Миллий санъатимиз жилоси хорижликларни мафтун этмоқда
  • 24 Ноябрь 2017

Миллий санъатимиз жилоси хорижликларни мафтун этмоқда

Хорижда ўтаётган кўргазмалардан бирида франциялик халқ амалий санъати ихлосмандлари мис патнисга узоқ қараб қолишди. Қадимий Бухоро тасвири акс этган бу буюм нафислиги, тиниқлиги, жозибаси билан оҳанрабодай ўзига тортарди.

Шунда томошабинлардан бири беихтиёр “Жуда жонли чиқибди. Ўзимни худди Бухорода юргандек ҳис қилдим”, деб юборди. Уста шаънига олқишлар ёғилди.

— Ҳар сафар миллий санъатимизни чет элликларга кўрсатиб бера олганимдан ғурурланиб кетаман, — дейди кандакор Шавкат ўуломов. — Чунки давлатимиз биз, ҳунармандларнинг эмин-эркин ишлашимиз, дунёнинг энг нуфузли кўргазмаларида иштирок этишимиз учун барча зарур шарт-шароитни яратиб бермоқда. Мана, Президентимиз томонидан 17 ноябрь куни имзоланган “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни олайлик. Ушбу ҳужжатда биз, соҳа вакилларига қанчадан-қанча имтиёзлар кўзда тутилибди. Ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгиланибди. Ўзимга келсак, ҳунар этагидан тутиб асло кам бўлаётганим йўқ. Кандакорлик ортидан дунё кездим. Эл-юртда обрў-эътибор қозондим. Шогирдларим кўп.

Кандакорлик — сермашаққат ҳунар. Қунт, сабр-тоқат, идрок, билим, зийраклик, қатъият, нозик дид, эпчил қўл, маҳорат, теран мушоҳада — буларнинг барчаси занжирдек бирлашсагина, чинакам халқ амалий санъати намунаси яратилади. Мавзу дейсизми?! Мавзуни Шавкатжон шундоқ ён-атрофидан олади. Кўҳна Бухоронинг қадимий обидалари — мадрасаю масжидлар, карвонсаройлар, савдо тоқлари, миноралар ҳунарманд учун туганмас илҳом манбаи. Уста қўлидан чиққан мис лаган, товоқ, сандиқча ҳамда турли ўлчамдаги совғабоп қутичаларни кўздан кечириб, бунга яна бир карра амин бўласиз. Заргарона зеб берилган мазкур буюмларнинг аксарияти жаҳоннинг бир қатор давлатларидаги музейлар ва шахсий коллекциялардан ўрин олган.

Устанинг мис кандакорлигида ўз йўлини топишга бўлган интилишлари изсиз қолмаётганига доир яна бир-икки далил. Шавкат ўуломов 2014 йили “Ташаббус” кўрик-танлови республика босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Ҳиндистон, Хитой, Туркманистон каби мамлакатларда ташкил этилган кўргазмаларда қатнашди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Заргарона меҳнат шу тариқа мева бермоқда.

...Бундан чамаси 35 йил аввал Шавкатжон отаси Муртазо акадан кандакорликнинг “алифбо”сини ўрганган, кейин уста Миржон Аҳмедовга шогирд тушганди. Фалакнинг гардишини қарангки, бугун ўғли Шуҳратжон ёнида. Фарзанди, ўнга яқин шогирдлари ундан кандакорлик сир-асрорини ўзлаштираяпти. Бу Бухоро халқ амалий санъати, жумладан, кандакорлик мактаби вакиллари сони янада кўпаяётганидан далолатдир.

“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлимидан олинган бир маълумот эътиборимизни тортди. Бундан ўн йил олдин уюшма эндигина фаолият бошлаган кезларда унинг аъзолари сони 200 нафарни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб улар 1200 нафардан ортибди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn