Қисқа метражли фильмлар фестивали
  • 27 Ноябрь 2017

Қисқа метражли фильмлар фестивали

 

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “PROlogue” — ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III республика фестивали бошланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ. Қуронбоев, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Ф. Зокиров ва бошқалар навқирон авлод тарбиясида кинонинг таъсири муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, давлат томонидан соҳа ривожи учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётганини эътироф этишди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган ушбу фестиваль доирасида дастлаб ташриф буюрувчилар эътиборига “Орамиздаги афсоналар” фотокўргазмаси тақдим этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси халқ артистлари Турғун Азизов, Рихси Иброҳимова, Гулчеҳра Жамилова, Ражаб Адашев сингари кино ҳамда театр актёрлари, таниқли кинорежиссёрларнинг портретлари намойишга қўйилди.

30 ноябрь куни якунига етадиган ушбу санъат анжуманининг илк кунида иштирокчилар ёш ижодкорлар томонидан суратга олинган “У”, “Нажот”, “Ички ҳакам”, “Устунсиз уй” каби қисқа метражли фильмларни томоша қилишди. Шунингдек, қатнашчилар таниқли режиссёр Али Ҳамроевнинг маҳорат сабоқларидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

Тақдим этилган фильмлар “Энг яхши қисқа метражли фильм учун бош соврин”, “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши”, “Энг яхши актёр”, “Энг яхши актриса” каби йўналишларда рағбатлантирилади.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn