Боннда ўзбекистонлик ошпазлар маҳорат сабоқлари ўтди 
  • 05 Декабрь 2017

Боннда ўзбекистонлик ошпазлар маҳорат сабоқлари ўтди 

Бонн халқ мактабида “Буюк Ипак йўли пазандачилик маҳорати — ўзбек таомлари” шиори остида Ўзбекистон миллий таомларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Франкфурт — Майндаги бош консуллиги томонидан Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти ва Бонн шаҳар маъмурияти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган.

Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Тақдимот таом тайёрлаш бўйича маҳорат дарси шаклида уюштирилди. Бонн халқ мактаби ошпазлик курсларининг қатнашчилари ўзбек миллий ошхонасининг ўзига хос хусусиятлари, таом пишириш бўйича халқ анъаналари, ўзбек пазандачилигида ишлатиладиган зираворлар билан бевосита танишдилар. 

Тадбир чоғида немис ошпазлари ва пазандачилик мухлислари ташкилотчилар билан биргаликда ўзбек димламаси ва шўрва тайёрлашди, сўнгра сомса ёпилди. Мухтасар қилиб айтганда, тақдимот қатнашчилари ўзбек таомларини тайёрлаш сирларини зўр иштиёқ билан ўрганишди.

Бонн халқ мактаби курсларининг раҳбари Марита Мёниг бу тадбирни “ўзбек моҳир ошпазларининг тавсиялари остида ўтказилган ажойиб пазандачилик оқшоми”, дея таърифлади.

— Бугунги машғулот жуда ҳам қизиқарли ва ўзига хос тарзда ташкил этилди, — деди у. — Ўзбек таомларининг ажойиб мазаси ва хушбўйлигидан баҳра олдик. Ўзбекистон таомлари муваффақият билан тақдим қилинди. Тадбир қатнашчилари бугун татиб кўришган таомларни тайёрлаш йўлларини пухта ўзлаштириб олишганига умид қиламиз.

— Биз, яъни халқ мактаби иштирокчилари келгуси йилда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилмоқчимиз, — Бонн халқ мактаби курсларининг қатнашчиси Роланд Кох. —  Турли-туман анънавий ўзбек миллий таомларини жойида таътиб кўриш ҳамда уларнинг тайёрланиши сир-асрорларини ўрганиш ниятидамиз.

Биз бугун Ўзбекистон ошпазлик санъатига ошно бўлиш юзасидан биринчи қадамни ташладик. Серқуёш ўзбеклар диёрига бўлажак сафаримизни интиқлик билан кутамиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn