Кичик фильмларнинг катта тарбиявий аҳамияти
  • 01 Декабрь 2017

Кичик фильмларнинг катта тарбиявий аҳамияти

Пойтахтимизда ташкил этилган “PROlogue” — ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III фестивали якунланди.

Ушбу санъат анжуманининг дастури кенг қамровли экани билан барчада ёрқин таассурот қолдирди. Жумладан, унинг доирасида ўтказилган “Ёшлар ва кинематография” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда кинонинг навқирон авлод тарбиясидаги ўрни, ўзбек мультипликация санъатида янги ижодий жараёнлар, миллий кинематография равнақида театрнинг аҳамияти, фильм яратишда кинооператор маҳорати каби мавзуларда атрофлича фикр-мулоҳаза юритилди.

Маҳорат сабоқларида соҳа мутахассислари ёш кинорежиссёрлар, театр, кинорассомлик, киношунослик, фотография йўналишида изланаётган йигит-қизларга ўз тажрибалари ҳақида гапириб бердилар.

Фестиваль давомида ёш кинематографлар томонидан суратга олинган “Аквариум”, “У”, “Она”, “Пианино”, “Қимиз”, “Фиғон”, “Устунсиз уй” сингари 15 та қисқа метражли фильм намойиши бўлиб ўтди. Ватанпарварлик, эзгулик, меҳр-мурувват, аҳиллик ҳақидаги туйғулар содда ҳамда самимий ифода этилган лавҳалар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Ёшлар ижод саройида фестивалнинг ёпилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда “Энг яхши қисқа метражли фильм учун бош соврин”, “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши”, “Энг яхши актёр”, “Энг яхши актриса” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди. Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ. Қуронбоев иштирок этди.

Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn