«...Бир мавж ила айлади мунаққаш»
  • 09 Февраль 2018

«...Бир мавж ила айлади мунаққаш»

Сўзнинг улуғлиги, сеҳру жозибаси, нозу назокати, қудрати ва муқаддаслиги ҳақида мутафаккирлар, алломалар бетакрор, пурмаъно фикр-мулоҳазаларни баён этишган. Уларнинг тавсифича, сўз мазлумнинг дуоси, золимнинг қаҳри, шоирнинг ҳикмати, олимнинг илми, йиқилганнинг халоскори, югурганнинг байроғи, бахтиёрнинг порлаган юлдузидир.

ўазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳам деярли барча асарида, хусусан, “Хамса”даги достонларида, “Назм ул-жавоҳир”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби бадиий ҳамда илмий асарларида сўзни таърифу тавсиф этган. Айниқса, “Лайли ва Мажнун” достонида сўз юксак пардаларда тараннум этилган. 

Шоир сўзга мурожаат қилар экан, уни мавжли денгизга ўхшатади ҳамда ердан тортиб осмонгача бўлган барча нарсалар калом-ла нақшланганини уқтиради:

Эй сўз, не бало ажаб гуҳарсен,

Гавҳар неки, баҳри мавжарсен.

Ул баҳрки, мунча нақши дилкаш,

Бир мавж ила айлади мунаққаш.

Ер қаърию токи чарх авжи,

Мажмуи анинг бурунғи мажи.

Яъни: “Гавҳар нимаси, мавж урган денгизсан! У денгиз бунча дилкаш нақшларни бир тўлқинланиш билан нақшлаб яратди. Ер қаъридан тортиб фалак юксаклигигача бўлган нарсаларнинг жами унинг аввалги мавжидир”.

Бу талқинлар, гарчи рамзий бўлса-да, сўзнинг илмий талқинларига муносиб. Одамнинг лисоний манзараси тилда, аввало, сўзлар воситасида ифодаланади. Сўзлар борлиқдаги мавжуд нарса-буюм, воқеа-ҳодиса, белги-хусусият ва ҳаракатнинг номларидир. Барча-барча нарсалар сўзлар воситасида инсон хотирасида яшайди. Бошқача айтганда, улар сўзлар асосида аталиши билан мавжудлик сари қадам қўяди. Сўз воситасида тилнинг бирламчи, яъни аташ вазифаси рўёбга чиқади. Инсон сўзлар воситасида оламни идрок этади. 

Ташбеҳу бадиий қиёслар асосида таъкидланганидек, сўз кўп қўлланилса-да, ўз маъно-моҳиятини йўқотмайди, балки сайқалланиб, маъно доираси кенгайиб, бойиб боради. 

Сўз қадр ва мурувватда денгиз ва осмонлардайин бениҳоя, лутфу баҳода эса соф гавҳар:

Ҳам қадру атода баҳру афлок,

Ҳам лутфу баҳода гавҳари пок.

Шоир сўзнинг ёзилишини хаттот томонидан қора ипакка гавҳар тизилишига қиёслайди:

Хама била улки сени сизди,

Гавҳарни қаро ипакка тизди.

Тил сўз зикри билан юксакликка эришган, тишлар эса унга инжу тасбеҳидир:

Тил зикринг ила чу топти таржиҳ,

Тишлар анга бўлди инжу тасбиҳ.

Алишер Навоийнинг сўз ҳақидаги бу талқинлари асоссиз эмас, шоирнинг турли жанрларда яратилган мазмунан бой, услубан бетакрор, бадиият бобида юксак асарлари бунинг ёрқин далилидир. Шоирнинг сўз бобидаги шеърий бандларини ҳеч муболағасиз, оҳангу тараннумига кўра, сўз ҳақидаги қўшиқ, мазмун-моҳиятига кўра, сўз ҳақидаги ҳикмат, дейиш мумкин. 

Улуғ мутафаккирнинг сўз ҳақидаги ҳикматли талқинлари бизни сўзга илоҳий неъмат, қудрат сифатида эъзоз ва эҳтиром билан муносабатда бўлишга ундайди.

Носиржон УЛУҚОВ,

филология фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn