«Навоийдан савод очдим...»
  • 30 Ноябрь 2017

«Навоийдан савод очдим...»

 

Қорақалпоғистон Республикасида шу минтақада таваллуд топган, адабиётга меҳр қўйиб, ўз халқининг мақол ва маталлари, лапар ҳамда достонларига ошно бўлиб улғайган мумтоз шоир Бердақ Қарғабой ўғли таваллудининг 190 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди.

Аввал овул мактабида, кейин ўша даврнинг йирик таълим масканларидан ҳисобланган Қорақум эшон мадрасасида сабоқ олган Бердақ Алишер Навоий, -Абдураҳмон Жомий, Фузулий, Абдулқодир Бедил, Фаридуддин Аттор сингари Шарқ мутафаккирлари ҳаёти ва ижодини астойдил ўрганиб, “Навоийдан савод очдим...” деган эди.

Шоирнинг Нукус шаҳридаги ҳайкали пойига, Чимбой туманидаги қабрига гулчамбарлар қўйилиб, ўқув муассасаларида илмий-амалий анжуман ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, тадбир доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида ҳам адабий кеча уюштирилди.

— Бердақдан бизга халқчил ғояларни ўзида акс эттирган ўндан зиёд достонлар, турли жанрларда битилган йигирма минг сатрдан иборат шеърий мерос қолган, — дейди филология фанлари доктори, профессор Қурбонбой Жаримбетов. — У умри давомида бор куч-ғайратини халққа бағишлаб, озод ҳаёт, дўстлик каби эзгу ғояларни тараннум этди. Шоирнинг “Яхшироқ”, “Халқ учун”, “Бўлган эмас”, “Менга бер”, “Излар эдим”, “Булбул” каби шеърлари ана шундан дарак беради.

Тадбир якунида “Бердақ” спектакли намойиш этилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn