши сифатида ҳам қимматлидир.

Алишер Навоий ва Махтумқули ижодида ғоявий-фалсафий муштарак жиҳатлар, миллий ҳамда умуминсоний масалаларга фаол муносабат кенг кўламда намоён бўлади. Саховат, қаноат, нафс, халққа ғамхўрлик, Ватанга, қадриятларга содиқлик, маънавий ва жисмоний соғломлик учун кураш каби жиҳатларда яқинлик кўзга ташланади.

Махтумқулининг ҳазрат Навоий даҳосига, ижодий кашфиётларига муносабати, муҳаббати айрича бўлиб, бу турфа ғоявий ва бадиий-шахсий кўринишларда намоён бўлади. Кўп ўринларда устоз номини эҳтиром билан эслаш, машҳур адабий қаҳрамонларига (Фарҳод, Ширин, Лайли ёки Мажнун каби) хос сифатларни қўллаш, мутафаккир асарларида илгари сурилган дўстлик, эзгулик, яхшилик, оқибат, вафо, муҳаббат каби ғоявий фазилатлар руҳида ижод қилиш йўналишларида бундай эҳтиром, Навоийнинг ўлмас анъаналарини ўз ижодида давом эттирган, шунинг билан бирга ўзига хос поэтик ифода усулида ижод қилиб, бизнинг ҳам атоқли ва севимли шоиримизга айлангани — ўзбек ҳамда туркман халқлари дўстлиги ва ҳамнафаслигининг ёрқин тимсоли сифатида ниҳоятда қадрлидир. 

Абдуғаффор ХОНОВ,

Ўзбекистон — Туркманистон дўстлик жамияти фаоли, адабиётшунос ва таржимон.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn