Мақом санъати довруғи дунёга ёйилади
  • 30 Ноябрь 2017

Мақом санъати довруғи дунёга ёйилади

 

Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори санъат ҳамда маданият аҳлини беҳад қувонтирди. Негаки, ушбу ҳужжат асосида мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириб, амалиётга жорий этган ҳолда, хорижий ҳамкасблар билан ўзаро тажриба алмашиш кўзда тутилган. Айниқса, ўзбек мақом санъатини янада ривожлантириш, уни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиб келаётган мақомчилар, мақомшунос илмий-педагог олимлар ва мутахассислар фаолиятини моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши санъатнинг мазкур йўналишида хизмат қилаётганларга илҳому шижоат бағишлаши, шубҳасиз. 

Қуйида улардан айримларининг фикрлари билан танишинг.

Ҳасан РАЖАБИЙ,

Ўзбекистон Республикаси

халқ ҳофизи:

— Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорини оиламиз билан қайта-қайта ўқиб чиқиб, жуда таъсирландик. Кўнглимиз тоғдек юксалди.

Раҳматли отамиз Юнус Ражабий ўз умрини мақом санъатини тадқиқ ва тарғиб этишга бағишлади. Эсимда, уйимизга ҳофизлар, бастакорлар, шоиру ёзувчилар келса, ўзбек мақом санъати ҳақида тонготар суҳбатлар бўларди. Бу биз учун ўзига хос мактаб бўлган.

Энди ўйлаб кўрсам, ўша пайтларда мақомни қадрлашга интилиш бўлган-у, аммо бу хатти-ҳаракатни қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришнинг имкони мавжуд эмасди. Бугун эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан санъат оламида ном қозонган устозларнинг қадрланаётгани, уларнинг эъзозланиши, қолаверса, санъатимизни -юксалтириш учун улкан ғамхўрлик кўрсатилаётгани тарихий аҳамиятга эгадир.

Маҳмуд ТОЖИБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

халқ ҳофизи:

— Қарорда кўпчиликни анчадан буён ўйлантириб келаётган вазифаларнинг барчаси қамраб олингани кўнглимиздаги гап бўлди. Биласизми, устоз санъаткорларимиздан -шарқона наво “иси” келиб турган. Масалан, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Комилжон Отаниёзов, Ҳалима Носирова ижодига бир назар ташлайлик. Ҳар гал уларнинг хонишини эшитганимизда, қалбимизда ажиб ҳис-туйғулар куртак ёзади. Товушдаги дард, оҳанг, ранг-баранглик руҳиятимизга сингиб кетганини сезмай қоламиз. Мусиқанинг таъсири, сеҳри ана шундай қудратга эга. Шу маънода айтадиган бўлсак, бугун мумтоз санъатимизни чуқур ўрганиш, унинг нозик сир-асрорларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бизга ғурур бағишлайди.

Бундай ғамхўрлик, табиийки, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаб, эстетик диди ҳамда тафаккурини шакллантириш, халқимизнинг мақом санъатига бўлган ҳурматига муносиб бўлиш, улар орзиқиб кутаётган янги-янги “жавоҳир”ларни яратишга ундайди.

Абдуҳошим ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

халқ артисти:

— Санъатда иқтидорни юзага чиқариш, тоблашда турли кўрик-танловлар, анжуманлар, шу билан бир қаторда, соҳага йўналтирилган дарсликларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Қарорда ана шу жиҳатларга алоҳида урғу берилгани диққатга сазовор. Бинобарин, келгуси йилдан бошлаб мақом йўналишида фаол ижод қилаётган санъаткорларни рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши мақомчи” каби мукофотлар таъсис этилади. Қолаверса, юртимизнинг сўлим маскани — Шаҳрисабзда икки йилда бир маротаба нафақат республикамиз мақомчилари, балки хорижий давлатларнинг ҳам таниқли мусиқашунос олимлари, санъаткорлари иштирокида Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Бунда ёшларимиз чет элдаги тенгдошлари билан ижодий мулоқот қилиш баробарида, жаҳон классикасидан кенг баҳраманд бўлган ҳолда, уларни миллий мусиқамизнинг бетакрор садоларига ошно этадилар.

Буларнинг барчаси ўзбек мақом санъати довруғини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шу асосда халқимизнинг бой маданий меросидан нафақат ўзимиз, балки чет эллик меҳмону мутахассисларни баҳраманд этишга қаратилганлиги билан алоҳида қадрлидир.

Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn