Рағбат илҳом бахш этади
  • 28 Ноябрь 2017

Рағбат илҳом бахш этади

 

Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 3 август куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда адабиёт, санъат, театр ва бошқа йўналишлар қатори кино соҳаси хусусида тўхталиб, бу борада долзарб масалаларни тилга олган эди.

Айни пайтда замонамиз қаҳрамонлари сиймосини яратиш, жаҳонга машҳур алломалар, саркардаларимиз ҳақида тарихий фильмларни суратга олиш фурсати етганини, бунинг учун эса давлат томонидан барча шарт-шароит яратиб берилишини ҳам таъкидлаганди. Ушбу учрашувдан ҳеч қанча фурсат ўтмай, яъни 7 август куни Президентимизнинг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаши соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг “Қорақалпоқкино” агентлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари учун биттадан “Дамас” русумли автомашиналар ажратилди. 2017 йил 25 ноябрь куни ушбу автомашиналарни -тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат арбоблари, “Ўзавтосанот” АК, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда агентликнинг ҳудудий бўлимлари вакиллари иштирок этган тадбирда юртимизда кейинги вақтларда миллий кинематографияни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги фаолиятида намоён бўлаётган ижобий таъсири ҳақида фикр билдирдилар.

Дарҳақиқат, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга асосланиб, халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш, “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги марказий аппарати, “Қорақалпоқкино” агентлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бўлимлари ва “Республика кинофонди” давлат унитар корхонасининг тузилмалари янгитдан ишлаб чиқилди.

Давлат буюртмасига асосан, миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари режасига кўра 2018 йилда 20 та бадиий фильм, 40 қисмдан иборат 20 та ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув-услубий фильм, киносолномалар, киножурналлар, 15 та мультипликацион фильмни ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ушбу фильмларни жаҳон бозорига чиқариш ҳамда фестивалларда намойиш этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш, миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, реставрациялаш ҳамда замонавий форматга ўтказиш ишлари эса бошлаб юборилган.

2017 — 2019 йилларда республика ҳудудларида замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш, бунда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш, майдонларида замонавий кинозаллар ва савдо-кўнгилочар объектлари бўлган кино-театрларнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кинофильмларнинг ғоявий-бадиий савияси, мазмун-моҳияти ҳамда профессионал даражасини ошириш мақсадида соҳа намояндалари, тажрибали етук мутахассислардан иборат Бадиий кенгашнинг янги таркиби шакллантирилди.

“Қорақалпоқкино” агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимларида 4 тадан қўшимча штат бирликлари ташкил қилинмоқда. Бундан ташқари, фильмларнинг ягона репертуар сиёсатини олиб бориш мақсадида Республика бўйлаб кино прокати концепцияси ишлаб чиқилаяпти.

Тадбир давомида янги автомашинани қабул қилиб олганлар эътибор ҳамда ғамхўрлик учун ўз миннатдорликларини билдирдилар.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn