Алишернинг онаси
  • 09 Февраль 2018

Алишернинг онаси

Бутун маданият ва маърифат оламида ҳанузгача Абу Саид Чангнинг қизи, Ғиёсиддин Баҳодирнинг севимли рафиқаси, ўз даврида танилиб улгурган шоирлар Мирсаид Кобулий, Муҳаммадали Ғарибийнинг фидойи опаси, улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг азиз оналари исмига қизиқиш йўқолгани йўқ.

Масалан, ёзувчи Миркарим Осим “Зулмат ичра нур” қиссасида берилган тарихий асосга йўғрилган бадиий чизгини келтирсак:  “Бир куни ўиёсиддин бешик қучоқлаб ўтирган хотинига:

— Алишер тўрт ёшга тўлиб, бешга қадам қўйди, ани мактабга берайлик, — деб қолди.

— Ҳали ёшлик қилмасмикин? — деди Алишернинг онаси киртайган, ҳорғин кўзларини кўтариб. Унинг эмизакли боласи Дарвешали жуда йиғлоқи бўлиб, тинка-мадорини қуритар эди.

— Бола ўткир зеҳнли, тез идрокли. Бекор юргандан кўра ҳарф ўргансин. Эрта шанбадан бошлаб Ҳусайн билан бирга мактаб борсин.

— Ихтиёр сизда...” 

Демак, “Ихтиёр сизда...”, дея меҳрибон она ҳадик билан рози бўлди ва кўнглида ўғли Алишернинг устозларидан олган сабоқларини вақтида назорат қилиб боришни, уй вазифаларини бажаришда диққатли бўлишни ният қилди. 

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоийнинг онаси “осмонни ерга туширган” деб эътироф этилган Улуғбек Мирзонинг онаси, малика Гавҳаршодбегимнинг маърифий йиғинларида иштирок этган, болалигида бу маънавий риштага кўп бора гувоҳ бўлган бола Алишернинг кейинчалик машҳур маликага “Вақфия” асарида “Маҳди улъё ва Билқиси узмо” деб юксак баҳо беришига, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида эса Ҳирот маданий, маърифий ҳаётига сезиларли ижобий таъсир кўрсатган “Гавҳаршодбегим” мадрасасини бир неча марта эсга олишига  сабаб бўлган, дейиш мумкин.

Навоий яшаган даврда хотин-қизларнинг бошига ўрайдиган рўмол турларидан бирининг номи “кўк ёғлуқ” бўлган. Алишер Навоий эса айнан ушбу “кўк ёғлуқ” рўмоли билан боғлиқ пейзажни “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Аввалғи ҳайрат” бобида ёзган: 

Гул ул ўюнға чу ҳавас кўргузуб,

Жайбидағи хурдаларин ўтқузуб.

Жола бинафшаға уруб тошини

Боғлаб кўк ёғлуқ ила бошини.

Навоий айнан “кўк ёғлуқ” рўмолини гўзал бир чизгиларда тилга олиши бир томондан, ҳасби ҳол характерида бўлса, иккинчи томондан ўқувчи учун ҳам ҳайратли, ҳам қизиқарли тарздаги лирик лавҳадир. Ҳасби ҳол дейишимизга сабаб, балки шоирнинг муҳтарама онаси шу сингари рўмолни ёқтирган ёки шоир қулоқ оғриғида боғлаган “кўк  ёғлуқ”  айнан онасидан  қолган  ёдгорликдир, деган  хулосага  келишимиз ҳам мумкин. Фикримиз исботи сифатида “Бобурнома”да Алишер Навоий ҳақида тарихий маълумотлардан бирида “... Алишербек қулоқ оғриғида ёғлуқ боғлағон учун хотунлар кўк ёғлуқни қийиқ боғлағонни “нози Алишерий” от қўйди”,  деб ёзилганини ўқишимиз мумкин.  

Алишер Навоий ўз асарларида яратган оналар сиймосида, оналар тилидан битилган дуо ва истакларида ўз волидасининг фазилату сифатларини, сўзларини бадиий талқин қилган бўлса, не ажаб! 

Қайд этиш керакки, улуғларимиз қаламидан “Алишернинг онаси” деб талқин қилинган тарихий ҳамда бадиий лавҳаларнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоийнинг онаси  у улуғ зотнинг биринчи маънавий устозлари ҳам бўлган. Биз ва дунё халқлари ўтмишда ҳам, бугун ҳам бу улуғ онага, бу улуғ устозга, бу улуғ кайвони аёлга, бу нурли нуқтага ихлос, ҳавас,  умид билан боқмоқда. Қадимий нақллардан бирида айтилишича, оламга ва олам аҳлига бобо-бувилари, ота-оналари томонидан катта яхшилик ўтган бўлса, Яратганнинг инояти билан шу авлоддан, шу хонадондан шоҳ, машҳур уламо, ижодкорлар етишиб чиқар экан. Қарангки, ушбу қадимий нақлга тушган машҳур ижодкорлар сафида Алишер Навоийнинг ҳам номи бор. Мазкур шону шарафда оналарининг дуоси, хизмати, яхшилиги туфайли абадиятга дахлдор зот бўлиб етишган Алишер Навоий ҳар биримизда ифтихор туйғусини уйғотади. 

Буробия РАЖАБОВА,

филология фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn