Дўстлик боғининг таровати
Дўстлик боғининг таровати ЎзА сурати
  • 30 Ноябрь 2017

Дўстлик боғининг таровати

Бир пайтлар битта дарахт кўкартириш амримаҳол бўлган Мирзачўл ҳудудида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда сўлим боғлар барпо этилишига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Эндиликда ана шу орзулар рўёбга чиқмоқда.

Кеча “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиалидаги “Пенг Шенг” саноат мажмуасида “Ўзбекистон — Хитой дўстлик боғи”нинг тантанали очилиши бунинг яна бир исботи бўлди.

14,7 гектар майдонни эгаллаган мазкур маскан икки халқнинг меъморий анъаналарини ўзида мужассамлаштиргани билан эътиборга молик. Унга ташриф буюрувчилар шарқона усулда қурилган шийпонли йўлаклар бўйлаб сайр қилиб, ҳовуз атрофида ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Шунингдек, болажонлар учун аттракцион майдончаси ҳам ташкил этилган. Замонавий ўйингоҳ эса спорт машғулотлари ҳамда турли маданий тадбирларни ўтказишга хизмат қилади.

— Бу боғнинг очилиши туманимиз ёшларини беҳад қувонтирди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё тумани кенгаши раиси ўайрат Ҳусайинов. — Энди улар бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва турли қизиқарли тадбирларда қатнашиш имкониятига эга бўлдилар. Муҳими, дўстлик боғи навқирон -авлодни ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади.

Кўркам маскан атрофини қуршаган бинолар, замонавий мактабгача таълим муассасаси “Пенг-Шенг” корхонаси жамоаси аъзолари ҳамда маҳаллий аҳоли фарзандларининг таълим-тарбияси йўлида хизмат қилади. Бу ердаги ўқув марказида эса ёшлар турли йўналишларда билим ва малака оширишлари ҳамда хорижий тилларни ўрганишлари мумкин.

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе ҳамда мезбонларга ўзбек ва хитой мусиқалари янграган концерт дастури, икки халқ пазандалари томонидан тайёрланган турфа таомлар ҳамда ширинликлар жуда манзур бўлди. Дўстлик боғининг таровати қадимий Мирзачўлни файз-шукуҳга буркади.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ў. Мирзаев иштирок этди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn