Туркманистон Президенти китобининг тақдимоти ўтказилди
  • 01 Декабрь 2017

Туркманистон Президенти китобининг тақдимоти ўтказилди

 

30 ноябрь куни пойтахтимизда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон — Буюк Ипак йўлининг юраги” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шири Шириев ҳамда бошқалар икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги замон руҳида ривожланаётганини таъкидлади.

Ўтган йиллар давомида эришилган натижаларда бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим асос бўлмоқда.

Туркманистон Президентининг янги китоби “Жайҳун бўйлаб”, “Қадимги Марв”, “Сарахс ва Анау оралиғида”, “Нисадан Деҳистонгача”, “Қадимий Дашовуз ерларида” ҳамда “Мўъжизавий дунё” деб номланган олти бобдан иборат.

Ушбу асарда Буюк Ипак йўлининг ривожланиш тенденцияси, тарихий динамикаси ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги роли ҳамда халқлар ўртасидаги савдо алоқаларининг равнақи ҳақида батафсил маълумот берилган. Унинг яна бир ўзига хослиги шундаки, китобдаги маълумотлар Буюк Ипак йўлининг тарихи ва маданиятини илмий асосда ўрганадиганлар учун жуда муҳим қўлланмадир.

Китоб Туркманистон давлат нашриёти томонидан туркман, инглиз ҳамда рус тилларида чоп этилган.

Тадбир иштирокчилари ушбу асарда минтақамиз давлатларининг дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этдилар.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn