У бизнинг замондошимиз ва ҳамроҳимиздир
  • 09 Февраль 2018

У бизнинг замондошимиз ва ҳамроҳимиздир

Бугун мамлакатимизда ички ва ташқи сиёсатда олиб борилаётган оқилона ёндашув Навоий ғоялари ҳамда таълимотига уйғунлиги билан алоҳида қадрлидир. Жумладан, қўшни ва қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, борди-келди қилиш, кўп томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, бу борада ғовларни олиб ташлаш борасидаги азму шижоат бобокалонимизнинг бир умр орзу қилган мақсад ва муддаоларига ҳамоҳангки, бундан барчамиз ибрат олмоғимиз зарур.

Тарихий манбалардан маълумки, Алишер Навоий ҳеч қайси халқни бошқасидан афзал кўрмаган. Аксинча, барча миллат ва элат баробар, деб билган, барча халқларга катта муҳаббат ҳамда ҳурмат билан қараган. Улар орасида самимий дўстлик ва ҳамкорлик бўлишини астойдил истаган.

Халқ билан мулоқот, унинг бахт-саодати учун курашиш, орзу ва интилишларини амалга ошириш, куйлаш, халқлар дўстлигини тараннум этиш, ардоқлаш Навоий барча халқлар томонидан беҳад севилишига, асрлар мобайнида ўз асарлари билан номи ўчмаслигига сабаб бўлди.

Улуғ мутафаккир санъаткорнинг энг муҳим тарихий хизматларидан бири шундан иборатки, у зулмат ва разолат, жаҳолат ҳамда қабоҳат, хулқий бузуқлик ва маънавий тушкунлик кенг қанот ёйган даврда аҳволи ғоят аянчли бўлган, камситилган аёлларнинг самимий халоскори ҳамда дўсти, муҳофазачиси ва ғамгузори бўлди. Уларнинг қадр-қиммати ҳамда эркини топтаганларни, виждони, ор-номуси ва орзуларини поймол этганларни кескин танқид қилди.

Навоий аёлларни кўкларга кўтарди, уларни эркин ҳамда бахтиёр  кўришни орзу қилди. Шу йўлда курашди, шу билан ҳам ўз номини абадиятга муҳрлади. 

Бузруквор мутафаккир шоиримизнинг улкан орзулари бизнинг замонамиздагина амалга ошди.

Навоий томонидан яратилган юксак бадиият намуналари ифодаланган, ардоқланган энг илғор фикрлар, инсонпарварлик ва ватанпарварлик, софлик, вафодорлик ҳамда меҳнатсеварлик, халқпарварлик ва тинчликсеварлик каби юксак инсоний фазилатлар биз учун ғоят қимматлидир.

У шу билан ва шунинг учун улуғдир, шу билан ва шунинг учун бизнинг замондошимиз ҳамда ҳамроҳимиздир.

Суйима ҒАНИЕВА,

 

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дунё эъзозидаги мерос Алишернинг онаси »