Дунё эъзозидаги мерос
Дунё эъзозидаги мерос Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи" олган суратлар
  • 08 Февраль 2018

Дунё эъзозидаги мерос

Анжуман

 

Эзгулик ва ёвузликнинг азалий кураши янада кескинлашган, бугунги глобаллашув шароитида буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг замон ва макон билмас бадиий закосига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда. Зотан, беназир аждодимиз асарлари ҳаёт қомуси янглиғ башариятни ҳамиша тўғри йўлга бошлайди, эгри йўлнинг аянчли оқибатларидан сабоқ беради.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Алишер Навоий ва ХХI аср” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида бу алоҳида эътироф этилди.

Университет ректори Ш. Сирожиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч ва бошқалар умумбашарий ғояларни тарғиб этиш тобора долзарблик касб этаётган ХХI асрда Алишер Навоий ижоди маънавият, дид ва эътиқод фалсафаси сифатида алоҳида қадр ва эъзозга муносиблигини, уни тадқиқ ва тарғиб этиш энг муҳим талаблардан бири эканини таъкидладилар. Зеро, улуғ шоир асарлари нафақат ўзбек халқининг, балки бутун инсониятнинг маънавий меросидир.

Беназир аждодимизнинг пурҳикмат асарлари, сермазмун ҳаёт йўлини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўплами нашр этилиб, улар таълимнинг барча бўғинларида ўрганилмоқда. 

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши эса том маънода улуғ алломага эҳтиромнинг, миллатимиз маънавиятига эътиборнинг юксак ифодаси бўлди. 

Анжуманда 15 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Тадбир аввалида ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйилди. 

Шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этган анжуманда Алишер Навоийнинг адабий мероси ва таржимаи ҳоли, аллома ижодининг жаҳон тамаддунидаги ўрни, ўзбек тилшунослигининг шаклланишидаги аҳамияти, шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилиш ва ўқитиш масалари муҳокама қилинди.

— Она тилига муҳаббат, ватанпарварлик, адолатпарварлик, меҳр-оқибат туйғулари онгу шууримизга Навоий асарлари орқали сингиган, десак муболаға бўлмайди, — дейди филология фанлари номзоди Гулбаҳор Ашурова. — Ёшларимиз улуғ алломанинг тафаккур булоғидан сув ичиб улғайса, уларнинг маънавияти шунчалик юксалиб боради, жамиятимизда соғлом муҳит, эзгу инсоний фазилатлар барқарор бўлади.

Анжуманда Алишер Навоийнинг илмий меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Навоийнинг ижтимоий-фалсафий, адабий-эстетик ва диний дунёқараши, инсон тўғрисидаги фалсафий концепцияси, асарларидаги ҳуқуқий тушунчалар талқини, илмий меросининг хорижий мамлакатларда ўрганилишига доир маърузалар буюк бобомизнинг беназир тафаккур соҳиби бўлганининг яна бир ифодасидир.

— ХVIII-ХIХ асрларда француз шарқшунослари Навоийнинг баъзи асарларини таржима қилиб, ундаги инсонпарварлик ғояларини чуқур ўрганган, – дейди Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен Бийет де Вильмор. — Улар томонидан нашр этилган кўплаб илмий-адабий асарларда улуғ шоирнинг фан-маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси қайд этилган. Инсон борки, тили, миллати ва динидан қатъи назар, ҳаётдаги ўз ўрни, бурчи ва вазифалари ҳақидаги саволларга жавоб ахтаради. Ҳазрат Навоий ижоди – бу борада мангу маънавий булоқдир.

Мазкур анжуман буюк шоир ва мутафаккир бобомизнинг ижодий ва маънавий меросига оид тадқиқотлар таҳлили асносида мамлакатимиз дунё цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини, умумбашарий тасаввур ва тафаккур ривожида ўзбек халқининг салмоқли ҳиссаси борлигини яна бир бор намойиш этди.

 

Дилшод КАРИМОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи" олган суратлар

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn